Кўпчилигимиз ўзимизни номукаммал деб биламиз, ҳар гал кўзгуга қараганимизда ташқи кўринишимизни танқид қилаверамиз. Бу ҳолат айниқса, ёш ўтган сари кучайиб бораверади. Танамиздан кўнгил тўлмаслик ҳиссини қандай қилиб йўқотиш мумкин? Ундан бутунлай ҳалос бўлишнинг иложиси борми?
Тасаввур қилинг, дўстингиз бор. Туну кун сизга ёрдам беради, энг кичик илтимосларингизни ҳам эътиборсиз қолдирмайди. У ҳатто сизга кулиш, нафас олиш, ухлаш, ўқиш, орзу қилиш, эшитиш ва шунга ўхшаш бошқа кўплаб зарур вазифаларни бажаришда кўмакдош бўлган. Энди эса бу беминнат ёрдамчингизга миннатдорлик билдириш ўрнига уни танқид қила бошлайсиз, у сизга бирданига ёқмай қолади, ҳатто нафратлана бошлайсиз. Ахир бу ноҳақлик ва виждонсизлик эмасми? Худди шу ишни биз ташқи кўринишимизга нисбатан қўллаймиз.
Танамиз биз учун ҳафтасига етти кун, кунига 24 соат ишлайди. Аммо баъзи бир нопок ОАВлар туфайли онгимизда носоғлом фикрлар пайдо бўлади. Биз нафақат танамизга миннатдорлик билдиришни унутамиз, балки табиатнинг бебаҳо инъомини ёмон кўриб қоламиз. Ваҳоланки айнан ушбу “хунук” борлиғимиз яшашимизни таъминлаб беради.
Нафрат негизи қаерда?
Аввалига ўсмирлик чоғидан бошлаб ташқи кўринишимиздан кўнглимиз тўлмасликни бошлайди. Ўзимизни танқид қиламиз, бошқалар билан таққослаймиз, наздимизда “мукаммал” кўринган инсонларга ўхшагимиз келади. Натижада ташқи кўринишимизни ўзгартириш истаги билан кўп номаъқул ишларни қиламиз. Гоҳ парҳез тутамиз, гоҳ севимли таомларимиздан ўзимизни чеклаймиз, танамизни ҳар хил усуллар билан қийнаймиз. Ҳар қандай ҳолатда ўзимиздан кўнглимиз тўлмайди. Бу феъл-атворимиз, кундалик ҳаракатларимизда акс этади. Ўзимизни қийноққа солиб юраверамиз.
Гўзаллик қурбонига айланманг
Танангизни ёмон кўриш орқали кўп нарсани ўзгартираман деб ҳисобласангиз, шуни ҳам унутмангки, ўзингизни севиш ва ғамхўрлик кўрсатиш ҳисобига ҳам инсон ўзини кўп ишларга ундаши мумкин. Энг муҳими, ички хотиржамлик керак, ҳаммага чиройли кўринишнинг иложиси йўқ. Қачонки ўзингизни яхши кўришни бошлар экансиз, атрофдагилар меҳрига муҳтож бўлмай қоласиз.
Ёқтирган таомимни есам, ўзимни тўхтата олмайман, деб ўйлаган бўлсангиз адашасиз. Айнан шу сабаб ўзингизни турли емаклар бобида чеклаб келгансиз. Аммо организм талаб қиляптими, демак, у сизга мана шу витаминлар, моддаларга эҳтиёж сезаётганини хабар беради. Мукаммал ташқи кўриниш билан атрофдагилар эътиборига тушишингиз мумкин, лекин ички гўзаллик бўлмаса, бу вақтинчалик ҳолат бўлиб қолаверади. Инсон қалб гўзаллигига ҳам вақт ажратиши керак.
Танангни асраб авайла
Психологлардан бири ўзининг ўсмирлик чоғларига қарата шундай фикрларни билдирган экан: «Ҳеч қаерингни ўзгартирма. Ҳиссиётга берилиб, ақлингни йўқотма. Аслида табиат сенга энг мукаммал табиий гўзалликни ато этган. Миянгга келган фикр, атрофдагиларнинг ёлғон мулоҳазаларига ишонаверма. Сени борлигингча қабул қиладиган инсонлар билан дўстлаш. Самимий бўл. Атрофдагиларнинг фикри билан яшама, қалбинга қулоқ сол. Ҳар ишда мувозанат изла. Ўзинга бўлган меҳрингни топ». Назаримизда, бу дил изҳорлари барча ўсмирларимизга қарата айтилган тилакларга ўхшайди.
Худди шу психолог ўрта ёшли аёлга айланганидан кейин ўзига йўллаган мактубини ҳам келтирамиз: «Азизам, ёшлигинг қолмаган бўлсада, сен жуда истарали аёлсан. Юзингдаги ажин, салқиб қолган чеҳранг, сочларингдаги оқ жуда ярашган. Бу белгиларга ортиқча вақтингни сарфлама, ундан кўра ҳаётнинг ҳар дақиқасини қадрла. Кўпроқ миннатдорлик ҳисси билан яша. Оёқ-қўлларингга ҳаракатлангани учун, юрак, ўпкаларинга сенга яшаш завқини бераётгани учун раҳмат айт. Энг муҳими шукр қилишни унутма. Энди сен танангни асраб авайлашинг керак».
Ссылка: https://www.psychologies.ru/articles/kak-ya-perestala-nenavidet-i-polyubila-svoe-telo/
ЎЗИНГИЗДАН КЎНГЛИНГИЗ ТЎЛМАСА…
Кўпчилигимиз ўзимизни номукаммал деб биламиз, ҳар гал кўзгуга қараганимизда ташқи кўринишимизни танқид қилаверамиз. Бу ҳолат айниқса, ёш ўтган сари кучайиб...
6