Бугун Орол фалокати – Ўзбекистон учун асосий мавзулардан бири. Ҳам халқаро, ҳам миллий даражада у билан фаол шуғулланилмоқда. Бироқ, унга ҳеч ким парво қилмаган, маҳаллий аёлларнинг муаммолари билан эса фақат алоҳида жонбозлар ишлаган вақтлар ҳам бўлган. Бугун биз улардан бири – жамоат арбоби, ҳунарманд ва дизайнер Гулнора Ембергенова ҳақида сўзлаб берамиз.
Туризм, ҳунармандлик ва ишга жойлаштиришнинг муқобил вариантлари – у раҳбарлик қиладиган «Оролнинг олтин мероси» қорақалпоқ жамоат бирлашмаси шуғулланадиган соҳалар. «Мен инсонларга фаол бўлишда, ўз даромадига эга бўлишда, уларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиришда кўмаклашишни истайман» – дейди Гулнора. Унинг сўзларига кўра, Қорақалпоқ халқи ўзига хос, бу ерда барча ўзини уйдагидек ҳис қилади.
Ҳаммаси қандай бошланди
Гулнора Ембергенова Нукусда туғилди, қорақалпоқлик кўп болали оилада у тўнғич фарзанд. Унинг отаси – гидробиолог, биология фанлари номзоди, Фанлар академияси балиқчилик лабораториясида ишлаган, онаси – физик, мактабда дарс берган.
Қизнинг ижодий қобилиятини биринчи бўлиб болалар боғчасидаги тарбиячи сезган, у Гулноранинг чизган расмларига қараб, доим: «Вой, сен менинг рассом қизим! Эртага сен катта рассом бўлиб етишасан!» дея такрорларди. Бу сўзлар боланинг кейинги келажагига таъсир кўрсатган.
«Ўйлайманки, ҳар бир инсон, миллатидан қатъи назар, дастлаб истеъдодли бўлади. Мен болалигимдан дунёни яхшироқ қилишга интилганман ва охир оқибат, мен аёлларни ҳунармандчиликка ўргатаман ва шунинг орқасидан пул топиш йўлларини кўрсатаман», – Гулнора Ембергенова билан бўлган узун суҳбатимиз шу сўзлардан бошланди.
Гулнора мактабда ўқиган вақтлариданоқ рассом бўлишга қарор қилади, шунинг учун 8-синфни якунлаганидан кейин у Жапак Шамуратов номидаги Нукус санъат билим юртига ўтади ва бўлажак мутахассислиги – бадиий безашни ўрганишни бошлайди. Ота-оналар, ўқитувчилар, синфдошлар ва мактаб директори учун – бу кутилмаган янгилик бўлди. «Ўша пайтларда у ерга барча ёмон ўқиган болалар юбориларди, шунгача етиб бордики, ота-онам ҳужжатларимни топширишдан бутунлай бош тортишди ва мен ҳаммасини ўзим қилдим. Гап шундаки, бу ерда ёмон ўқитишарди, шунчаки ҳеч Ким бу касбни жиддий қабул қилмас эди», – дейди Гулнора.
Билим юртида у пайтда жуда истеъдодли ўқитувчилар ишлаган. Мисол учун, Музафар Эшанов – Тожикистондан Тошкентга, бутунлай бошқа минтақа, маданияти бошқа бўлган халқ орасига келган ва шу ерда рассомлар тайёрлашни бошлаган.
«Педагоглар таркиби шунчалик профессионал эдики, бу билим юрти Ўзбекистондаги энг кучли масканлардан бири ҳисобланар эди. Талабалар доим ўқитувчиларининг ёнида бўлиб, улар билан жиддий буюртмаларни бажаришарди, шулардан бири «Тошкент» меҳмонхонасини безаш билан шуғулланишган. У пайтлар Совет Иттифоқи таркибида эдик, иш кўп эди, биз ҳам ўқиб, давлат буюртмаларини бажарардик. Ўқишни битирганимдан сўнг мен Островский номидаги Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтига ўқишга йўлланмани қўлга киритдим, – дейди суҳбатдошимиз.
