Бокиралик тести – аёл ёки қизнинг жинсий алоқада бўлган-бўлмаганлигини аниқлайди деган тушунчалар остида ўтказиладиган гинекологик текширув бўлиб, у аллақачон тугатилиши керак, дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари, БМТ Аёллар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ).
БМТ хотин-қизларга қилинадиган ушбу зўравонликни глобал равишда ҳамма ерда чеклашга ундаб, тест жараёни тиббиёт нуқтаи назаридан кераксиз бўлиб, кўпинча оғриқли, камситувчи ҳамда руҳий жароҳатлар билан кечиши боис, унга чек қўйилиши лозимлигини назарда тутади.
Бокиралик тестини ўтказиш узоқ тарихга бориб тақалиб, дунёнинг кўплаб минтақаларида тарқалган ва камида 20 та давлат ушбу тестни ўтказувчи давлатлар сирасига киради дея расмий рўйхатга олинган. Хотин-қизлар турли сабабларга кўра бокиралик текширувидан ўтказилади ва кўп ҳолларда мажбурланади. Буларга ота-оналар ёки потенциал партнерларнинг никоҳ ҳуқуқини белгилаш тўғрисидаги сўровлари ёки иш берувчиларнинг ишга жойлашиш ҳуқуқини бериш ҳақидаги сўровлари киради. Тест жараёни кўпинча шифокорлар, полиция ходимлари, жамоат раҳбарлари ва хатто тиббиётдан умуман хабари йўқ инсонлар томонидан ўтказилиб, улар хотин-қизлларнинг иффати, шаъни ёки ижтимоий ўрнини белгилаб берадилар. Баъзи бир ҳудудларда жинсий зўравонлик ҳақиқатда бўлган, бўлмаганлигини аниқлаш мақсадида бокиралик тестидан ўтиш одатий ҳол сирасига кирган.
Бокиралик тести одатда, қизлик пардасининг ҳолати, унинг ҳажмини аниқлаш мақсадида аёллар жинсий аъзосига бармоқ киргазиб кўриш орқали аниқланади(«Икки бармоқ тести«). Ушбу усуллар аёл жинсий аъзоларининг кўриниши қиз ёки аёлнинг жинсий фаолият тарихини кўрсатиши мумкин деган ишонч остида қўлланилади. ЖССТ таъкидлашича, ушбу усуллар аёл ёки қизнинг жинсий алоқада бўлган ёки бўлмаганлигини исботлай оладиган ҳеч қандай далилларга эга эмас.
Аёлларнинг «бокиралигига» урғу бериш гендер камситишнинг бир кўринишидир.
«Бокиралик» атамаси тиббий ёки илмий атама эмас. Аксинча, «бокиралик» тушунчаси ижтимоий, маданий ва диний конструкция бўлиб, у аёллар ва қизларга нисбатан гендер камситишларини акс эттиради.
Қизлар ва аёлларнинг «бокира»лиги (яъни, жинсий алоқада бўлмаслиги) ижтимоий қараш аёлларнинг жинсий ҳаёти никоҳгача чекланиши кераклиги ҳақидаги стереотипларга асосланган. Бу тушунча бутун дунё қиз ва аёлларига зарарлидир.
Бокиралик тестининг соғлиққа таъсири
Ушбу текширувлар нафақат хотин-қизларнинг инсон ҳуқуқларининг бузилиши, балки зўрлаш ҳолатларида қўшимча оғриқлар келтириб чиқариши ва жинсий зўравонликнинг асл ҳаракатига тақлид қилиши, қайта бошдан кечириши, қайта жароҳатланиши ва такрор қурбон бўлишига олиб келиши мумкин. Ушбу қисқа жараён натижасида кўплаб қиз-аёллар руҳий, жисмоний ҳамда ижтимоий тарафдан йиллар мобайнида азоб чекадилар. Бу ўз ичига стресс, депрессия ва посттравматик стрессни қамраб олади. Экстремал ҳолатларда бокиралик тести оқибатида қиз ва аёллар суицидга қўл уришлари ёки «ор –номус« дея яқинлари томонидан ўлдирилишлари ҳам мавжуд.
Тиббий жиҳатдан кераксиз ва зарарли бўлган ушбу тестни ўтказиш бир қанча инсон ҳуқуқлари ва ахлоқий меъёрларни, шу жумладан тиббиётдаги «зарар бермаслик» тамойилини бузади. ЖССТ ушбу тестни ҳеч қандай шароитда ўтказмасликни тавсия қилади.
Ҳукуматлар, соғлиқни сақлаш мутахассислари ва жамоалар амалиётни йўқ қилиш учун бирдамликда ҳаракат қилишлари керак.
Ушбу тестни хотин-қизларга ўтказишнинг зарарли таъсири, унинг илмий асосга эга эмаслиги ва ундан фойдаланишни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида соғлиқни сақлаш мутахассислари ва жамоалар ўртасида хабардорликни ҳамда маданиятни ошириш зарур. Баъзи ҳукуматлар бокираликни текширишни тақиқлаган ва текширув ўтказганларни жиноий жавобгарликка тортиш учун қонунлар қабул қилган. Шунингдек, кўпгина профессионал соғлиқни сақлаш ассоциациялари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу амалиётни ноилмий, аёллар ва қизлар ҳуқуқларининг бузилиши сифатида қоралайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари, БМТ Аёллари ва ЖССТ бокираликни тестини тўхтатиш ва барча аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари таъминланиши мажбуриятини олади.
Қуйидагилар бокиралик тести ўтказиладиган шароитларда уларни бартараф этиш учун тавсия этилган стратегиялардир:
-Соғлиқни сақлаш мутахассислари ва уларнинг касбий уюшмалари бокиралик текширилишининг илмий аҳамияти йўқлигини ва ўтмишдаги вагинал алоқани аниқлай олмаслигини билишлари керак.
-Улар, шунингдек, бокираликни текширишнинг соғлиқ ва инсон ҳуқуқлари учун салбий оқибатларини билишлари керак ва ҳеч қачон бу амалиётни бажармасликлари ёки қўллаб-қувватламасликлари керак.
-Ҳукуматлар бокиралик тестини тақиқловчи қонунларни қабул қилишлари ва амалга оширишлари керак.
-Жамиятлар ва бошқа манфаатдор томонлар бокиралик ҳақидаги афсоналарга чек қўйиб, уларнинг зарарли омиллари ҳақида тарғибот ишларини олиб боришлари, қиз-аёлларнинг жинсий ҳаёти ва танаси ўзларигагина тегишли эканлигини тушунишлари лозим.
Малика Латифжанова таржимаси