Ота-оналар ўсмирлар ҳаракатларини кўпинча нотўғри талқин қилади ва аксинча. Бу хатолар фарзандларимиз билан бизга қимматга тушади. Ота-оналарни ўсмирларнинг одатлари ғазаблантирса, ўсмирлар эса ўзларини таҳқирлангандай сезади. Улар ўзаро ҳамжиҳат бўлиб, бир-бирини тушуниши учун нима қилиш керак?
Ўсмирни тарбиялаш — ота-оналар учун энг мураккаб синовлардан бири. Ушбу нотинч ёшда фарзандлар эркинликни хоҳлайди. Улар катталарнинг бошқариш истагига қарши, бақир-чақир, йиғи-сиғи билан жавоб беради ва ёлғизликни истаб, ўз оламига кириб кетади. Бу ҳолат кўпчилигимизга таниш бўлса-да, лекин вазиятга дуч келганимизда аниқ чора тополмай қийналамиз.
Калифорния университети психологлари томонидан ўтказилган тадқиқот оиладаги можаролар ва ўсмирларнинг муаммолари ўртасидаги алоқага аниқлик киритди ҳамда муаммонинг ечим йўлларини таклиф этди. 220 нафар ота-она ва уларнинг фарзандларидан олинган таҳлилий маълумотлар тадқиқот муаллифларини бироз ажаблантирди. Хулосаларга кўра, ўсмирлар ота-оналари билан можароли вазиятларда катталарнинг муносабатини аслига кўра кескинроқ қабул қиларкан. Масалан, ота ёки она шунчаки «Буни миянгдан чиқариб ташла!» деса, бу маслаҳат болага “сен бизга керак эмассан” деган маънода таъсир қилади.
Ушбу вазиятда ота-оналар ҳам ўсмирнинг юқори таъсирчанлигини салбий ҳаракат дея қабул қилса, қонунбузарлик ҳолатларининг кўпайишига олиб келиши мумкин. Агар жазо усули ўсмирга “чидаб бўлмас даражада” таъсир қилса, у оилавий қадриятларни бузиши, ҳатто уйдан қочиб кетиши ҳеч гап эмас.
Тадқиқот натижаларида қатъий гендер бўлиниш мавжуд. Масалан, оналар боласининг қилиқларини салбий талқин қилса, ўсмир баҳсга киришиши, хонасига қамалиб олиши ёки ҳатто уйидан кетиб қолиши мумкин. Оталар билан эса ўзгача ҳолат юз беради.
«Отанинг муносабати натижасида ўсмирлар ёки тинчланади, ёки янада агрессив ҳаракатлана бошлайди», — дейди тадқиқот психологларидан бири.
Бу ерда бир нечта омиллар ўрин эгаллайди. Улғайиш даврида ўсмирлар организмида гормонлар жунбушга келади, турли ҳиссиётларни уйғотади ва ушбу ҳиссиётлар, албатта ёрқин намоён бўлади. Энг қизиғи, ўсмирлар муаммосини фақат тенгдошларига ишонишни истайди. Ота-онаси билан тил топиша олмаган фарзанд агрессив ҳаракатлар орқали ҳуқуқларини ҳимоя қила бошлайди. Аслида фарзанд уни тинглашларини хоҳлайди.
Бундай вазиятда ота-оналарнинг ўзи ҳаракатларига аниқлик киритиб олишлари, хавотирларни енгиб, ақлан иш тутишга ҳаракат қилишлари лозим. Баъзи психологлар ўсмирлик даврини аёлларнинг туғруқдан кейинги оналик тушкунлигига ўхшатишади. Ўсмирлар мустақил бўлишни истайди, чекловларга қарши курашади, катталар эса бунга жавобан хафа бўлади ва ғазабланади.
Қоида бўйича ота-оналар ўзларини ҳақ, меҳрибон ва ғамхўр сифатида тасаввур қилади. Шунинг учун боласини койиганда, қаттиқ гапирмадим, деб ўйлайди ва сўзларим боламга салбий таъсир қилди, деган фикрдан йироқда бўлади.
Гарчи ота-оналар билан фарзандлар ўртасидаги зиддиятлар ҳар қандай оиланинг бир қисми бўлсада, ўсмирлар билан муносабатларни яхшилаш мумкин. Бунинг учун уларга ота-онасининг қарорлари ҳақида фикр билдиришга имкон бериш лозим. Ўсмир қаттиқ хафа бўлганда, ота-оналар аввалига боласидан вазиятни айнан қай томонлама тушунганини аниқлаштириши керак, ана ундан кейин турли хил қарашларни муҳокама қилса бўлади.
Унутманг, ўсмирлар қанчалик ҳиссиётга берилувчан бўлмасин, улар билан дилдан суҳбат қурилса, ҳар қандай нуқтаи назарни тинглай олиши ва балки фикрини ўзгартириши мумкин. Бу жиҳат уларни кичик болалардан фарқлайди, улар вазиятни мулоҳаза билан таҳлил қилишга қодир. Очиқ мулоқот ота-оналар ва ўсмирлар ўртасидаги тушунмовчиликка барҳам бера олади ҳамда ўзаро ишонч, тушуниш муносабатларини мустаҳкамлайди. Уларни бир-бирига яқинлаштиради. Ота-оналар ўсмир фарзандларига ўз фикрини баён этишга имкон берганда, болаларнинг мантиқий фикрлаш, асослаш кўникмалари ривожланади, бу эса ўз навбатида уларнинг психологик саломатлигини яхшилайди ва бўлғуси ҳаётида бахт топишида ёрдам беради.
https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди