Пандемия шароитида уй зўравонлиги ҳолатлари янада авж олгани ҳақида аввал ҳам ёзганмиз. БМТ нинг статистик маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёл жисмоний зўравонликка дучор бўлади. Ушбу ижтимоий муаммо Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Бу масала ечимида 2019 йил сентябр ойида қабул қилинган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» қонунни муҳим қадам деб ҳисоблаш мумкин. Ушбу ҳужжат нафақат аёлларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлади, балки гендер тенглиги масалаларини янада ишончли равишда илгари суришга имкон берди.
Уй зўравонлиги деганда нафақат жинсий, балки жисмоний, руҳий, иқтисодий зўравонликни тушуниш керак. Ўз-ўзини изоляция қилиш бу муаммони янада кучайтирди. «Немолчи.уз» лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенконинг айтишича, бунинг сабаби карантин пайтида шундоқ ҳам муносабатлари ҳавас қилса арзигулик бўлмаган оилалар кун бўйи бир жойда изоляцияда ўтиришига тўғри келди.
“Зўравонлик қурбонлари ўзини қийнаган одам билан бир уйдан қулфланиб қолди. Зўравон ҳам асабларини чигаллаштириш имконидан маҳрум бўлди. Қурбоннинг қочадиган жойи йўқ. Ундан ташқари, уни назорат қилиш осонроқ бўлиб қолди – кимга қўнғироқ қиляпти, кимлар билан ёзишяпти”, – дейди эксперт.
Унинг фикрича, уй шароитида зўравонлик ҳолатлари, айниқса мамлакатимиз ҳудудларида ортиб бораётган иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши таъсирида ҳам кўпайди. Ишсиз қолган эркак қўрқув, хавотир ва стрессни бошдан кечиради.
“Аламини кимдан олади? Албатта, уйдагилардан. Ҳуқуқий саводхонлиги паст бўлган аёллар эса ҳеч кимдан ёрдам сўрамайди. Ёки жиноий жавобгарликка тортилса ягона боқувчини йўқотиш қўрқувидан сукут сақлайдилар», — дейди И.Матвиенко.
Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси томонидан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан биргаликда жорий йилнинг 10 апрель кунидан “Ишонч телефони” хизмати йўлга қўйилди. Бунда хотин-қизлар “Ишонч телефони” операторидан оилада ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш масалалари бўйича бепул маслаҳат олишлари мумкин.
«Уйдаги зўравонлик қурбонлари нафақат аёллар, балки болалар, шунингдек, кекса ёшдаги одамлар ҳам бўлмоқда. Муаммо бир қатор стереотиплар ва тўрт девор сири туфайли юзага келади, шунинг учун расмий статистика ҳақиқий манзарани акс эттирмайди. Польша қонунчилигида оилавий зўравонликнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган. «Биринчидан, иш зўравонлик қурбонлари билан ҳам, уни содир этганлар билан ҳам олиб борилади. Иккинчидан, ноқонуний хатти-ҳаракатларда гумон қилинган тақдирда оила ижтимоий хизматларнинг назорати остига олинади», – дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази координатори Дилбар Рашидова.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, Польшада оилавий зўравонлик қурбонлари учун «Мовий линия» миллий фавқулодда вазият хизмати ишлайди. Бунга нафақат қурбонлар, балки гувоҳлар ва ҳатто айбдорларнинг ўзи ҳам мурожаат қилиши мумкин. Уларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.
«Польша тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистоннинг давлат сиёсатига мувофиқ, қуйидаги чоралар зарур: биринчидан, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш бўйича Миллий дастурларни ишлаб чиқиш ва хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича 2020-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасини тайёрлаш; муаммоли оилалар билан ишлашда нафақат зўравонлик қурбони, балки уни содир этган шахс билан ҳам суҳбатлар ва маслаҳатлар олиб боришда ёндашувни қайта кўриб чиқиш. Бунинг учун махсус тузатиш дастурлари киритилиши керак «, – дея қўшимча қилди Дилбар Рашидова.
Бундан ташқари, жабрланганларга ёрдам бериш ва бундай вазиятларнинг пайдо бўлишининг олдини олиш механизмларини ишлаб чиқиш учун зўравонлик ҳолатларини кузатиб бориш муҳимдир.
«Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига алоҳида эътибор қаратилиши керак, улар зўравонлик қурбонларини қўллаб-қувватлашлари, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид даражасини баҳолашлари ва тажовузкорларга қарши чоралар кўришлари керак», дейди мутахассис.
Ирина Матвиенконинг сўзларига кўра, оиладаги зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳали ҳам қийин.
«Масалан, бизда ҳимоя ордерлари берилади. Унинг вазифаси – такрорий зўравонлик ҳолатларидан ҳимоя қилишдир. Хавфсизлик ордерини шунчаки расмийлаштиришнинг ўзи етарли эмас: зўравонлик ҳолати такрорланганда жабрланувчи ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиши ва аниқ чоралар кўриши керак – жарималар, ҳибсга олиш, ҳаттоки жиноий иш ҳам очилиши керак. Мен бундай чоралар ҳақида ҳали эшитганим йўқ. Агар булар ҳақида гапирмасак, унда ҳимоя ордерларига ишонч бўлмайди. Аслида, ҳимоя ордери – бу қоғозли огоҳлантириш шакли», – дея тушунтирди Матвиенко.
Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» ги қонунига биноан, жабрланувчининг аризасига кўра таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, у ҳолда ҳимоя ордерининг муддати 30 кунга узайтирилади. Ордер бериш орқали давлат шафқатсиз муносабат қурбонларини ҳимоя қилади, шунинг учун доимий мониторинг зарур. Инспекторлар ҳимоя остидаги фуқаролардан хабар олиб туришлари керак. Агар кескин чоралар кўрилмаса, тажовузкор ўз жазосизлигини ҳис қилади.
Апрел ойининг охирида Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ва хотин-қизлар масалалари бўйича бошқармаси вакиллари “Немолчи.уз” (Сукут сақлама) лойиҳаси билан боғланишди. Энди жабрланганларга ёрдам тезроқ ва манзилли кўрсатилади.
«Агар сиз оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилиш учун участка нозирига мурожаат қилганингизда улар томонидан бепарволикка дуч келсангиз, бизга ёзинг. Биз бу маълумотни Ички Ишлар Вазирлиги хотин-қизлар масалалари бошқармасига топширамиз. Улар вазиятни ўрганиб, тегишли чора кўришади», дейди лойиҳа асосчиси.
Бунинг учун муаммонгиз ҳақида қисқача ёзинг, участка нозирига мурожаат қилиш санаси, у томонидан нима қилинган/қилинмаганлигини, жабрланувчининг манзили, исми ва боғланиш учун телефон рақамларини Иринанинг сўзларига кўра, бу ҳолатда ёрдам ҳақиқатан ҳам тезкор ва самарали тарзда тақдим этилади.
Бизнинг жамиятимизда оиладаги зўравонлик муаммоси ҳақида гапириш уятли ҳисобланади. Гўёки ёпиқли қозон ёпиқлигича қолиши керакдай. Шунинг учун оммавий ахборот воситалари ва давлатнинг биргаликдаги фаолияти жуда муҳимдир. Фақат ҳокимиятга, айниқса инспекторларга бўлган ишонч, зўравонлик қурбонларига ўз ҳуқуқларини жасорат билан ҳимоя қилиш ва ўзларини ҳимояланган ҳис қилишларига имкон беради.