Биз шахсий чегара нима эканлиги ва улар бизга хаётда қандай ёрдам беришини кўриб чиқдик (https://nemolchi.uz/uz/2020/07/24/shahsij-chegaralar-nima-va-ular-andaj-buziladi/). Энди уларни қандай ўрнатиш ва ҳимоя қилиш кераклигини кўриб чиқайлик.
Шахсий чегараларни ўрнатиш
Жамият сизга ўз стандартларини илгари суради, улар ҳар хил ва қарама-қарши бўлиши мумкин. Уларни ўзингизда синаб, сизнинг дунёқарашингизга қанчалик мос келишини текшириб, ўзингизнинг чегараларингизни белгилашингиз мумкин.
Ўз чегараларингизни шакллантириш жараёнида, бошқа одамларнинг сизни бошқаришига йўл қўйманг. Улар ўз истакларингиз ва қадр-қимматингиз борасида шубҳаланишингизни хоҳлайди. У шундай кўринишда бўлади:
- “Кўк ранг сени ўн ёшга катта кўрсатади”. Сиз янги кўк кўйлагингизни шкафга улоқтириб, келажакда бу рангдаги либосларни кийишдан қочасиз.
- “Сен яхши ишлайсан, лекин керакли мутахассис бўлиш учун бу камлик қилади”. Ва сиз тинмай кунига 12 соат ишлаб, бошқа одамларнинг вазифаларини ҳам ўзингизга юклаб оласиз.
- «Қоматим сеникидақа бўлса, камроқ ширинлик ердим». Сиз қаттиқ диета қилиб, ўзингизни машғулотлар билан қийнаб ташлайсиз. Бир дона шоколад ёки ширинлик учун ўзингизни қойийсиз.
- “Дўстлар ёки қариндошлар билан мулоқот қилиш оиламиздан муҳим, деб ўйламайман”. Бундай жумладан кейин сиз яқинларингиз билан камроқ гаплашасиз ёки буткул орани очиқ қиласиз.
- “Сени пешанангдан ўпишимни ёқтирмайсанми? Лекин менга бу ёқади!” Сиз партнёрингизни ҳафа қилмаслик учун сизга ёқимсиз бўлган туйғуларни келтириб чиқарадиган ҳаракатлар қилишига йўл қўясиз.
Шахсий чегаралар – шахсан сиз учун қадрли бўлган нарсалардир. Сиз ўзингизни, хаётдаги ўрнингизни, нимани ёқтиришингизни, нимани ёқтирмаслигингизни, нимани яхши ҳис этаётганингизни ва сиз учун нима ёмонлигини тушунасиз. Бу қуйидаги кетма-кетликда содир бўлади:
- Сиз ўз ҳис-туйғуларингиз, эҳтиёжларингиз, қадриятларингиз ва бу дунёдаги ўрнингизни яхши англайсиз.
- Сиз ушбу қадриятларни бутун дунёга эълон қилишни хоҳлайсизки, дунё сизнинг қоидаларингизга мувофиқ яшасин.
- Ўзаро муносабат жараёнида сиз бошқа одамларнинг қадриятларига дуч келасиз ва улар сизнинг фикрингизга мос келмаслиги мумкин. Уларни ўрганиб ва ички дунёнгиз билан солиштириш орқали шахсий чегараларингизни аниқлайсиз.
Эҳтимол, сизга шахсий чегаралар рўйхати ёрдам берар. Ҳеч ким сизни безовта қилмайдиган вақтни танланг. Ўзингиз ёқтирмайдиган ҳаракатларни ёзинг. Агар бу жуда қийин вазифа каби кўринса, сиз «Мени хафа қиладиган 10 та нарса …» иборасидан бошлашингиз мумкин. Ва бу рўйхатни ҳар куни тўлдириб боринг.
Шахсий чегагараларни ҳимоя қилиш
Сиз ўз шахсий чегараларингизни белгилаб олдингиз ва кимдир уларни бузишга ҳаракат қилаётганини англадингиз. Нима қилиш керак:
- Ўз чегараларингизни айтинг. Одамлар ҳар доим ҳам шахсий чегараларингизни атайлаб бузишмайди. Улар меъёр чегарасида ҳаракат қиляпман, деб ўйлашади. Сиз индамасангиз, улар ўзларининг ғоялари ва хатти-ҳаракатлари сизга ноқулайлик туғдираётганини билишмайди ҳам.