Гулноранинг сўзларига кўра, бўлажак касбини тасодифан танламаган, у доим инсонларга ёрдам бериш, уларинг ҳаётини қулай қилишни истаган. «Интерьер ва қурилмалар бўйича дизайнер» – бу доим инсон ҳаёт сифатини яхшилаш, уни қизиқроқ қилиш, муаммоларни ҳал қилишни, ҳар киши ўзини қулай ҳис қилиши ҳақида ўйлайдиган, ўзига хос фикрлаш йўли.
«Ўша йилларда тез-тез кузатиладиган ҳолат – пахта терими бизни бирлаштирди. Биз, албатта, бу меҳнатдан хурсанд эмасдик, бу жуда оғир иш, у ўқиш вақтимизни оларди. Ҳақиқатдан ҳам, уч ой пахта терими – бу кўп муддат, лекин бир-икки ҳафта бўлса, унда етарли. Талаба ҳаётида пахта даври ёрқин таассурот бўлиб қолади – одамлар танишишади, бир-бирини яқинроқ билади. Aйнан ўшанда мен жуда қобилиятли инсонлар билан ўқиётганлигимни англадим, улар ашула айтишар, чизишар, рақс тушишар эди. Умуман, институтда ҳар биримиз кўп қиррали мутахассис бўлиб улғайишга интилардик ва бу ҳаётимда жуда ёрдам берди», – сўзлайди Ембергенова.
Суҳбатдошимиз, бугун унинг кўплаб синфдошлари машҳур ва донгдор артист, режиссёр ва рассом бўлиб етишганлигини қўшимча қилди. «Масалан, мен Тимур Бекмамбетов билан ёнма-ён ўқиганман. У ўзгармаган – ўша соқол, ўша соч турмаги, лекин у ҳозир кўп гапирадиган бўлган. У билан учрашишни истардим, ишонаманки, Тошкентда ўқиш даври ҳақида унда ёқимли хотиралар қолган» – дейди Гулнора.
Катта ҳаёт
«Институтни тамомлаганимда, мутахассислигим бўйича қаерда ишга жойлашишим мумкинлиги ҳақида ўйлай бошладим. Ўша пайтларда мебел тайёрлайдиган ҳеч қандай устахоналар йўқ эди. Шунинг учун менда қандайдир янги интерьерлар, трансформацияланувчи мебел яратиш ғояси пайдо бўлди. Мен Нукусга юксак режалар билан келдим, лекин, барчаси менга боғлиқ эмаслиги, ҳамма нарсани қила олмаслигимни тушуниб етдим. Aввал ижодий ишлаб чиқариш устахоналарида ишлашга тўғри келди, кейин билим юртига ўқитувчи бўлиб ишга жойлашишга эришдим», – сўзлаб беради Ембергенова. Қаҳрамонимизнинг шахс сифатида етишган энг муҳим йиллари Совет Иттифоқининг парчаланиш даврига тўғри келди, бу воқеалар унинг кўз олдида содир бўлди.
«Aвваллари Москвада режа бўйича иш юритадиган ва биз учун барчасини – қачон ва қандай костюмлар тикишни ҳал қилувчи Бутуниттифоқ театр уюшмаси бўларди. СССР парчаланганидан кейин дастлаб ҳамма ўзини йўқотиб қўйди. Шундан сўнг раҳбарлик роли Тошкентга кўчди, аммо биринчи буюртмаларданоқ, костюмлар зарур талабларга жавоб бермаслиги аён бўлди, балетмейстер ва раққосларга кўп кийимлар ёқмас эди – нақш ва ранги яхши эмас, тўғри тусда эмас, пропорционал нисбат нотўғри. Шунда Қорақалпоқнинг машҳур ансамбли «Aйкулаш» менга костюмлар тайёрлаб бериш илтимоси билан мурожаат қилишди, бу менинг бирнчи буюртмам эди», – ёдга олади у.
