Кексаликда фақат ўтган умримизни эслаб ўтирсак керак, деб ўйлаймиз. Аммо ким учундир бу давр чинакам ихтиролар, янгиликларга тўлади ва ҳаёт ўзгаради. Бу ҳақда 70 ёшидан ошиб фотомоделга айланган пенсионерлар Ольга ва Виктор сўзлайди. Улар Омск шаҳрида ижод қиладиган дизайнер Игорь Гаварнинг “Oldushka” лойиҳасида ишлашади. Лойиҳанинг мақсади кекса ёшдаги инсонларнинг ўзига берадиган баҳосини ошириш, қолаверса, жамиятнинг қарияларга бўлган муносабатини ўзгартиришдан иборат.
«Ўлаётганда ҳам ҳали ҳаммаси олдинда десам керак»
Ольга Кондрашова, биолог
Энг қизиқ ишим 70 ёшдан кейин бошланди. Унга қадар майда лойиҳаларда оммавий саҳналарда иштирок этиб юрардим. Москвага кўчиб келгач, Игорь Гавар билан танишдиму ҳаётим буткул ўзгарди. Унинг моделлар агентлигида ишлай бошладим, илк сьёмкаларим
«Афиша» журнали учун бўлган. Ростини айтсам, биринчи суратларимни кўргандима, уялиб кетганман. Одамлар мендай қари одамга қандай қилиб завқланиб қарайди, деб ўйлаганман. Лекин бир ҳафта ўтиб, бу фикрдан асар ҳам қолмади ва мен моделлигим учун фахрланишга ўтдим. Болаликдан рақсга тушишни яхши кўраман, шу ёшимга қарамай, йогага бораман. Мусиқасиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман. Қизиғи, сьёмка майдонида атайлаб мусиқа қўйдираман. Шунда ҳаракатларим жонли бўлади ва суратлар ҳам табиий чиқади. Тарихий либосларни яхши кўраман.
Қалбим ҳали ёш. Бекатда туриб ҳам бемалол рақсга тушишим мумкин. Мен на ёшимдан, на ташқи кўринишимдан уяламан. Таомларда ҳам ўзимни чекламайман, истаганимни ейман ва кўп ҳаракат қиламан. Яқинда менда диабет касаллигини аниқлашди. Бошида тушкунликка тушдим, ҳаётим тугади, деб ўйладим. Лекин яқинларим ва «Олдушка» лойиҳаси сабаб яна яшашга бўлган иштиёқим ошди. Ўзим тенги инсонларга ҳам уйда ўтириб қолмасликни маслаҳат бераман. Кўчага чиқинг, мулоқот қилинг, ўзингизга қаранг. Ҳаётингизда маъно бўлса, кексалик ҳам қийин ўтмайди. Мен ҳаётда уйғунликка эришмоқчиман. Камчиликларимни биламан ва уларнинг устидан ишлашга ҳаракат қиламан. Ҳаётим ҳали олдинда!
«Ижоддан тўхтамайман»
Виктор Сосновцев, уста рассом
Ишим роса қизиқ. Мусиқали асбобларни ясаб, кўчада сотаман. Ким сўраса, мебалол мусиқа чалиб бераман. Бутун умрим ҳаракатдан иборат. Ҳеч қачон бекор ўтирмаганман. Психология, технология, тасвирий санъатни ўрганганман. Пенсияга чиқдим, энди ишсиз ўтиришим керак, демаганман. Аксинча, кун сайин салоҳиятим ортиб боряпти. Нима билан шуғулланишимдан қатъий назар, менга ижодий жараён муҳим. Ҳар гал ниманидир кашф қилиш жуда завқли.
1942 йили қатағон қилинган жамоа ичида туғилганман. Жамоамизда жуда ақлли инсонлар кўп эди. Устозларимдан кўп нарсани, шу жумладан рассомчиликни ўрганганман. Менга меҳнати сингган барча яхши инсонлар ёдимда қолган. Ўзим ҳам иложи борича яхшилик қилишга интиламан. Ҳар бир одамда фақат яхшиликни кўра билиш керак. Ўқишни яхши кўраман. Шогирдликка тушмоқчи бўлиб келишади. Улар учун бағрим очиқ. Илгари ясаётган нарсаларимга ўйинчоқ деб қарардим, лекин энди жиддий қабул қиламан, улар қалбим учун озуқа. Атрофдагиларнинг барчаси ҳам биз кексаларни тўғри тушунавермайди, шунинг учун ўз истакларимизни тўғри тушунтиришни билишимиз керак. Эрталаб уйдан чиқишим бироз қийин бўлади, гоҳида уйқуга тортади. Лекин ирода топиб кўчага отилиб чиққанимдан кейин, куни билан куч-қувватга тўлиб юраман. Ҳатто тунда ҳам илҳом келади. Энг муҳими, инсонларнинг сенга бўлган миннатдорлигини ҳис этиш. Бу бахт. Ҳар хил вируслар, салбий ахборотлардан миямизни тозалаб туришимиз керак. Ҳаётда чекиниш керак эмас. Ишлашда давом этинг. Руҳингизни туширманг, шунда касалликлар ҳам чекинади. Агар таслим бўлсангиз, ҳаммасини йўқотдим деяверинг. Аввал ўтирасиз, кейин ётасиз, ундан кейин эса бошқа туролмайсиз… Шунинг учун ҳаётдан завқ олиб яшашда давом этинг. Нажот эса ҳаракатда.
Манба: https://www.psychologies.ru/story/vyisokiy-vozrast-modeli-70-o-svoih-otkryitiyah-garmonii-i-smyisle-jizni/