Парламентда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга доир қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.
Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи долзарб бўлиб турган айни вақтда ушбу қонун лойиҳасига кўра бир нечта қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Жумладан, Оила кодексида никоҳ бекор қилинганидан сўнг, вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшаши масаласини ҳал қилишда суд боланинг фикрини, етуклик даражасини, ёшидан қатъий назар унинг онги даражасини инобатга олиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шартлиги белгилаб қўйилмоқда.
Амалиётда никоҳ бекор қилинганда деярли 90/95 фоиз ҳолатда бола автоматик равишда она қарамоғида қолдирилиб, отанинг бола тарбиясидаги ҳуқуқлари, айрим ҳолларда боланинг фикри ҳам инобатга олинмайди. Бироқ беш қўл баробармас, деганларидек, баъзи вақтларда она томоннинг аҳлоқи ва имкониятлари болани тарбиялашга етмаслиги мумкин. Шунга қарамай боланинг ҳохишига зид бўлса ҳам суд томонидан болалар она қарамоғида қолдирилаётган вазиятлар ҳам учраб турибди. Шу боис, фарзанд тарбияси ва вояга етказишда ҳам гендер тенглигига риоя этилиши шарт.
Мазкур ўзгариш бу тенгликни таъминлашга ёрдам беради, деган умиддаман.
Шунингдек, қонун лойиҳага кўра «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга қўшимча киритиб, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқишни кафолатлаш, бунда бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўймасликни белгилаш назарда тутилмоқда.
Болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъий назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши кафолатлаб қўйилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси юзасидан парламентнинг янги таркиби қарор қабул қилиши керак.
Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати