Якинда бир постда гендер тенглиги хакида негатив шарҳ остидаги фикрлар тўқнашувидан жуда тутақиб кетсам-да, эҳтиёт бўлиб суҳбатлашдим. Жамиятимизда гендер тенглиги ҳақида ҳали тушунча камида бироз юзаки эканлигига амин бўлдим.
Нимага бундай бўлаяпти? Нимага бизда аёлларни эркин қўйишдан қўрқишади? Нимага бизда хотин қули, хотинга елка берсанг бошинга чиқиб олади дейишади? Нимага аёлларга ишонилмайди, нимага уларга хали ҳам куч ишлатилади? Ушбу саволларни иложи борича таҳлил қилишга ҳаракат қиламан.
Бу муаммо фақат бизда, ўзбеклар ёки мусулмонларда ҳам эмас, бутун дунёда қаердадир жиддий, қаердадир енгилроқ – лекин мавжуд бўлиб келган қадимий феномен.
Русларда ҳатто “бьёт – значит любит” каби бу ҳолатни оддий қилиб кўрсатувчи қадимги айтувлар ҳам бор. Ҳайрон қоламан…
Аёлларнинг нимасига хўжайинлик қилмоқчи бўламиз ўзи? Эркак кучлилиги аёлни куч билан хўжайинчилик қилиш учун эмас, аёлни ҳимоя қилиш, оғир ишларни қилиш учун, уй қуриш учун. Аёл эса бизга, инсониятга кўпайишимиз учун зарур, уларсиз ҳеч киммиз, улар ҳам бизсиз ҳеч ким. Уларнинг организми шунақа, туғишга, яхши кўрилиб эъзозланишга мойил. Шунинг учун ҳам улар нозик, чиройли.
Улар эркакка ўхшаб қийинчиликда ишлашга, оғир кўтаришга мажбур бўляптилар. Нимага? Эрлар эплаб қарай олишмайди.
Булар физиологик фарқларимиз эди.
Энди интеллектуал жиҳатдан гапирсак, улар биздан ҳечам кам эмас. Шунчаки мана шу жамиятимиз уларни паст кўриб, ўйлашдан чеклаб, ўзларидан фаҳрланишга йўл қўймай келган. Шу учун ҳамма аёллар ҳам ақлли эмас. Қаёқдаги тақинчоғ-у пулга ўч бўлиб қолган, бу билимсизликдан, холос.
Ҳар бирингиз ўзингизнинг қобилиятларингизга, ақлингизга ўзингиз ва бошқалар ишонмаган пайт бўлганми?
Ўчир овозингни, балони билармидинг, тур анавини олиб кел, э, сочи узун, ақли калта, сен ожизасан (афсуски, ўзим ҳам бир вақтлар шундай муносабатда бўлганман аёлимга, аммо кейинчалик аста-секин тушуна бошлашим билан хатоларимни тўғирлаб келаяпман). Уларга мунтазам равишда ҳеч ким ишонмайди. Бу эса азобли ҳаёт.
Она, она деймиз. Онаизор ҳақида минглаб шеърлар, қўшиқлар яратганмиз, улардан таъсирланиб йиғлаймиз.
Ўз боламиз учун хотинимиз она эмасми? Синглимиз, қизларимиз бўлажак она эмасми? Бировнинг қизи, сизнинг шаҳватингизни оширворган чиройли қизча бўлажак она эмасми?
Ёр ҳақида-чи?? Шунча минглаб йиллик ёр ҳақидаги қўшиқлардан ҳеч нима ўрганмадикми? Уни қанчалик эъзозламоқчилигимизни ҳис қиламизу, реал ҳаётга келганда эгоизм билан қуролланган жисмоний кучимиз билан ақлимизни хиралаштириб, унга эгалик қилмоқчи бўламиз.
Қисқаси, икки юзламачилик қилмай, виждонимизга тик қараб яшашниям ўрганайлик, чунки нима тўғри, нима нотўғрилигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Аёллар, сизлар эса ўзларингизнинг буюк эканликларингизни ўзингиз хис қилмасангиз бўлмайди. Буюкларга эса майда-чуйда муаммоларга аралашиб юриш ярашмайди.
Аёлларга эркинлик беришдан қўрқаётган «эркак» ларга:
Қўрқманг, аёлингиз эркинлик олгач кутуриб кетмайди. Улар ҳам сизларсиз хаётларини тасаввур қила олмайди, кўчага чиқиб кетмайди. Ҳаммаси сизга боғлиқ, хотин керак бўлса куч билан эмас, меҳр билан ушланг!
Эээ, тугатишга сабрим йўқ, минг йиллардан бери айтилиб келинган ҳаммаси…
Шариф Худойбердиев