Самарқанддаги “Раҳмдиллик” маркази директори бизни кутиб олар экан, йўлма-йўл айнан шу мавзудан гап очдилар.
— Ҳозир энг катта муаммоимиз – миграция. Унинг кетидан оилалар пароканда бўляпти, уйлар эркаксиз, болалар отасиз қолиб кетяпти.
— Шу масалани давлат миқёсида хал қилмасак оқибати бугунгидан ҳам ёмон бўлади, – дейди Бибисора опа. – Эркаклар-ку кетиб у ёқларда ўзига бошқа оила қиляпти-да, бу ердаги аёли, фарзандлари ўтирган жой на эрини номида бўлади, на келиннинг бу уйда пропискаси ҳам бўлмайди. Шу билан аёллар кўчада қолиб кетяпти.
Марказда суҳбатлашган илк аёлимиз ҳам айнан шу муаммога болалигидан учраган экан. Шаҳло (исми ўзгартирилди) айни ўсмирлик чоғида аввал отаси, кейин онаси, сўнг акаси ҳам Россияга ишлаш учун кетади. Укаси ҳам бир вақт Россияда ишлаган, лекин ватанга қайтиб, уй-жой қилиб, оиласи билан яшамоқда.
Қаҳрамонимиз 4-синфдан қўл жангини ўрганади. Деярли ҳар куни спорт мактабига қатнайди. Унга, укасига ва яна бир синглисига катта опаси ота ва она ўрнини босади. Опа турмуш қурмади, укалари учун ўз бахтини ҳам ўйламади. Лекин қишлоқдаги гапларни кўтармасдан шаҳарга кетиб, ҳарбий соҳада ишлаяпти. Шаҳло 10 йил ота-онасини кўрмасдан ўсди. Улар фақат қизларининг тўйига яқин Россиядан қайтишди.
Қаҳрамонимиз бўлажак турмуш ўртоғини кўп суриштирмай тўйга розилик беради. Қайнонаси муштипар бир аёл экан, лекин эридан тузук рўшнолик кўрмади. Шаҳлони келин қилиб олишаётганида отаси қизининг спортчи эканини, тўйдан кейин ҳам ишини ташламаслигини айтса қуда томон қўнди-ю, тўйдан кейин “йиғиштир” дейишди. Қайнонаси раҳматлик ҳаммадан яшириб, келинини ишга боришига рухсат берарди. Шаҳло мураббийлик қилар, шогирдларини ташлашга кўзи қиймасди. Эри бу ҳақида билиб олгач, Шаҳлони уйга қамаб қўйганди…
Қайнонаси тўйдан кейин узоқ яшамайди. Ўзи қараган қайнонасини Шаҳло тупроққа топширади. Шундан кейин у умуман кутмаган ишлар бўлиб кетади. Қайнотаси негадир ўзини бошқача тута бошлайди. Кечаси келинига қўнғироқ қилиб олдига чақириб олади, тонг саҳардан олдимда ўтир, деб чақириб олади. Шаҳло ўзи спортчи эмасми, жуда ориятли қиз. Ҳеч кимга қайнотасининг қилиқларини гапирмади-ю, ҳали аёлининг қирқи ҳам чиқмасидан уйда оғайнилари билан айш-ишрат қилганига бир оғиз қайнотасини уялтирганига уйдан ҳайдалди-қолди.
Уйга келиб ҳам на дадаси, на укасига бўлган воқеаларни гапирмади. Энг алам қиладигани тўйидани кейин онасидан, бир оз вақт ўтгач эса отасидан ҳам айрилди. На болалигида уларнинг дийдорига тўйди, на келинлик бахтидан сарбаст бўлиб уларга шу бахтини улаша олмади. Спортга рухсат беришмагач, ўзига умуман терс бўлган бир касб – қандолатчиликни ўрганиб, бир устаси фаранг тортчи бўлиб кетганди. Эри ишламаса ҳам Шаҳло ҳеч қачон қўлини қовуштириб ўтирмасди. Лекин шу ҳунарни ҳам эри унга кўп кўрганди.
Ҳозир Шаҳло укасининг уйида қизи билан яшаб келяпти. Олий маълумоти йўқ эди, бу йил олий таълим муассасасига ҳужжат топширмоқчи. Афсуски, оиласидан ажрашгач, спорт мактабига қайта олмади, ҳамма унга ёмон кўз билан қарайдиган бўлди. Лекин “формани” йўқотмаслик учун уйда шуғулланиб турибди. Бирон қандолатчилик цехини ҳам очиш нияти бор. Ҳуллас режалари катта. Муҳими, укасининг оиласи унга бир оз вақт тегинмасдан сиғдирса бўлди. У оёққа туриб олади ҳам, уйли ҳам бўлади.
Шахло «Рахмдиллик»да вақтинча бўлиб турибди. Даволанишни тугатиб, орзуларни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилади.
❗️Бибисора Орипова ва “Раҳмдиллик” ННТ ишини қўллаб-қувватламоқчи бўлсангиз, PayMe ёки ҳавола орқали пул маблағлари ўтказишингиз мумкин.
Самарқандга ташрифни ташкиллаштиргани учун ACTED Uzbekistan (https://www.facebook.com/ACTEDUzbekistan/) лойиҳасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.