Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко 2022 йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот анжуманида вазир Русланбек Давлетовга гендер зўравонлик бўйича учта савол берди.
1) Айни пайтда Ўзбекистон қонунчилигида уй зўравонлиги ёки оилавий зўравонлик тушунчаси мавжуд эмас. Оиладаги зўравонликка қарши қонун йщқ, маъмурий ёки жиноят кодексида ҳам бунга оид моддалар йщқ. Хотин-қизларни тазъйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун оиладаги зўравонликни ўз ичига олмайди. Кодексларда маиший зўравонлик учун махсус жазони назарда тутувчи моддалар йўқ, халқаро стандартларга кўра, бу алоҳида жиноят тури бўлиб, масалан, оиладаги зўравонликни талқин қилишда уни бегона одамнинг зўравонлиги билан тенглаштириш мумкин эмас, чунки ижтимоий муносабатлар ва қарамлик даражаси бутунлай бошқача. Дарҳақиқат, ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар, яъни оиладаги зўравонлик энди декриминаллаштирилди. Бу йўналишда давлат томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда ва Адлия вазирлиги Ўзбекистонда оиладаги зўравонликни криминаллаштириш ҳақида қандай фикрда?
2) Зўравонлик қурбонлари билан ишлашда мен, масалан, бутун мамлакат бўйлаб “Мадад” нодавлат нотижорат марказлари томонидан бериладиган юридик маслаҳатлар эмас, балки адвокат ёрдами ҳам нақадар долзарб эканини кўраман. Бу уларнинг манфаатларини судда ҳимоя қилишни ўз ичига олиши керак. Афсуски, бу катта бўшлиқ қонунчилигимизда кўзда тутилмаган; аёллар, ҳатто юридик маслаҳат олгандан кейин ҳам, судга боришлари ва ўз манфаатларини ҳимоя қилишлари керак, чунки адвокат хизматлари кўпинча жуда қиммат. Ва агар айбланувчи адвокат ёллаган бўлса, у ҳолда аёл судда мағлуб бўлиши тайин.
Адашмасам, 2018-2019 йилларда Адлия вазирлиги Адвокатлар палатаси билан биргаликда бепул юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиққан. Назарий жиҳатдан, у 2020 йил 1 январдан кучга кириши керак эди. Ушбу лойиҳада “pro bono” адвокатлик хизматларини кўрсатишдай муҳим банди бор эди. Билмоқчиманки, ушбу қонун лойиҳасини кўриб чиқиш қайси босқичда ва сиз уни гендер нормаларини ҳисобга олган ҳолда мослаштиришни режалаштиряпсизми?
3) Ўтган йилнинг кузида вояга етмаганларга нисбатан номақбул ҳатти-ҳаркатлар учун жазо кучайтирилди. Аммо парламент томонидан маъқулланган ўзгартиришларни ўрганадиган бўлсак, кучайтириш асосан такрор содир этилган жиноятларга тааллуқли бўлгани, бирламчи ўзгаришлар эса унчалик катта бўлмаган, асосан жарима кўзда тутилганини кўриш мумкин. Декабрь ойида Адлия вазирлиги томонидан хотин-қизларни тазйиқлардан ҳимоя қилиш бўйича жуда чиройли баёнот эълон қилинганини инобатга олиб, биринчи марта содир этилган бундай жиноятлар учун жазони кучайтириш режалаштирилганми ёки йўқ? Педофилларнинг очиқ реестри ҳақида қандай фикрдасиз? Қозоғистонда бу амалиёт аллақачон мавжуд.
Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг жавоблари:
Саволларингиз учун катта раҳмат. Аввало, оиладаги зўравонликни криминаллаштириш жуда мураккаб ҳуқуқий тушунча, чунки, умуман олганда, сиз таъкидлаганингиздек, қонун қабул қилинган ва зўравонлик жиноят деб ҳисобланади, ҳимоя механизмлари, жумладан, ордер мавжуд, лекин у нафақат оилавий зўравонлик, балки умуман хотин-қизларга нисбатан зўравонликни назарда тутади.
Биз оиладаги зўравонликни алоҳида кўрсатиш ва алоҳида диспозиция қилиш масаласини ўрганяпмиз. Бизга бир ой аввал оиладаги зўравонликни давлат томонидан ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш бўйича кўрсатма берилган эди ва тез орада уларни жорий қиламиз. Ҳозир экспертлар томонидан ўрганиш давом этмоқда, чунки Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик жуда кенг тарқалганини биласиз. Ва баъзида, бизнинг менталитетимиз туфайли, баъзи эркак, шу жумладан давлат хизматчиларининг бу масалага муносабати туфайли кўпинча бу масала оммага чиқарилмайди. Яъни айрим ҳатти-ҳаракатларни жиноят деб малакалашда жуда эҳтиёт бўлиш керак, чунки эртага қўллаш амалиёти зарар кўриши мумкин. <...> Кўрсатмалар бўйича жавобгарликка тортилиши амалиётимизда бор. Исбот стандарти нуқтаи назаридан, биз жуда эҳтиёт бўлишимиз керак. Аммо бу масала ўрганилмоқда. Мен ҳозир “ҳа, киритамиз, ҳа, қиламиз” деб айта олмайман, чунки бошқа инстанциялар – парламент, ҳукумат бор, биз буни ишлаб чиқамиз, лекин бизнинг мақсадимиз ва саъй-ҳаракатларимиз, умуман, хотин-қизларни ҳимоя қилишнинг давлат механизмини фаоллаштиришни таъминлашга қаратилган.
Адвокатлар масаласи. Биз ҳам ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига чиқардик ва вазирликлар ўртасида бепул хизматлар кўрсатиш ҳажми бўйича маълум мунозаралар бўлди, чунки бу маблағ масаласи. Ҳозирги вақтда давлат Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ вояга етмаганлар, қарамоғида бўлганлар ва бошқа ҳолатларда адвокатнинг мажбурий иштироки мавжуд бўлганда давлат молиялаштиради. Лекин бу ерда сиз барча ҳолатларда аёлларга нисбатан муаммони кўтаряпсиз. Бу ишламайди. Барча ҳолатларда бу ишламайди. Агар ажралиш билан боғлиқ бўлса, у ишламайди. Чунки иккинчи томон ҳам бор. Давлат бир томонни молиялаштира олмайди, чунки бу фуқаролик низоси. Ва бу ерда биз аёл зўравонлик, оиладаги зўравонлик ва у билан боғлиқ зарар ва ҳоказолар бўйича ўзини аниқ ҳимоя қила олмайдиган ҳолатларни ҳисобга олишимиз керак. Бу ерда давлат томонидан бепул юридик хизматлар кўрсатиш чегаралари бўлиши керак, чунки бу халқнинг пули ва бу энг муҳим масала. Шунинг учун биз бу қонунни ўтказиб юбора олмадик. Лекин ҳозир сўнгги босқичдамиз, барча томонларда маъқулладик ва бу йил бу қонунни қабул қилиш биз учун устувор вазифадир.
Биз биринчи марта маълум тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича, айрим тоифадаги маъмурий ишлар бўйича бепул юридик хизматларни очяпмиз. Бундай муаммоларни кўтараётганингиз учун раҳмат ва биз бу йўналишда ишлашда давом этамиз.
Вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши ҳатти-ҳаракатлар масаласи. Улар бўйича жазо чоралари, айтганингиздек, кучайтирилди. Аммо илк бор содир этилса ҳам модда қўлланилади, тўғрими? Амалиётда аҳлоқсиз ҳатти-ҳаракатлари фарқланади, шунинг учун жарима ва бошқа жазо турлари кўзда тутилган. Бу ҳатти-ҳаракатларнинг жамоат хавфини ҳисобга олган ҳолда, шунчаки жавобгарликни кучайтириш керак эмас, албатта, лекин биз буни ўрганмоқдамиз. Иккинчи қисми бўйича ўрганишлар инобатга олиниб, жамиятимизда ҳам айнан шу масалада муаммо борлиги аниқланган. Айрим ҳолатлар жамоатчилик норозилигига сабаб бўлади, лекин биз кўпларини кўрсатмасликка мажбурмиз. Шу жумладан, стереотипик фикрлаш туфайли.
Реестрга келсак, мен уни бутунлай қўллаб-қувватлайман, чунки биз коррупцияга оид жиноятлар реестрини жорий қилдик ва бунинг учун ҳам жуда яхши натижа беради. Лекин бир нарсани инобатга олмасдан иложи йўқ. Бизда судланганлик муддати тугаши, судланганликни олиб ташлаш деган тушунча бор. Судланганлик олиб ташлангандан кейин, кодексга кўра, биз жиноятчини реестрдан олиб ташлашимиз керакми ёки йўқ? Бу ҳуқуқий жиҳатлар ҳам мавжуд, чунки унинг судланганлиги олиб ташланган бўлса, у аллақачон қонун нуқтаи назаридан судланмаган деб ҳисобланади. У эркин одам. Шунинг учун, бу хусусиятларни ўрганиш керак, лекин умуман олганда, мен бу фикрни қўллаб-қувватлайман.