Самарқанддаги “Раҳмдиллик” маркази директори Бибисора Ориповани бу ерга тушганлар ва умуман атрофдагилар “Доктор опа” деб атайди. Бибисора опа 1971 йилдан буён Самарқанд шаҳар куйганларни даволаш марказида шифокор сифатида фаолият кўрсатиб келарди. Аёлларга ёрдам беришни ўшандан бериш бошлаган эканлар. Бизнинг жамиятимизда куйган аёлларни на эри ва унинг қариндошлари, аксарият ҳолатда ўз яқинлари ҳам қабул қилмайди. Гўёки у энди “яроқсиз маҳсулот”. Айрим аёллар шу тариқа ойлаб шифохонада қолиб кетарди. Опа аввал бир аёлни, кейин яна биттасини ўз уйига олиб келди, улар керак бўлса йиллаб турди. То уларни бирон уй-жой билан таъминлашларига эришмагач, уйидан бошпана бериб ўтирарди. Бибисора опанинг турмуш ўртоқлари ҳам шифокор, жуда тушунган одам.
Бугунги кунда “Раҳмдиллик” марказида амбулатор операциялар ўтказиш учун мини-жарроҳлик хонаси ҳам бор. У АҚШ элчихонаси кўмагида қуриб, жиҳозланган.
Айни пайтда марказда куйган аёл ва болалар қўним топган. Опа уларни ўз назоратига олган. Юзи яқинда операция бўлган бир ёш келинчакни суҳбатга тортдик.
– Ўша куни қайнонам соляркада печка ёқишни айтдилар. Йўқ десам ҳам қўймадилар. Пастга тушиб, ёқдим ҳам нимадир бўлди-ю, “гуп” этиб олов ёниб кетди. Билсам, конденсат йиғилиб қолган экан. Ҳамма эшикни ураман, “ёрдам беринглар, ёниб кетдим” дейман, ҳеч ким ёрдам бермайди. Эшикка урилдим, оёғим куйди. Деразаси йўқ ойна бор эди, ўша ердан қандай қилиб жон ҳолатда сакраганимни билмайман. Ўша куни ёмғир ёғаётганди, шундай кўзимга сув кўринди-ю, қўлимни тиққаним эсимда. Қайнисингилларим, қайнонам “Уйимни ёқиб юбординг, ўзинг ёнсанг бўлмасмиди” деганлари ҳамон ёдимда.
— Илтимос, дадамни чақиринглар, докторга олиб борсин, десам ҳам ҳеч ким ёрдам бермади. Охири бир қўшнимизнинг машинасида амаллаб шифохонага етказишди. У ерга борганимни биламан, ундан у ёғи эсимда йўқ. Ўзимга келгач, на кўзимни очоламан, на бировни танийман. Қизимни қайнонамларникидан онам олиб кетган эканлар. Қизим ўша олов ичида бешикда қолиб кетганди, яхшиямки унга ҳеч нарса қилмаган экан. На эрим, на уйдагилари бирон марта мендан хабар олишмади. Ота-онам ёрдамида оёққа турдим. Юзим тортишиб, қийналганим учун Самарқандга келдик. Мана яқинда операция бўлдим, ўзимни яхши хис қиляпман.
— Яқинда эрим олиб кетмоқчи эди, отам “онанг соляркада ёқ деб айтган экан-ку”, деса, “йўқ, қизларингиз ўзи айбдор” дейишибди. Албатта онасининг айбини тан олмайди-да. Ўзи яшашимизда ҳаловат йўқ эди, деярли нон билан чой ердим. Шифохонага 30 қон билан тушган эканман.
Аёлнинг айтишича, эрдан умид йўқ, алимент ҳам тўламайди.
— Ўзимга келиб олай, уй ҳамширасига ўқимоқчиман, тикувчиликни ҳам ўрганаман. Дадам ҳовлисидан менга уй-жой қилиб беришмоқчи. Ўша жойда бир кичик цех ҳам очиш ниятим бор.
❗️Бибисора Орипова ва “Раҳмдиллик” ННТ ишини қўллаб-қувватламоқчи бўлсангиз, PayMe ёки ҳавола орқали пул маблағлари ўтказишингиз мумкин.
Самарқандга ташрифни ташкиллаштиргани учун ACTED Uzbekistan (https://www.facebook.com/ACTEDUzbekistan/) лойиҳасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.