Биз одатий қоидалар бўйича яшашимиз ва оқим бўйлаб сузишимизни кўп ҳам сезавермаймиз, табиийки бу ҳолатни ўзгартиришга ҳаракат ҳам қилмаймиз. Лекин буни англай олсак, демак ўзгаришлар сари илк қадамни ташлаган бўламиз. Хўш, қандай одатлар бизга бахтли бўлишга тўсқинлик қилади?
- Беҳуда шикоят қилаверманг
Шикоят қилишнинг нимаси ёмон дейишингиз мумкин: биз асабийлашганда, кимгадир дардимизни тўкиб енгиллашамиз, кўз ёш тўкканимизда бор ғуборларимиз чиқиб кетади ёки ёлғизликда бақириб, салбий қувватимизни чиқариб юборамиз. Бир ўйлаб кўринг, барибир чораси топилмайдиган масалалар ҳақида пост ёки твит ёзишнинг нима кераги бор? Бундан маъно нима?
Яхшиси, ўзгартиришга кўзингиз етадиган муаммога диққатни қаратинг, ҳеч бўлмаса ҳаётнинг баъзи жабҳаларини назоратга оласиз, бу эса психик саломатлик учун фойдали.
- Омад қушини кутиб яшаш
Бу кетишда узоқ кутишингизга тўғри келиши мумкин. Бутун умр қўл қовуштириб, ҳумо қушини пойлаб ўтиролмайсизку ахир. Зотан сиз “ўз бахтингиз яратувчисисиз”. Орзуингиздаги иш осмондан тушиб қолмайди, балки бу иш ўрнини ўзингиз яратишингизга тўғри келар. Ким билади, кейинчалик бутун бир компания қўл остингизда ишлар, шу тарзда орзу қилишдан асло қўрқманг.
- Ҳаммасини “тўғри” бажариш керак
Элеонора Рузвельт шундай деган: «Бегоналар сиз ҳақингизда деярли эсламаслигини билганингизда эди, мен ҳақимда нима дейишаркан, деган иборани умуман қўлламас эдингиз», — ва айнан ушбу фикрни миянгиздан чиқарманг. Ҳаммани бирданига бахтли қилиб бўлмайди, бундай қилиш шарт ҳам эмас.
Қанчалик ҳаракат қилманг, кимдир барибир норози бўлади (чунки уларга ёқмаслигингиз мумкин, бунга қарши ҳеч нима қила олмайсиз). Шундай экан, мукаммал инсон бўлиш фикридан қайтинг, шунчаки вазифаларингизни яхши бажаринг, э нима бўлса бўлсин!
- Ортга назар ташлаб туриш
Ўтмишни безовта қилиб бўлмайди, деган иборани эшитган бўлсангиз керак: вақтни ортга қайтаролмайсиз, хатоларни тўғрилашнинг иложиси йўқ. Афсус, қани эди буларни уддалай олганимизда эди… Аммо биз хафа қилган, зарар етказган инсонларимиздан узр сўрашга қодирмиз. Ўзимизни айблайверишдан маъни йўқ, олдинга қараб илдамлаш керак.
Нима қилманг, «ҳаёт — бу бугунги кунимиз», ва “энг яхши кун ҳам бугун”. Бу 100% лик ишингиз бугун битиши шарт дегани эмас. Келажак режаларини ҳам тузасиз, албатта. Айтмоқчи бўлганимиз, ўтмишни тинч қўйинг, бугун ҳаракат қилинг, эртага натижасини кўрасиз.
- Билиб туриб саломатликка зарар етказиш
«Соғлиқ — энг катта бойлигимиз, асло зеб-зийнат ёки қўша-қўша тиллалар эмас», — деган эди Махатма Ганди. Бу ҳақиқатни ҳаммамиз англаймиз, лекин нозик томонларимиз ва зарарли одатларимиз ҳам кўп. Сиқилсак, тинмай қаҳва ичамиз, шоколад, фастфудларни паққос туширамиз, энг ёмони спиртли ичимлик ичамиз, ижтимоий тармоқларда шўхликлар қиламиз.
Улар вақтинчалик ёрдам берсада, бутун умрлик ҳамроҳимиз бўлолмайди. Эртами кечми саломатлигингизга путур етказиб, бошингизга кўплаб дардларни олиб келиши мумкин.
- Фақат синалган йўлдан юриш
Охирги йилларда кўпчилигимиз барқарорликни қадрлаб қолганмиз: даромад келтираётган ишимиз бор, шунга ҳам шукур. Лекин хавфсизлик, хотиржамликка ўчлик бизга зарар етказиши ҳам мумкин. У ҳаётдаги танловларимизга таъсир ўтказади.
Энг қизиқарли ва бой тажриба таваккал ва тадқиқотлардан келади. Мабодо “хавфсизлик қафасига” тушиб қолганингизни сезсангиз, зудлик билан қулф калитини излашга тушинг.
Шундай экан, энг кичик ҳаракатдан бошланг, илгари бажармаган ишни бажариб кўринг. Бу ўзингизни янада жасурроқ ҳис этишингизга ёрдам беради, айнан жасорат даражаси ҳаётимиз оқимини белгилаб беради.
https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди