– 10 ёшлигимда Франция мадҳиясини ёд олганман. Мактабда француз тилини ўрганардик ва бу тилга қизиқишим кучли бўлган. Пахта териш ўрнига онамга, акаларимга мадҳия ёки бирор қўшиқ айтиб берардим, улар эса мени тинглаб пахта теришарди. Мен ўзи умуман “норма” бажарган одам эмасман. Қишлоқда оддий балиқчи оиласида туғилганман, оиламиз қийналиб кун кечирган, яширмайман, – дейди Навбахор.
2000 йилда мактабни битириб, Жаҳон тиллари университетига ўз кучи билан француз филологияси факультетига “контракт”га кирган. Биринчи йил ҳам, иккинчи йил ҳам “контракт”га илинаверган. Иккинчи йил Навбахорнинг онаси “Энди ортга йўл йўқ! Қишлоққа қайтсанг, орзуларингга эриша олмайсан, турмушга чиқасан ва қолиб кетасан. Ўқийман десанг, қўлимни сотиб бўлса ҳам сени ўқитаман” деб айтади. Шу билан бутун оила қизнинг контракт пулини тўлаш учун ишлашни, Навбаҳор эса ўқишни бошлаган. Оилада 3 ўғил бўлишига қарамай, биргина қиз ўқиди. Улар ўзини ўқишда кўрмаган, қора меҳнатдамиз деб, ўқиш ҳақида ҳатто ўйлашга ҳам журъат этишмаган.
– Уч ўғилга эмас, ота-онам айнан менга сармоя қилишди, биласизми, бу ҳам мардлик. Қишлоқ жойда қиз болани ўқитиш пул йўқотиш билан тенг. Негаки инвестиция доимо қиз эмас, ўқилларга тикилади. Менда тескариси бўлган. Ваҳоланки, қиз болани ўқитиш бу – жамиятни, келажак авлодни ўқитиш дегани. Ўқиган аёл фарзандига тарбия, маданият ва илм бера олади, – дейди Навбаҳор.
2005 йилда амаллаб ўқишни тугатиб олади. Бу оила учун контракт тўлашни ўзи бўлмаган. Уйдагилар контракт учун пул тўплаган бир пайтда қишлоқдан келган ҳеч кими йўқ қиз Тошкентдай ютвораман деган шаҳарда яшаб қолиш учун тўрт-бешталаб жойда ишлашига тўғри келган. Фаррош бўлиб ишлади, кечаси билан лағмон чўзиб саҳар кундузи сотар, гуруч ҳам сотган.
24 ёшда Навбаҳор Тошкентда ўзини топа олмай Францияга кетишга қарор қилади. Ота-онасидан яна бир марта ёрдам беришларини сўрайди. Охирги ҳўкизни сотиб қизларини аранг Францияга кузатишади. Навбаҳор у пайтда уни олдинда нима кутишини билмасди. Лекин у қийинчиликлардан қўрқмасди. Тошкентда кўприк тагида ҳам тунаган вақтлари бўлган қиз нимадан ҳам қўрқсин! Ўзига қайта-қайта “Фақат орқага қайтиш йўқ” дерди. Ватандан узоқларга кетиш унга ҳам осон бўлмаган, негаки айни шу пайтда қамбағалчилик акаларини Россияга кетишга мажбур қилган, у ерда паспортларини олиб қўйиб, акалар бедарак йўқолган, она инфаркт бўлган. Лекин ўша пайтда кетмаса, шу билан бошқа имкон бўлмаслигига ишонга Навбаҳор Францияга кетади.
Францияда ҳам биринчи йил осон кечмаган, жуда оғир, қора ишлар ҳам қилишга тўғри келган. Бир дугонасидан 30 евро қарз олиб тикув машинасини харид қилади. Ўзи тикишдан хабари бўлгани учун шу ишни бошлаган. Бир-икки кичик ишлар олди, унга-бунга нарса тикиб берди, 1-2 евро ишлашни бошлади. Болаларга байрамларга кийимлар, кимгадир парда тикди.
– Қўл меҳнатини яхши кўраман, табиатим шунақами, билмадим. Доим тикиш қилсам, онам ёнимда тургандек бўладилар. Ҳозир онам бу дунёда йўқлар, лекин ҳозир ҳам тикиш қилган пайтим онам олдимда туриб, елкамдан тутгандек бўладилар. Шу билан Франция ҳаётига ўргана бошладим. Мен ўзимча дизайнер бўлишни орзу қилган пайтларим. Лекин бизнес мактаблар, тикиш курслари Францияда жуда қиммат. Яна ўша муаммо, чўнтагим кўтармас эди. Демак ишлаш керак, маблағ йиғиш керак. 2008 йилда Францияда катта инқироз даври бошланган, бутун корхоналар Хитойга кўча бошлаган. 1 ой, узоғи 2 ой турли корхоналарда ишладим. Кейин ўз ишимни очмоқчи бўлдим. “Бренд яратаман!”, деган мақсад пайдо бўлди. 2010 йилда кичкинагина ателье очдим. Тиккан кўйлагим устига “Баҳор” деган ёзув тушурсам, бўлди, у бренд бўлади деб ўйларканман ўшанда. Аслини олганда бу умуман бўлмаган хаёллар экан. Бу катта иш, катта меҳнат. Мен эса меҳнатдан қўрқмайман, – эслайди қаҳрамонимиз. – Ўша даврда ҳаётимда яна бир бурилиш бўлди. Бир Франциялик йигит билан танишиб, турмуш қурдик. Ишни бошладим-у, фарзанд кутаётганимни билиб, кетма-кет икки фарзанд билан иш фаолиятимда 4 йил танаффус бўлди. Ательеда ишлар секин бўлса ҳам юриша бошлади ва мен бошқаларга ҳам ёрдам беришни хоҳладим.
Францияда мигрант аёллар яшайдиган кварталга бориб, аёлларнинг дардини ўрганади – кимдир ишга муҳтож, кимгадир молиявий ёки психологик ёрдам керак. Буларни ўрганиб, шу аёлларни ишга ёллашга қарор қилади, шу билан биргаликда касб ўргатишни ҳам бошлади. Энди эса фаолиятини Ватанида давом этирмоқчи. Ўзбекистонга келиб, 5 та вилоятда бўлди. Тадбиркорликка қизиққан кўплаб аёлларни учратди. Ижтимоий тадбиркорликни аёллар орасида ривожлантириш ва бунга бўлган қизиқишни кўрмоқчи бўлди.
– Ижтимоий лойиха – бир кишининг муаммосини эмас, балки умумий муаммони ҳал қилувчи лойиҳадир, дейди Навбаҳор. – Французларда бир мақол бор: “Бинони қуришга ҳар ким ўзини тошини олиб келади”. Ташкилий масалаларни хал қилиш қолди. Бу лойиҳа ишга тушса, ёш қизлар ва аёлларнинг бандлиги таъминланади. Ҳозир акаларим мен билан фахрланишига ишонаман. Фарзандларим француз тилида мулоқот қилишади, лекин қишлоқда бўлганимизда ўғлим ва жиянларим бир-бирини тушуна олди. Болам эшакка минди, кўчада ўйнади, лой кечди. Фарзандим мен катта бўлган жойларни кўриши, билиши, ҳис қилишини хоҳлайман. Мени Ватаним ўзига доим тортади.
Манба: “Қизлар овози” мактаби
https://t.me/qizlar_ovozi_maktabi