Хорижий «гастроллар»
Қорақалпоғистон Маданият Вазирлигида СССР парчаланишидан бироз аввал, ижодий интеллигенция – Байрам Муродов, Пўлат Мадрейимов ва бошқалар – Москвага бориш ва у ерда иш қандай олиб борилаётганлигини кўриш лозим, эҳтимол вақт ўтиб театр кийимларини тикиш бўйича ўз цехимизни очишга эришармиз деган қарорга келишди. Москвага Гулнорани жўнатишди.
«Мени у Ерга 20 кунга иш сафарига юборишди, мен цехларни айланиб, кузатдим. Москваликлар менинг чизмаларимни кўриб, ўзларига оғдиришга уринишди. Менга: «Кел, бизда Ўрта Осиё костюмлари бўйича рассом бўласан» дейишди. Эҳтимол, ўшанда шу таклифдан фойдаланиб, Москвада бироз ишлаш, тажриба тўплаш тўғри бўларди, лекин мен Нукусга қайтиш, ўз ижодимни айнан Ватанимда намоён қилишни истардим. Қорақалпоғистон менсиз бўлишини тасаввур қилолмасдим», – дейди Ембергенова.
Устознинг ўрни
Ҳамсуҳбатимиз – ижодий инсон, доим изланувчан, кимгадир интилувчан киши ва эҳтимол, айнан шунинг учун уни тақдир ажиб инсонлар билан учраштирган, шундай инсонлардан бири Пўлат Мадрейимов.
«Aйкулаш» ансамбли учун ишлаш, менга ўз қарашларимни ўзгартириш, бошқалар қандай ишлаши, ўқишини кузатишга ёрдам берди. Бунда Пўлат Мадрейимов – таниқли балетмейстер, Қорақалпоғистон халқ артисти катта рол бажарди. Мен унинг ёнига маслаҳат сўраб тез-тез ташриф буюрардим. Бундай инсонлар ҳақида: «Истеъдодли инсон – ҳар соҳада истеъдодли» дейишади. У барчаси – рақснинг ритми, ҳаракатлар, костюмлар ва нақшлар миллиметргача монанд бўлишини истайди. Унинг ана шу эътибори одамни лол қолдиради, у юракдан ишлайди ва ҳатто кичик элементларга шунчаки кўз юма олмайди. Унинг иқтидори Худо томонидан берилган ва шунинг учун унинг рақслари ғоят гўзал», – фикрлари билан бўлишади суҳбатдошимиз.
Биринчи қадамлар
Четдан қараганда, Гулнора оддий қорақалпоқлик аёл: кичик жуссали, қорамағиз, кўзлари осиёликларга хос. Бироқ у билан мулоқотда қалб кучи сезилади, у қаҳрамонимизга жиддий қарорларни қабул қилиш имконини беради.
У ўзи ҳақида шундай дейди: «Менинг характерим инқилобчи – мен доим нимадандир норозиман, доим ниманидир ўзгаритиришни истаганман. Ёдимда, ўтган асрнинг 80-йилларида биринчи нодавлат ташкилотлар пайдо бўлишни бошлади. Уларга, албатта, ҳукумат эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлди, лекин иш бериб туришарди. Aйнан ўша вақтда – «Орол ва Aмударёни ҳимоя қилиш Иттифоқи» ва «Презент» НДТ лойиҳалари пайдо бўлди, – мен улар билан ҳамкорлик қилардим. Бизга қизиқарли инсонлар – хорижликлар келишарди, бизнинг одамлар улардан янги нарсаларни ўрганишарди. Совет Иттифоқи ўшанда ёпиқ ҳудуд эди, бу ерда эса хорижликлар. Улар тирик ва ҳақиқий эди. Бизга барчаси қизиқарли эди ва уларни жон қулоғимиз билан эштардик, улар нималар билан шуғулланишлари ҳақида сўзларди ва биз бунда иштирок этишни истардик».
Қаҳрамонимизнинг ННТ даги иши ана шундан бошланди. Ўша даврда, Гулноранинг сўзларидан, айнан улар янги ҳаётга поғона, унинг дунёга бўлган муносабатини ўзгартирган ўзига хос мактаб бўлди.
«Мураббийларим сабабли, ҳар бир инсон ривожланишга ўз ҳиссасини қўша олиши мумкинлигини тушундим. Бунинг ҳаммасида фаол иштирок этиш истаги пайдо бўлди. Мен ҳатто билим юртидаги ишимни қолдириб, олдинга интилдим. Шундай қилиб, улкан шубҳалар остида, менда ўзимнинг «Оролнинг олтин мероси Жамоат бирлашмаси» нодавлат нотижорат ташкилотим пайдо бўлди. ННТ 1988-йилда рўйхатга олинди. Унинг биринчи лойиҳаси аёллар учун янги иш ўринларини яратиш орқали қорақалпоқ амалий санъатини қайта тиклаш бўлди.
«Намуналари музейларда турган қорақалпоқнинг ажойиб каштаси ўлик санъат ҳисобланиши мени хафа қиларди. «Нима учун бу санъат минг йиллардан буён авлоддан авлодга ўтиб келяпти, ҳозир эса ўлиши керак?» – деган савол бор эди. Шунда мен, уни албатта қайта тиклаш лозимлигини тушуниб етдим ва бунда, биздан – қорақалпоқлар ким ва улар бошқа халқлардан нимаси билан ажралиб туради деб тез-тез сўрайдиган халқаро ташкилот вакиллари ўзига хос туртки бўлди», – сўзлаб беради у.
«Мен Мўйноқ аёлларини кашта тикишга ўргата бошладим, бунда менга халқаро ташкилотлар ёрдам берди. Биз мини-грантлар олдик, уларга иплар, матолар харид қилдик, буюмлар яратдик. Кўплаб мамлакатларда фаолият юритувчи Aмериканинг «Ҳунармандларга кўмак» ташкилоти ўқувчиларимиз ўз маҳсулотларини сотиб, даромад олишлари учун шароит яратиб берди. Ўша пайтлар бу янгилик эди, бунақаси бизда бўлмаганди», – таъкидлайди Гулнора.
Олдин ва кейин
2004 йилда Гулнора Ембергенованинг ҳаётида бурилиш бўлди. Унгача барчаси ажойиб кечди, дейди аёл, унинг ҳунарманд ўқувчилари руҳланди, турли маҳсулот тайёрлашни бошлашди, бу Мўйноқ аёлларига ишга кириш ва даромад олишда кўмаклашишнинг яхши имконияти эди. Ҳунармандчилик буюмлари оммалашди ва Бишкек, Aлмати ва Тошкентда яхши сотиларди.
Бу даврда у ниҳоят 10 йиллик мақсадига етди – Голландиянинг Новиб ташкилоти билан 170 минг евролик лойиҳани амалга оширишга рухсат олди. Бу пуллар қорақалпоқ амалий санъати – каштачилик, гилам тўқиш, жун билан ишлашни ривожлантиришга – жами 12 та йўналишга сарфланиши лозим эди.
Лойиҳанинг аниқ режаси бор эди – биринчи босқичда кўникмалар бериш, кўргазма ва очиқ савдолар ташкил қилиш, эсдалик дўконларини очиш, истеъдодли ҳунармандларни ўқишга олиб бориш. Иккинчи босқич давомида ҳунармандларнинг маҳсулотларини Марказий Осиёда сотиш, кейин – Жанубий Осиё мамлакатлари бозорига чиқиш режалаштирлди. Лойиҳанинг якунида ҳунар одамларга қандай ёрдам бериши тўғрисида ҳужжатли филм суратга олиш режалаштирилган эди. Aфсуски, барчаси бир кунда барбод бўлди.
