Фарзандини йўқотган ота-оналар фақат бир дард билан яшайди – айрилиқ дарди билан. Янги кунни бошлаш, ичиш, ейиш учун уларга катта куч керак ва бу кучни ҳамма ҳам топа олмайди. Вақт даво дейишади, чиндан ҳам вақт даволайдими? Бу дардни енгишда яқинларимизга қандай ёрдам беришимиз мумкин?
«Вақт барча дардларни даволайди». Буни ўзимизни овутиш учун гапирамиз, чунки азоб қалбимизни тирнайди, унга бутун умр чидаб яшашни тасаввур қилолмаймиз. Биз ҳар бир бузилган нарсани тузатишга ўрганиб қолганмиз, аммо тузалмас нарсани нима қилишни билмаймиз. Ойлаб, йиллаб айрилиқ билан яшаётган одамни кўрганда, ўзимизни қўярга жой топа олмаймиз, қандай тасалли беришни билмаймиз.
Вақт фақат дардни енгиллаштиради холос, уни бутунлай йўқотмайди ва даволамайди. Айнан вақт айрилиқни кутилмаганда хотирангизда жонлантиради, ҳар қандай дамда, номаълум сабабларсиз. Бу дунёда яшашни давом эттириш учун жуда катта куч ва ирода керак бўлади.
Вақтнинг қўлидан нима келади?
Вақт ифорларни бироз аритади. Ёстиқчасини охиста қучоқлайман, тароқда қолган сочларини топаман, боламнинг ҳиди секингина димоғимга урилади, бу дамда қувончимга сиғмай йиғлайман, чунки бир зумга бўлса-да, ўзимни унинг ёнида бўлгандай ҳис этаман. Орзуйимга етаман…
Вақт қўнғироқдай овозини хотирамга сас қилиб жойлайди. Нега уни кўпроқ расмга олмадим-а, тасмага тушириб қўймадим, чунки энди шўх кулгуси қулоғимга етиб келмайди. Қўлларим унинг оғирлигини унута бошлайди, қанчалик уринмай, фарзандимнинг вазни тутун сингари ҳавога сингиб кетади. Балки самода, дарёда, уммонда…
Ҳар кунги юмушларимиз: уйғониш, тишчаларини ювиш, бўтқа тайёрлаш, шарбат сиқиб чиқариш, барчаси бегонадай бўлиб қолади. Вақт ўтиб, бўтқа тайёрлаш ҳам эсимдан чиқади.
Ҳозир қанақа бўларди? Сочлари ўсиб қолармиди? Ўриб ўтирган бўлармидим? Китоблар ўқиб берардим балки?! Нимага қизиққан бўларди? Буни ҳеч қачон билмаймиз. Туғилган кунлар, саёҳатлар, сайрлар, мактабдаги битирув оқшомлари, уларнинг бари йўқотишни яна ва яна ёдимизга солаверади.
Атрофдан: «Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, кўникиб кетасиз», «Яна фарзандли бўласиз, куйинманг», «Узоқ яшамаслигини билардингиз-ку…» – деган фикрларни эшитиб, янада эзиласиз.
Боланинг вафоти барча қонун ва тартибларни бузади. Энди сиз юришни қайта ўрганасиз. Фақат ёлғиз. Буни сиз учун вақт бажариб бермайди.
Қўллаб-қувватлаш усуллари
Бирон кун йўқки, ота-она йўқотган боласини эсламаса. Уларга фарзанди ҳақида гапиришдан қўрқманг. Йиғлатсангиз ҳам майли, баҳонада кўнгиллар бўшайди. Унинг туғилган кунини унутманг. Ота-онасига ҳеч бўлмаса табрик йўлланг. Ота-она тушкунлигини кўрсангиз, кўнглини кўтаринг. Нима дейишни билмасангиз, ҳеч бўлмаса, йўқотилган фарзанд ва унинг ота-онаси ҳақида яхши фикр билдиринг. Дард одамни ичидан эзади, сиз эса қўнғироқларингиз, мулоқотларингиз билан уларни ёлғизлатмайсиз, чалғитасиз. Гоҳида сўзлар ёмғир томчилари каби тушсин, ёрилган замин тупроғи юмшаши керак-ку ахир. Йиғлашса бирга йиғланг, уялманг, раҳмингиз келмасин, лекин дардини бўлишинг, сиз жигаргўшасини йўқотган ота-онага кераксиз.
Ҳеч ким бу дунёда фарзандидан жудо бўлмасин!
www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди.