Фалон актриса ошқозонини кичрайтирган экан роса чиройли озибди, бошқасининг териси жуда хунук осилиб қолибди. Ошқозонни кичрайтириш соғлиқ учун хавфли эмасми? Жуда тез ва муаммосиз озишнинг осон йўлими бу? Кейинчалик одам барибир яна семириб кетармиш…
Бу каби саволлар бугунги кунда урфга айланган “озиш операциялари”га тегишли. Хоҳ ўзимизда бўлсин, хоҳ хорижда, ортиқча вазндан азият чекаётган кўплаб аёл-қизларимиз ушбу жарроҳлик операциясига мурожаат қилишмоқда. Таъкидлаш керак, нафақат бизнинг мамлакатда, балки бутун дунёда бариатрик операция дея номланадиган ушбу жарроҳлик амалиёти турига қизиқиш катта.
ЖССТ семизликни глобал муаммо дея эътироф этади. 2020 йилги маълумотларга кўра, дунё бўйича 2 миллиарддан ортиқ одамлар ортиқча вазндан азият чеккан. Бу эса сайёрамиз аҳолисининг 30% ини ташкил этади. Семизлик муаммосига дуч келган инсонлар учун қандли диабет, юрак-қон томир, бўғим, онкология касалликлари хавфи юқори бўлади. Шунинг учун ҳам семизликни даволаш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш жуда муҳим.
Бугун биз ушбу мавзуга хос кўп учрайдиган саволларга мутахассислар фикрларига асосланиб жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Бариатрик жарроҳликни озмоқчи бўлган ҳар қандай инсон қилдириши мумкинми?
Йўқ, мумкин эмас. Бу операция учун аниқ ва қатъий кўрсатмалар ва қарши кўрсатмалар мавжуд.
Кўрсатмалар
● 17 ёшдан 65 ёшгача;
● ТВИ (тана вазни индекси) 40 ва ундан юқори;
● жиддий ҳамроҳ касалликларида (метаболик синдром, қандли диабет) ТВИ 30-40;
● одам вазни кескин равишда ортиб кетса ва қачондир семизликдан азият чеккан бўлса, ТВИ 30 дан кичик.
Қарши кўрсатмалар
● ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси яллиғланиши;
● ҳомиладорлик;
● онкологик касалликлар;
● руҳий ўзгаришлар: оғир депрессиялар, психозлар, психофаол моддаларни суиистеъмол қилиш (спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар), турли психопатиялар;
● ҳаётий муҳим аъзолардаги ортга қайтмас оғир жараёнлар.
Юқорида семизлик келтириб чиқарадиган касалликларни санаб ўтдик. Уларни шифокор билан даволаш мумкин, лекин семизликнинг яна бир томони, руҳий жиҳати ҳам бор. Аслида кўпроқ ҳаракатда бўлиши керак бўлган инсон семизлигидан уялиб, ортиқча ҳаракат қилолмайди. Спорт залига боришга, бассейнга қатнашга андиша қилади. Қарабсизки, ушбу муаммо уни енгиб бораверади. Ана шундай дақиқаларда бариатрик операция ёрдамга келиб, инсонга имконият бериши мумкин.
Кенг тарқалган бариатрик операциялар
Шифокорларнинг айтишича, энг яхши бариатрик операция — бу йўқ бўлган бариатрик операциядир, яъни энг маъқули, бемор ортиқча вазнини ўзи йўқотиши.
Турлари:
1. Ошқозоннинг бўйлама резекцияси — бунда ошқозон кичраяди, одам кам овқат ея бошлайди.
2. Гастрошунтирлаш — ошқозонинг тепа қисми кичрайтирилади, кейин унга ингичка ичакни улаб қўйишади. Овқат ошқозоннинг катта қисмига тушмайди, одам кам ейди, овқатнинг ҳаммаси сўрилмайди.
3. Ошқозон ичига баллон жойлаштириш — баллон оғиз орқали гастроскоп ёрдамида киритилади. Ошқозон ичида шиширилиб, аъзонинг ярмини эгаллайди, ошқозон икки марта кичраяди. Фақат баллонни ярим йилдан кейин олиб ташлаш керак, унинг деворлари узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланмаган.
Ҳар бир ҳолатда ҳам бемор ҳаёт тарзини ўзгартириши шарт. Акс ҳолда ошқозон яна чўзилиб, ортиқча вазн қайтиб келиши мумкин.
Операциядан кейин нималарга эътибор бериш керак?
Овқат кам ейилади, илгари зиёфат дастурхонлари устидаги таомларнинг ҳаммасини паққос туширган бўлсангиз, энди танлаб ейишингизга тўғри келади.
Овқат миқдори камайганлиги сабабли қўшимча витамин ва минераллар қабули зарур бўлади. Бу жараён ҳаётнинг охирига қадар давом этиши мумкин. Бундан ташқари, барча зарарли одатларни тарк этиш зарур.
Яна бир муҳим жиҳат, озиш оқибатида тери осилиб қолади. Унинг бир қисми қисқаради холос, қолганини эса олиб ташлашга тўғри келади. Яъни пластик жарроҳликка мурожаат қилиш эҳтиёжи ортади.
Операциядан кейинги чоралар қаторига яна парҳез, қўшимча дорилар, шифокор кўриги кабилар қўшилади.
Одам қанча вазн йўқота олади?
Бунга ҳар бир организм хусусиятидан келиб чиқиб, фақат жарроҳ шифокор аниқ жавоб бера олади. Масалан, ошқозонни шунтирлашдан кейин бемор 30% гача вазнини йўқотиши мумкин. Операциянинг бошқа турларида ортиқча вазннинг 20% идан чорак қисмигача бўлган кўрсаткичларда вазн йўқотилади. Вазн камайишига диетолог тавсияларига қанчалик риоя этиш ҳолати ҳам таъсир қилади. Операциянинг илк 6 ойида вазн кескин тушади.
Муҳим: Бундай натижаларга эса аслида ҳар куни жисмоний машқлар бажариш ва соғлом овқатланиш орқали ҳам эришиш мумкин!
Асоратлари қандай?
Бариатрик операциянинг ижоби томонлари билан бирга салбий оқибатлари ҳам мавжуд.
Операциядан кейинги илк 6 ойда:
– кўнгил айниши ва қайт қилиш;
– жиғилдон қайнаши;
– ич дам бўлиши;
– ич кетиши ёки ич қотиши;
– витаминлар тақчиллиги.
Давом этувчи асоратлар:
– овқатнинг ҳазм бўлмаслиги;
– ички қон кетиш;
– инфекциялар;
– чурралар;
– ўт пуфагида тошлар;
– ошқозон яралари.
Хулоса ўрнида: Операция қилдириш ёки қилдирмаслик, шахсий масала. Биз фақат биргина ҳақиқатни аниқ биламиз. Соғлом турмуш тарзини олиб бориш, кўпроқ ҳаракатда бўлиш, соғлом овқатланиш семизликнинг олдини олиш учун жуда яхши ва синалган чоралар. Азиз опа-сингиллар, семизлик муаммоси соя солмасидан олдин, келинг, яхшиси семирмаймиз, мабодо ёш ўтиб семирсак ҳам, соғлом турмуш тарзининг олтин қоидаларига риоя қилиб юрамиз. Семизлик дарди касаллик ҳисобланган ҳолатлар, албатта бундан мустасно. Бундай инсонларга эса соғлиқ тилаймиз!