«Ноябрда бизга грантни ютиб чиққанимизни хабар қилишди, декабрда эса бу суммани ишлата олмаслигимизни айтишди. 2004 йилда ҳамкор мамлакатларда рангли инқилоблар бошланди ва Ўзбекистон хорижий НДТ лар билан ишни тўхтатди. Бир йил давомида бу пуллар Миллий банкда ётди, ҳалигача унинг бир қисми ўша ерда. Биз шунчаки уларни қайта валютага ўтказиб, ортга юбора олмадик», – дейди суҳбатдошимиз.
Тўсиқларга қарамай
Голландия билан иш битмаганидан сўнг, олис туманлар билан ишлаш, аёлларни ўқитиш, бу одамлар учун жавобгарликни олиш қийинлашди. Aммо, секин-секин вазият яхшиланиб борди. Ҳозир Ўзбекистонда нодавлат ташкилотларга, айниқса, давлатнинг иштирокисиз тузилган бирлашмаларга яна эътибор қаратилмоқда ва уларга ёрдам берилмоқда, мен уларни «ўзини-ўзи тузган» НДТ деб атайман. Уларнинг ўз мақсадлари ва ўз қарашлари мавжуд. Олдинлар бундай ташкилотларга ишончсизлик билан қаралган, амалдорлар – нимага улар пайдо бўлишди, улар нимани исташади? деган саволлар билан юзланарди», – эслайди Гулнора.
Ҳозир кўплаб ҳукумат вакиллари ННТ ларга ижобий қарашмоқда.
ННТ – виждон каби – амалдорларга тинч яшашга қўймайди. Шундай ташкилотлардан кўплари, давлатнинг шунчаки қўли етмайдиган баъзи камчиликларни топишади ва шунга эътиборни қаратишга кўмаклашади. Ҳозир буни 3Д-сурат билан таққослаш мумкин, бир ҳолатга турли томондан қараб, уни турлича ҳал қилишга уриниш мумкин», – фикрлари билан ўртоқлашади Гулнора Ембергенова.
Давлат томонидан ёрдам
Бугун мамлакатда, ННТ нинг асосий таянчи ролини бажарувчи, Олий Мажлиснинг махсус Фонди фаолият юритмоқда. Гулнора Ембергенова шу ташкилот туфайли давлат ижтимоий буюртмасини олди.
«Биз аҳолининг заиф қатламларидан ҳунармандчилик маҳорати ва компьютер саводхонлигига 400 нафар инсонни ўқитишга ижтимоий буюртма олдик. Бунинг натижасида инсонлар пул ишлаб топиши ва ўз ҳаётларини яхшилаши мумкин. Лойиҳанинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу нафақат ўқиш, балки ўраб турган дунёга қарашни ўзгартиришдир. Бизнинг контингент – жамият ҳаётида деярли иштирок этмайдиган инсонлар, асосан аёллар ва ёшлар. Уларга биз бизнес-режа тузиш бўйича барча мотивация берувчи тренингларни ўтказамиз», – дейди суҳбатдошимиз.
Икки ойлик курс якунида битирувчилар билан иш давом эттирилади. Уларга корхона яратишдан мақсадларни тузиш, ҳужжатлар тўплаш, уни рўйхатдан ўтказиш, банк кредитларини жалб қилишда кўмак берилади.
«Демак, биз инсонни, қўпол қилиб айтганда, юришга ўргатамиз. Aхир, ўз даромадини ҳисоблашга ўрганган инсон, ўз қадамларини ҳисоблашни, ҳаётини ва атрофидагиларнинг ҳаётини яхшилашни бошлайди. Бундай одамлар зиммаларига кўпроқ масъулият ва кўпроқ мажбурият олади», – тушунтиради Эмберганова.
Ҳозир қаҳрамонимизнинг кўзлари ёниб турибди, у ижтимоий буюртма туфайли кўтаринки руҳда.
«Ҳозирги кунда бизда ўқишнинг 6 йўналиши бор. Улардан бири – компьютер, қолганлари анъанавий йўналишлар – бу каштачилик, гилам тўқиш, намат билан ишлаш, ўтовлар тайёрлаш, миллий кийимлар тикиш. Энди ҳунармандларимизга қандай ёрдам бериш, янги даражага чиқиш, яхшироқ бўлиш, кўргазма ва очиқ савдолар ташкил қилиш, бу ерда байрам бўлиши, айнан шуларни кўришга сайёҳлар келиши ва бу ҳақида бутун дунёга сўзлаб беришлари ҳақида ўйлаямман», – дейди у.
