Ҳар бир ота-она фарзанди учун хавотир олади. Аммо бу хавотир бизларни йўлдан адаштириши ҳам ҳеч гап эмас. Хўш, кучли назорат нималарга олиб келади? Аслида қандай йўл тутган маъқул?
Болам дарсларни қолдирмаяптими? Нимагадир рўжу қўймаганмикан? Ёмон давраларга қўшилиб қолмаганми? Интернетда тақиқланган сайтларга кирмаяптими? Ушбу саволларга тўғри жавоб топиш учун қуйидаги маслаҳатларимизга қулоқ тутинг.
ЎЗАРО ИШОНЧСИЗЛИК
Ота-она фарзандига ишончсизлик билан муносабатда бўлса, улар орадаги чегарани қўпол тарзда бузади. Дарди ичида юрган болаларда бири шундай дейди: «Онам истаган вақтида қўлимдаги телефонни олиб, профилларимни текширади. Яна синфдошларим билан гаплашсам, эшик олдида пойлаб туради. Чўнтакларимни титкилайди, осиб юрадиган сумкамни очади. Нимадир ёқмаса, роса уришади. Олдиндан ҳеч нарсани яширмасдим, ҳозир ҳам унақа ёмон сирларим йўқ. Лекин онамнинг доимий кузатуви сабаб, ёлғон гапиришга мажбур бўламан» Собира, 15 ёш.
АСЛ ВАЗИЯТНИ ҲИССИЁТЛАРДАН АЖРАТИШ
Қаерда ғамхўрлик ва чин дилдан қизиқиш туйғуси йўқолса, қатъий назорат бошланади. Фарзандлар хавфсизлиги масаласи бошқа масала. Ота-оналар кўпинча шахсий хавотирларини жиловлай олишади ва ноўрин жойда қўллашга ўрганиб қолишади. Шунинг учун хавотирлар асосли эканига аниқлик киритиб олиш зарур. Хавотирларингиз асл вазиятга мосми? Уни англай оляпсизми ёки болаларингизнинг шахсий чегарасини бузиш орқали, енгишга ҳаракат қиляпсизми? Хавотирнинг сабаблари кўп. Масалан, ота-онанинг ички қўрқувлари, ўз мажбуриятларимни бажара олмаяпман, деган фикрлари. Натижада бундай вазиятдан чиқиб кетишнинг ягона чораси, назорат бўлиб қолади. Назорат орқали ота-она қандайдир айбларини ҳам яширишга ҳаракат қилади. Ўтмишнинг салбий тааасуротлари ёки психологик жароҳатлар, шунингдек, ота-онанинг фарзандини қўл остидан чиқаришни истамаслиги ҳисси сабаб сифатида кўрсатилади. Агар вазият чиндан ҳам шундай бўлса, ота-она ўзига ҳаётим фарзандим ва хавотирларимдан бошқа яна нимадан иборат, деган саволга жавоб бериб кўриши керак. Агар манфаатларимиз ва интилишларимиз фақат фарзанд эҳтиёжига қаратилган, ўзимизники иккинчи даражага тушиб қолган бўлса, демак, нотўғри йўлдан кетаётган эканмиз.
ОЖИЗЛИК ҲИССИНИ ТАРБИЯЛАШ
Ота-онанинг боласини ҳадеб жиловлашга ҳаракат қилгани унинг фарзандига нисбатан ишончсизлигини ифода этади. Бу эса болага ҳаётий тажриба тўплаш, тўлақонли яшашга тўсқинлик қилади. Кучли ташқи назоратда ички назорат ривожланмайди. Аммо бизнинг мақсадимиз атрофдагиларнинг кўрсатмаси билан яшайдиган инсонни эмас, балки ички истакларига ўзи “стоп” дея оладиган иродаси кучли шахсни тарбиялаб камол топтириш. Буни амалга ошириш учун эса болага, айниқса, ўсмирга шахсий тажриба йиғишга имкон бериш керак. Дўстлари билан ўзи истагандай дўстлашсин. Акс ҳолда фарзанд ожиз, бировнинг ёрдамига муҳтож бўлиб улғаяди. Ҳаёт қийинчиликлари билан курашолмайди, мустақил иш тутолмайди, ўзига ишонмайди.
Энг ёмони, болани қанчалик назорат қилишга уринмайлик, ҳаммаси акси бўлиб чиқади: ота-она барибир истаганча жиловга эга бўлолмайди, фарзанд эса ишончни йўқотади. Бу ҳаракатларимиз билан болага ишонмаслигимизни ифодалаймиз. Шахсий йўлини танлашга изн бермаймиз
https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди