Оилани сақлаб қолиш мақсадида одамлар турли маслаҳатларни беришади. Гарчи бу тавсиялар асрлар оша келган бўлсада ёки энг оммабоп бўлиб кўринсада, ҳар доим ҳам 100 фоизлик нишонга ура олмаслиги мумкин. Бу фикр 40 йил давомида оилавий жуфтликлар билан ишлаган психология бўйича профессор Жон Готтманга тегишли.
👉1-уйдирма: муштарак манфаатлар яқинлаштиради
Танишув сайтлари ва иловалари бўлғуси жуфтликларни жалб қилиш мақсадида фойдаланувчилардан қизиқишлари ҳақида ёзиб қолдиришни сўрайди. Баъзи бир манбалар фақат умумий хоббиларга қараб жуфт топишга ҳаракат қилади. Масалан, Pew Research Center сўровномасида иштирок этган 64% респондентлар умумий қизиқишлар муҳим, деган фикрни билдирган.
Аслида эса никоҳ мустаҳкамлигини умумий қизиқишлар эмас, балки жуфтликлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик кўпроқ таъминлайди. Агар умумий машғулотларда жуфтликлар келиша олмай турса, ҳар қандай муштарак хоббилар вазиятни яхши томонга ўзгартира олмайди. Келгусида ажримга олиб келиши мумкин бўлган муносабатга танқид қилиш киради. Соғлом муносабатларда битта салбий зиддиятга 20 та ижобий муносабат тўғри келиши керак.
👉2-уйдирма: зиддиятни тезроқ бартараф қилинг
Бу маслаҳат ҳам оилавий муносабатларни тиклашда энг кўп бериладиган тавсиялардан. Лекин тадқиқотларга кўра, никоҳда такрорланаётган муммоларнинг учдан икки қисми шошилинчда самарали ҳал бўлмайди. Оилавий низо вақтида инсонлар юқори психологик стрессни ҳис этади: уларда юрак уриши тезлашади, тер чиқиши кучаяди, қонда кортизол моддаси ортади. Бундай вазиятда жуфтликлар одил муҳокамани олиб боролмайди. Ўказилган тадқиқотлардан бирида, можарони қоқ ўртасидан бўлиб, уришиб қолган эр-хотинга ҳам китоб ўқиш таклиф қилинди. Бироз танаффусдан сўнг зиддият бироз камайиб, муаммо бошқача ҳал этилди.
Демак, маълум бир вақтдан сўнг аёл ва эркак жаҳлидан тушди, улар тинчланди ва бир-бирига нисбатан кескин норозилиги пасайди. Ухлашдан олдин уришиб ётган бўлсангиз ҳам, тонгни кутинг. Эрталаб миянгиз бошқача ишлайди ва сиз тезроқ ярашиш йўлини топасиз.
👉3-уйдирма: оиладаги сирни кўчага олиб чиқма
Тўғри, оиладаги муносабатлар ошкор этилмайди, уларни очиқчасига айтиш одобдан эмас. Бундай иш қилган одамга ёмон кўз билан қараш жамиятимизда қабул қилинган. Аммо баъзи бир инсонларнинг шикоятлари чиндан ҳам ортга суриб бўлмас даражада бўлиши мумкин. Юқоридаги маслаҳат туфайли эса улар сукут сақлашга мажбур бўлади. Одатда ёш оилалар муаммоларини бировга айтавермайди. “Энди оила қурган бўлсангиз, сизда муаммо нима қилади” ёки “ҳали ёшсиз, келишиб кетасиз” деган гапларни эшитишини билиб, яхшиси индамасликни афзал кўришади. Аслида бундай дунёқараш чиндан ҳам кўмак зарур вақтларда жуда панд беради.
Ваҳоланки вақтида бартараф этилган муаммо кейинчалик катта зиддиятга айланмайди. Шунинг учун агар жуфтлик муаммони ўзи ҳал қила олмаса, албатта ёрдам учун мурожаат қилиши керак. Мутахассисларнинг айтишича, кўпгина ажримлар оилавий ҳаётнинг илк етти йилида рўй беради.
👉4-уйдирма: ҳиёнат — ажримнинг асосий сабаби
Ҳиёнат барча муносабатлар учун жароҳат берувчи ҳаракат. Тўғри, ҳиёнат ишончга путур етказади, никоҳнинг барбод бўлишига сабаб бўлади. Лекин у ажримнинг ягона сабаби ҳисобланмайди. Демак, жуфтликда ҳиёнатга олиб келган муаммолар анча олдин пайдо бўлган. 80% ажралган жуфтликлар ажримнинг илк сабаби сифатида муносабатларнинг совиши ва бир-биридан узоқлашиб кетишни кўрсатади. Психологларнинг айтишича, жуфтликлардан бири кўнгилҳушликни истаб эмас, биринчи навбатда ёлғизликдан ҳиёнатга қадам босади.
https://www.psychologies.ru/articles/chetyire-mifa-o-tom-kak-sohranit-brak/ асосида тайёрланди