Ўртоқларим туфайли рақсга тушишдан уяламан

Ассалому алейкум! Ушбу ҳаётимда бўлган воқеани бўлишмоқчиман. Менга маслаҳат беринг. Эркак кишиман. Тароналар ва радио эшитишни ёшлик давридан яхши кўраман. Йўналишига келсак, реп йўналиши кўпроқ ёқар эди, уларга тақлид қилишга, қўлларимга бандамка ёки кепкаларни кийиб реперлардек расмга тушардим ёшликда.

Мактабда ўқиётган чоғимда синф хонамизда қандайдир байрам бўлди ҳозир эслолмайман. Ўша куни ҳаммамиз рақсга тушишни бошладик, тахминан 2008-2009 йиллар эди, мен 9 синфда ўқирдим. Мен ҳам дўстларимга мақтаниб реп йўналишида рақсга туша бошладим ва бир қанча услубларни кўрсатдим. Ундан олдин эса ҳамма «кўрсат, кўрсат, қани бир кўрайлик» деб қизиқиш билдиришди. Мен уларнинг гапи рост деб кўрсатдим. Кўрсатганимдан сўнг бутун синфдаги синфдошларим устимдан кулишди мазах қилиб.

Кейинчалик жуда афсусландим… Мана нечи йил ўтибдики, бу қўрқув ҳаммон мен билан, яъни рақсга тушишдан қўрқаман ва уяламан, ҳеч қаерда рақс туша олмайман, фақатгина қарсак чалиб тураман. Ҳамма дўстларим, яқинларим, курсдошларим тўйларида рақсга туш деб айтишади, мен эса уларга айта олмайман, жавоби битта -рақсга тушишни билмайман деб тушмайман.

Буни фобия деса бўлади, яъни рақсга тушиш фобияси. Бу фобияни номи ХОРОФОБИЯ экан. Ҳақиқатдан ҳам қўрқаман ва уяламан, ҳудди ҳозир рақсга тушсам кимдир куладигандек. Савол – бу қўрқувни қандай енгса бўлади? Нима қилишни маслахат берасизлар? Олдиндан рахмат.