Урре! Ниҳоят, мен ёлғиз онаман!
Балки бу сўзларимни эшитиб, мени эси паст деб ҳисобларсиз, лекин куп қатори мени бошимдан ўтказганларимни эшитиб, хурсандчилигим сабабини тушунасиз, деб ўйлайман. 2010 йил турмушга чиқдим, 2011 йил ўғилли бўлдик. Турмуш ўртоғим ўзгаришни бошлади, афсуски, яхши томонга эмас.
Турмушга чиқишдан олдин эрим ичкиликка ружу қўйганини билардим ва унга ичишни ташламаса, у билан муносабатимизни давом эттиролмаслигимни айтгач, салкам бир йилдан ортиқ спиртли ичимликлар ичмай қўйганди. Ўғлим туғилгач, ўртоқлари билан “ювди-ю”, шу билан уни тўхтатишни иложи бўлмади. Қанчалик ҳаракат қилмай уни ичкиликдан қайтара олмагач, у билан яшамасликка қарор қилдим.
Ота-онам ва яқинларим кўмаги билан секин-аста ўзимга келишни бошладим. Ўғлим бир ярим ёшга етгач, ишга чиқдим. Шу вақтлар давомида эрим бирор марта бизнинг хаётимиз билан қизиқмади. Ишимга масъулият билан ёндошганим учун хизмат пиллапоясидан кўтарилдим. Ўғлим етти ёшга тўлганида шахсий автомобилимга эга бўлдим. Эрим шу йиллар давомида ўзгармаган “шиша қули”га айланганидан ишлаб юрган яхшигина ишидан хам айрилди. Атиги бир марта 300 минг сўм алимент пули ўтказди.
У билан ажрашганимдан буён гаплашмагандим, токи қўшни давлатда яшовчи қариндошларимникида бўладиган тадбирга ўғлим билан боришга қарор қилгунимга қадар. Ўғлим билан қўшни давлатга чиқиш учун хужжат ишлари билан паспорт столига борганимда собиқ эримнинг рухсати кераклигини айтишди. Рухсатнома бериш эвазига эрим яхшигина сумма сўрагач, табиийки, мен рад этдим ва тадбирга боролмадик.
Ўтган йили ўғлим билан дам олишни денгиз бўйида ўтказишга қарор қилдим. Афсуски, яна ўша “рухсатнома” муаммо бўлди. Бу сафар эрим алиментдан воз кечиш эвазига рухсатномага имзо қўйишга розилигини билдирди. Мен алиментдан воз кечмадим, йўқ, пул учун эмас, шахсий принципларим сабаб шу ҳулосага келдим. Шундан сўнг юристларга мурожаат қилдим. Мени хайрон қолдирган жихат шунда эдики, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасида “отаси” деган жойида унинг исми турган бўлса-да, бирор марта унинг ҳаёти билан қизиқмаган инсон қандай қилиб ўғлимнинг ҳақ-ҳуқуқларини чеклаши мумкин?!
Юристларнинг маслаҳати билан “оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш” юзасидан судга мурожаат қилдим ва унга тўлиқ асосим бор эди. Суд жараёни анчагина асаббузарлик ва югур-югур билан ўтди, ҳаттоки ҳаммасига қўл силтаб “Бор-еее” дейишга хам тайёр эдим. Оз эмас-кўп эмас, суд жараёни деярли 4 ой давом этди. Ниҳоят янги йилдан олдин суд қарори чиқди ва мен учун бу янги йил учун энг катта совға эди.
Бу каби қарорлар Ўзбекистон учун мўжиза-ку! Энди мен ўғлим билан ҳеч қандай тўсиқ ва рухсатномаларсиз истаган жойимда дам олишим ва ҳаттоки денгизга боришим мумкин!
Шу югур-югурларим давомида ҳуқуқшунослар билан ушбу масалада жуда кўп гаплашдим ва тўғри маънода она ва бола хуқуқлари масалаларига “шўнғидим” десам муболаға бўлмайди.
Бир савол мени ўйлантирарди: Нима учун фарзанди хаёти, унинг қизиқишларига бирор марта қизиқмаган, ақалли бирор маротаба хабар олмаган отадан дам олиб келишимиз учун рухсат олишимиз керак? Энг қизиғи, саёҳатнинг барча ҳаражатлари ўз ҳисобимдан амалга оширилади.
Ижобий жавоб олишнинг бирдан-бир йўли судга мурожаат қилиш, яна камига ҳали бу суд қарори ижобий бўладими ёки йўқ! Демак саёҳатга боришдан ярим йил олдин ҳаракатни бошлашим керак экан-да?!
Мен-ку, боламнинг биологик отасини қаердан топишни биларман, лекин аллақачон болаларининг отасини кечириб юборганлар-чи? Наҳотки, уларга фарзандларининг келажаги қизиқ бўлмаса? Ҳаттоки алиментдан ҳам воз кечгач, оталик ҳуқуқи ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
“Болалар бизнинг келажагимиз”сўзи давлатимиз учун шунчаки баландпарвоз ва чиройли сўзлар эмас, уларнинг ёрқин келажаги учун қонунларимизда болалар ҳуқуқи қайта кўриб чиқилишидан умидворман.
Қачонлардир мен каби қарор қабул қилишда собиқ турмуш уртоғингизнинг “рухсатига” боғлиқ бўлиб қолса, сизга куч-қувват ва сабр тилайман. Ишонаманки, сиз бу тўсиқларни енгишда албатта куч топа оласиз!
Фарзандни хорижга олиб чиқиш
Урре! Ниҳоят, мен ёлғиз онаман! Балки бу сўзларимни эшитиб, мени эси паст деб ҳисобларсиз, лекин куп қатори мени бошимдан ўтказганларимни...
8