- “Мен-хабарлар”дан фойдаланинг. Бундай техника орқали сиз суҳбатдошингизга ичингиздаги гапларни унинг кўнглига тегмасдан айта оласиз. Бундай хабарларда сиз ўзингиз ва туйғуларингиз ҳақида гапирасиз: “Мени қаттиқ қучоқлашни бас қил” ўрнига “Мен қаттиқ қучоқлашларини ёқтирмайман”, “Мендан нарироқ ўтиринг” ибораси ўрнига “Рўпарамда ўтирсангиз, ўзимни қулайроқ ҳис қиламан”, “Яна олма шарбатини олдингми, ундан нафратланаман” ўрнига “Менга олма шарбатидан кўра апельсин шарбати кўпроқ ёқади”.
- “Йўқ” дейишни ўрганинг. Барча учун яхши бўлишга мажбур эмассиз. Сиз учун ноқулайлик туғдирадиган бирон бир ишни қилиш сўралса, бемалол рад этинг. Бошқаларнинг илтимосларини ўз хоҳишларингиз, имкониятларингиз ва вақтингизга кўра қабул қилинг ё рад этинг. Эҳтимол, ҳамкасбингиз кечқурун қариндошини тўйига бориш учун сиздан ҳисоботини тугатишда ёрдам беришингизни сўрар. Агар вақтингиз ва хоҳишингиз бўлса, буни қилишингиз мумкин. Лекин бу сизга ноқулайлик туғдирса, илтимосини рад этиш айб эмас. Жинсий хаётда ҳам эр-хотин бир-бирига ёқмайдиган ҳаракатлардан тийилиб, ўзаро ҳузур берадиган муносабатларга эришишлари керак.
- Илтимосларини бажармаганингиз учун сиздан ҳафа бўлишса, бу сизнинг айбингиз эмас. Ахир, сиз ўзингиз учун қадрли бўлган нарсани ҳимоя қиляпсиз! Ҳамкасбингизга ҳисоботини тугатишга ёрдам бермаганингиз учун хафа бўлдими? У ишини қилишга улгурмаса, бу сизни айбингиз эмас, режаларига қилиб ишини тўғри тақсимлаши керак эди. Ёки турмуш ўртоғингиз сизга ноқулайлик келдирадиган нимадир сўраб, сиз рад жавобини берганингиз учунгина ажрим билан пўписа қилса, у сизни шахс сифатида қадрламаса керак.
- Ўз чегараларингизни ҳимоя қилишда қатъий ва изчил бўлишдан қўрқманг. Шахсий чегараларни ўрнатиш кўпинча қаршиликка дуч келади. Ахир, сиз кўп йиллар давомида ҳамма нарсага рози бўлиб келдингиз ва тўсатдан норозилигингизни билдира бошладингиз ёки “тилингиз чиқиб қолди”. Айниқса энг яқин инсонларингизга бу ўзгаришларни қабул қилиш жуда қийин: ота-оналар, болаликдаги дўстлар, эр ёки хотин. Ота-оналар учун бу айниқса қийин бўлиши мумкин – чунки Совет Иттифоқи даврида ҳамма нарса умумий эди, шахсий чегара тушунчаси йўқ эди.
Шахсий чегараларни ҳимоя қилишда қатъийлик муҳимдир. Айрим ҳаракатлар сизга ноқулайлик келтираётганини дарҳол тушунтиринг. Эҳтимол, вазият яна такрорланади ва қайта-қайта тушунтиришингизга тўғри келади. Агар сизнинг сўровларингизни эътиборсиз қолишда давом этса, «санкциялар» ни қўлланг. Улар индивидуал бўлади: муносабатларнинг табиатини ўзгартиришдан орани бутунлай очиқ қилишга қадар.
Чегараларингиз бузилишига қанча узоқ пайт тоқат қилсангиз, ўзлигингиз ва шахсингизни шунча тез йўқотасиз. Ҳар доим ҳамма учун яхши бўлиш мушкул. Ва агар сиз атрофингиздагиларнинг доимий розилигига муҳтож бўлсангиз, психолог билан маслаҳатлашиб кўрарсиз?