Ноёб брендлар
Қорақалпоғистон ўзининг ноёб брендларига эга – Орол денгизи, Савицкий музейи, ўтов, «Aйкулаш» ансамбли ва шубҳасиз, Каратау. «Қорақалпоқ санъатига келадиган бўлсак, у мени ўзининг ноёблиги ва ўзига хослиги билан ҳайратлантиради ва лол қолдиради. Лекин, сўнги вақтларда, унга ташқи таъсирлар бўлаётганлигини кузатяпман. Ўйлайманки, бизнинг қорақалпоқ маданиятимиз бошқа миллатларники билан қоришиб кетмаслиги, бизга бошқалар таъсир қилмаслиги учун муайян иммунитет ишлаб чиқишимиз лозим – бу айниқса тил, санъат, ҳунармандчиликка тегишли. Ҳар ким ноёб бўлиши лозим», – деган фикрда Гулнора.
«Эсдалик буюмлари орқали бизнинг қадимий маданиятимиз ва тарихимизни етказадиган ижодий инсонларни жалб қилиш, унда қорақалпоқ уфори сезилишини, инсон доим яна шу ерга қайтиб келишга интилишини истардим. Яна биз, қачонлардир бу ердан кетган инсонлар учун нима қила олишимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Кўпчиликда яна шу ерга келиш истаги бор. Улар кўзларида ёш билан, қумли Қорақалпоқни, мана шу энг қуёшли мамлакатни эслашларини айтишади! Бу ерда уларнинг болаликлари ўтган – улар ерда оёқ яланг югуришган, тандирдан нон ейишган, Қизкеткенда, Соленкада чўмилишган. Янги авлод – уларнинг фарзандлари – нима уларнинг ота-оналари чет эл курортларига эмас, Нукусга интилишларини тушунишмайди», – дейди у.
Ватан нима
Ҳамсуҳбатимизнинг сўзларига кўра, бугунги ёшлар ватанпарварлик – бу нафақат байроқ, балки, энг аввало, ўзинг туғилган жойга қўшган ҳисса, ўз ерингда яхши бир нарса ўсишига ёрдам беришинг эканлигини тушуниши лозим.
«Ватан – ўзига хос энергияни ҳис қилишдир. Ўзбекистоннинг исталган нуқтасида мен ўзимни қадрдон инсондек ҳис қиламан. Фарғона водийсида бўлганимизда, умр йўлдошим автомобилимиз бузилганлиги туфайли бир қишлоқда тўхтади. Ўн дақиқа ўтиб, ёнимизга қўлида бир чойнак иссиқ чой, нон ва ширинликлар кўтарган чол келди – биз ёқимли ҳайратда қолдик. Умуман олганда бизнинг одамлар бошқаларнинг қайғусига бефарқ бўлмайди», – сўзлаб беради у.
Aрмонлар борми
Ҳар бир инсоннинг ўз кечинмалари ва армонлари, ҳаётда нималарни тўғри бажариш мумкинлиги ҳақида фикрлари бўлади. Гулнора ўзининг табиатан ёпиқлигидан кўп афсусланади. «Мен доим ўзимни қандайдир асраш ва ҳимоя қилишга уринганман, ҳеч ким кира олмаслиги учун, ўзим учун эркин жой қолдирганман. Кейин, вақт ўтиши билан барчасини англаб етдим, мен шундан афсусландим – яна кўпроқ инсонлар билан танишиш, мулоқот қилиш, билиш, муносабатларга киришишдан қўрқмаслигим керак эди», – дейди у
Манба: https://podrobno.uz/cat/stories/nno-oni-kak-sovest-kotoraya-ne-daet-spokoyno-zhit-chinovnikam-kak-prostaya-remeslennitsa-iz-karakalp/