Гоҳида атрофдан шундай гапларни эшитиб қоламиз: «чунонам тушкунликка тушдим-ки», чунки «куз», «уйқуга тўймаяпман», «ишда муммолар кўп». Айнан ушбу гап-сўзлар туфайли одамлар тушкунлик атамасини касаллик деб эмас, балки ялқовлар ёки мижғовлар учун мисоли баҳона сифатида қабул қилишади ёки шунчаки вақтинчалик ҳолат деб ўйлайди. Афсуски, бу ҳолат асло тез вақтда ўтиб кетмайди ва ҳақиқий касаллик ҳисобланади. Энг ёмони, уни аниқлаб олиш мушкул. Ўзимиз енгишимиз керакми ёки шифокорга мурожаат қилиш зарурлигини ҳам билмаймиз.
Психиатрия фанидан тилимизга кириб келган кўпгина атамалар негадир салбий маънога айланиб кетган. Масалан, илгари ақлий ривожланишнинг ортда қолганини ифодаловчи сўзлар (овсарлик, ақли заифлик), оқибатда камситиш, калака қилиш маъносида қўллана бошланган. Шунинг учун баъзи бир касалликларга бошқа ном топишга тўғри келган. Аммо тушкунлик сўзи ўзгармай қолган. Жамият наздида у хавфли касаллик эмас ва унга чалинган инсонларга раҳм қилмаса ҳам бўлади.
Келинг, аввалига тушкунликка олиб келувчи сабабларни кўриб чиқамиз. Биринчидан, шуни тушуниш керак, ҳар доим ҳам бахт ва қувончни ҳис қилиб яшаш қийин, қайғу, хавотир, зерикиш каби ҳиссиётларнинг бўлиши табиий. Масалан, ишда кўнгилсизликлар бўлса, қайғуга тушамиз, ким биландир уришиб қолсак ачинамиз, айрилиқ ёки ажралишни бошдан ўтказиш жуда қийин, яқин инсоннинг ўлимига қайғуриш азобига чидаб бўлмайди, аммо буларнинг бари табиий сезгилар, улар қанчалик вайронкор бўлмасин, биз қабул қилишимиз шарт.
Агар ойлар ўтса-да, бу ҳислар ўтиб кетмаса, уларга қарши чора топа олмасангиз, ана унда кучли тушкунлик ҳақида гапириш мумкин. Уларнинг пайдо бўлишига ҳақиқий сабаблар бор. Қолаверса, одамлар кўз ўнгида ҳам бундай инсон чинакам азият чекаётган шахс бўлиб кўринади. Бунинг учун атрофдан “ўзингни қўлга ол” деган норозиликлар билдирилиши мумкин.
Баъзида ҳеч қандай сабабсиз ҳам тушкунлик содир бўлиши мумкин. Бунда одам умуман енгиллашмайди, балки қийноқли вазият чуқурлашиб бораверади. Бундай тушкунлик ҳолати эндоген дейилади, яъни у ички, биокимёвий сабаблар туфайли келиб чиқади. Олимларнинг фикрига кўра, бу сабабларга биоген аминларнинг (серотонин, дофамин, норадреналин) етишмовчилиги киради. Биоген аминларнинг етишмовчилигини тамаки чекиш, спиртли ичимликларни ичиш каби зарарли одатлар келтириб чиқаради.
Тушкунликнинг белгилари қандай? Кайфият тушишини ҳамма яхши билади. Яна бир белгиси тушкунликдаги инсон секинлашиб қолади. Унинг онги ва жисмоний ҳаракатлари тезлиги камаяди. Тушкунликка тушган одам ўзи хоҳлаб каравотда ётмайди, балки жисмоний ҳолсизлик учун ҳам фаол ҳаракат қила олмайди. Доимий чарчоқ, қувват йўқлиги сезилади, мамнунлик ҳисси йўқолади, ўзини кераксиздай ҳис қилади, омадсизлик қамраб олгандай туюлади. Кўпинча уйқу бузилади, иштаҳа пасаяди ёки аксинча, яхшиланади, жинсий майл сусаяди, ичқотиш кузатилади, кўкрак қисмида оғриқ бўлиши ҳам мумкин. Баъзида бошқа аъзоларда ҳам оғриқ кузатилади.
Сиқилиш билан тушкунлик бир нарса эмас. Сиқилиш тушкунликдай ич-этингизни емайди. Сиқилиш ўтиб кетади, тушкунлик эса йўқ. Кўнглингиз ғаш бўлганда, сиз кутилмаган ҳазилдан кулиб юборишингиз мумкин. Аммо тушкунликка тушган инсон бундай қилолмайди. Сиқилганда, суицид ҳақида ўйламайсиз. У яшашга халал бериши мумкин, лекин уни чилпарчин қилмайди. Сиқилиш ҳам ёқимсиз ҳолат, гоҳида оғриқли, аммо ўтиб кетади. Тушкунлик эса оғриқдан ҳам кучли, унга чидаш қийин, бошқа бундай яшай олмайман, деб ўйлайсиз. Энг ёмони, хаёлга турли бўлмағур фикрлар келади ва бу салбий тафаккур айнан тушкунликка тегишли. Тушкунлик сизни бурчакка қамаб қўяди. Лекин шуни унутманг, тушкунлик дардини даволаса бўлади.