Хадича Сулаймонова (1913-1965) — ҳуқуқшунос олим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1954), юридик фанлари доктори (1951), профессор (1952), Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1956).
Ўзбекистон ССР МИК ҳузуридаги Совет қурилиши ва ҳуқуқи институтини тугатган (1935). Москва юридик институти аспиранти (1939-41), Тошкент юридик институти жиноят ҳуқуқи кафедраси ассистенти, доценти, сўнг мудири (1941—54), институт ректори (1954—55). Ўрта Осиё университетининг юридик факултети декани (1955—56). ЎзССР Адлия вазири (1956—59), ЎзССР Министрлар Совета чузуридаги Адлия комиссияси раиси (1959—64). 1964 йил дан ЎзССР Олий суди раиси бўлиб ишлаган.
Илмий ишлари жиноят ҳуқуқи, хусусан, Ўзбекистонда ҳуқуқшунослик фанининг вужудга келиши ва ривожланиши, хотин-қизлар ҳуқуқи масалаларига бағишланган. Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтини (1958), республика Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд экспертизаси илмий тадқиқот институтини (1959) ташкил этиш ташаббускорларидан.
Тошкент шаҳри даги кўчалардан бирига, суд экспертизаси илмий текшириш института (ҳозирги Республика суд экспертиза маркази)га Хадича Сулаймонова номи берилган, Тошкент юридик институтида Хадича Сулаймонова музейи бор.
Дилбар Абдураҳмонова (1936-2018) — дирижёр. Ўзбекистон халқ артисти (1969), 1957 й. дан Навоий театри симфоник оркестрида скрипкачи, 1960 й. дан дирижёр, 1974—1990 й. ларда бош дирижёр. Илк бор Ж. Вердининг «Аида» операсига дирижёрлик қилган.
Дилбар Абдураҳмонова нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда биринчи дирижёр аёл. Унинг репертуарида 60 дан ортиқ опера ва балет спектакллари, дунёнинг кўплаб саҳналарида намойишлар, Навоий театрида ярим асрдан кўпроқ ишлаш тажрибаси бор.
Феруза Махмудова (1975) — мустақил Ўзбекистон дипломатиясида илк аёл элчи.
Феруза Махмудова Ўзбекистоннинг биричи Фавқулодда ва мухтор элчи лавозимига тайинланди. У Исроил давлатига элчи бўлди.
Унга Ф.Махмудова Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратида турли лавозимларда ишлаган, юқори даражада ташрифларни ташкиллаштиришда иштирок этган. Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида ишлаган (2014−2018).
Мушарраф Ибодуллаева — жанговар самбо бўйича жаҳон чемпиони.
19 яшар Мушарраф Сербияда бўлиб ўтган самбо бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган. У Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида таҳсил олади.
Тошкент шаҳрида спортнинг самбо тури бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида Мушарраф Ибодуллаева Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси самбо бўйича 2001-2002 йилларда туғилган қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги 44 кг вазн тоифаси бўйича I-даражали диплом, шу йили Сербия давлатида спортнинг самбо тури бўйича ўтказилган Жаҳон чемпионатида 44 кг вазн тоифаси бўйича III-даражали диплом ва бронза медал, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси самбо бўйича Самарқанд шаҳрида ўтказилган 1999-2000 йилларда туғилган қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги 48 кг вазн тоифаси бўйича I-даражали диплом билан тақдирланган. Шу йили Сербия давлатида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллаган.
2018 йилда Грузия давлати Тбилиси шаҳрида спортнинг самбо тури бўйича ўтказилган Жаҳон чемпионатида 48 кг вазн тоифаси бўйича II-даражали диплом тақдирланган. 2019 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган спортнинг самбо тури бўйича Жаҳон чемпионатида ёшлар ўртасида 48 вазн тоифаси бўйича 3 ўринни қулга киритиб, III-даражали диплом ва бронза медал билан тақдирланган.
Мушарраф Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи туман кенгашининг спорт йўналиши сардори сифатида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Рус ва инглиз тилларини яхши билади.
Гулсанам Алижонова — Тхэквондо бўйича Ўзбекистон чемпиони
Гулсанам Алижонова 24-29 ноябрь кунлари таэквондо WT бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, унда -73кг вазн тоифасида барча рақибаларидан устун келиб чемпионликка эришди. Эндиги мақсади 2024 йил Парижда бўладиган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш ва олтин медални қўлга киритиш.
Лилия Шакирова — UFC да ўзбекистонлик биринчи жангчи аёл.
Лилия 15 йилдан бери профессионал жанг билан шуғулланади, аммо мусобақалардаги жанг туфайли у дисквалификация қилинди, шу сабабли у ММА га ўтди.
У энг машҳур UFC аралаш яккакурашлар мусобақасида қатнашган биринчи аёл жангчи бўлди.
Азиза Шоназарова — Колумбия университетининг tenure track позицияси, яъни умрбод профессорлик лавозимига қабул қилинган илк ўзбек олимаси бўлди.
Колумбия университети Ivy League (ўзбек тилида печаклар иттифоқи деган маънони беради) тоифасига кирган. Айви лигага АҚШдаги энг нуфузли 8 та – Brown, Columbia, Cornell, Dartmouth college, Harvard, Princeton, Pennsylvania, Yale университетлар кирган.
Tenure track позициясига профессор ва профессор ассистенти ишга олиниб, улар билан тузиладиган меҳнат шартномаси университет маъмурияти томонидан бекор қилинмайди. Бундай шартноманинг асосий мақсади – олимнинг эркинлигини (аcademic freedom) таъминлашдир.
Азиза Шоназарова Female religiosity and gender history in pre-modern Central Asia (Ўрта асрлардаги Марказий Осиёда гендерлик тарихи ва аёллар диндорлиги) мавзусида АҚШнинг Индиана – Блумингтон университетида докторлик диссертациясини ёқлади. Иккита йўналишда (диншунослик ва Марказий Осиё тарихи) PhD – фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олди.