Қарилик ҳақида кўпчилигимиз деярли бир хил фикрлаймиз. Ана шу фикрларимиз ичида эса биз ишониб қолган уйдирмалар ҳам бор. Бугун ана шундай нотўғри тушунчаларни кўриб чиқамиз.
1. Қариликдан қочиб қутулиб бўлмайди
Тўғри, кексаликка ҳамма дуч келади. Лекин ёш, асло ташхис эмас. Асосий масала, мана шу ёшга қандай муносабат билдиришимизда. Шундай ёшларни учратиш мумкин, дунёқараши билан қариялардан бадтар ҳаёт кечиради. Аммо мўйсафид бўлиб ҳам, қалб ёшлигини сақлаб қолиш мумкин.
2. Қарияларга бир нарсани уқтириш қийин
Аслида бу фикрни бизга жамият сингдирган. Буви ва боболаримиз орасида ёшлар билан ҳамнафас, елкама-елка яшаб юрган инсонлар ҳам йўқ эмас. Улар ҳаракатдан тўхтаб қолмаган, саёҳатларга тайёр, ёшларни руҳлантиришдан чарчамайди.
3. Ҳаёт тарзи бир хил бўлиб қолади
Қарияларнинг ҳаёти зерикарли бўлади, дейдиганлар адашади. Қолаверса, қариликда ҳаракатлар тўхтайди, деб ҳисоблаш ҳам нотўғри. Ҳар бир кекса одамнинг ўз мақсади ва интилишлари бор. Уларнинг орасида спортсевар чаққонлари ҳам топилади.
4. Ҳамма қаришдан қўрқади
Ёшдан қатъий назар, барчамиз қўрқувларимизга қарши курашишимиз керак. Ўзгартиришнинг иложиси бўлганларни ўзгартириб, қолганларини қабул қилиш лозим. Нимадан қўрқсанг, шу рўй беради, деган ибора бежиз айтилмаган. Шунинг учун фикр, ният, қўрқувларда эхтиёт бўлиш керак. Кексаликдан қўрқаяпсизми, соғлиғингизга жиддий эътибор беринг, кўнгилни қаритманг, кайфиятингизни кўтариб юринг. Шунда инсульт, инфаркт каби касалликларнинг олди олинади.
5. Мия фаолияти сусайиб, хотира пасайишига олиб келади
Кексалик – бу албатта ёмон хотира, ақли пастлик ва касаллик дегани эмас. Тўғри, хотира ва мия билан боғлиқ касалликлар 70 ёшдан катта инсонларда кўп учрайди. Аммо бу асло қарилик оқибатида эмас, балки олдинги касалликлар, турмуш тарзи каби сабаблар туфайли юз беради. Ушбу касалликлар ҳақида умуман ўйламанг, кўпроқ ўқинг, кроссворд, масалаларни ечинг, йога билан шуғулланинг, фаол ҳаёт кечиринг. Қарилик ва касалликлар ҳақидаги фикрларга ортиқча вақт сарфламанг.
6. Иммунитет пасаяди, одам сўлиб боради
Кексаликда организмдаги барча жараёнлар секинлашади, шунинг ҳисобига янги вируслар олдида заиф бўлади. Аммо бу билан мутлақо ҳимоя тизими ишламайди дегани эмас. Қанчалик ёшимиз каттараверса, атрофдаги ёт таъсирларга нисбатан ҳимоямиз кучайиб бораверади.
Манба: https://www.psychologies.ru/articles/7-mifov-o-starenii/