Абьюз нима?
Абьюз — бу бир инсоннинг ўз шеригига нисбатан жисмоний, психологик ёки молиявий зўравонлик қилишидир.
Абьюзив муносабатларда «зўравон — қурбон» модели мавжуд бўлади. Қурбон одатда зўравонга қарам инсон бўлади ва абьюз жараёнида бу қарамлик янада кучаяди. Кўпинча зўравон бу турмуш ўртоқ ёки романтик шерик бўлади. Аммо абьюз ҳамкасблар, қариндошлар орасида ҳам учраши мумкин.
Одатда қурбон ўзига нисбатан зўравонлик ҳолатларини «урадими — демак, яхши кўради», «бақирса нима бўлибди, урмайдику» каби баҳоналар билан оқлайди.
Абьюз — фақат жисмоний тазйиқлар орқали намоён бўладими?
Йўқ. Абьюзнинг кўриниши турлича: жисмоний (шу жумладан, жинсий), психологик ва молиявий (ёки иқтисодий).
Жисмоний абьюз нима?
Жисмоний абьюз — бу жисмоний куч ишлатиб зўравонлик содир этиш. Бунга танага шикаст етказмасдан зўравонлик қилиш ҳам киради. Масалан, камситиш мақсадида итариб юбориш, қандайдир жисмни отиш, қурбонни устидаги кийимларини йиртиб ташлаш.
Жинсий зўравонлик — бу жинсий алоқага рухсат бермаган инсонга нисбатан шу характердаги ҳаракатлардир.
Психологик абьюз нима?
Психологик абьюз — бу турли ҳақоратлар, камситишлар, қадрсизлантириш, айбдор қилиш ва ҳоказо.
Иқтисодий зўравонлик?
Бундай зўравонлик оилада бир инсон ишлаганда ёки эр-хотинларнинг бири кўпроқ маош олганда содир бўлиши мумкин. Табиийки, қурбон кўп ҳолларда аёл ва унинг фарзандлари бўлади.
Абьюздан ҳимояланиш
Абьюзер ҳақида гап кетганда, ундаги бу ҳолат бутун умрга қолиши мумкин, деган таҳминни эсда тутиш керак. Мабодо аҳвол қўл кўтариш ёки жинсий зўравонликкача бориб етган бўлса, зўравоннинг ўзгараман деган ваъдаларига ишонмаслик лозим. Хавотир ва афсусланиш вақтида зўравон айбини ювишга ҳаракат қилади, лекин агрессия пайтида ўзини қўлга ололмайди. Шунинг учун зўравонликдан тап тортмайдиган инсондан яхшиси четроқда бўлган маъқул. Агар буни тез вақтда уддалай олмасангиз, зўравон билан низога борманг. Ҳар қандай зиддиятли вазиятдан қочишга ҳаракат қилинг. Ҳар қандай шароитда ҳам ўз устингизда ишлашдан тўхтаманг. Қизиқишларингиз, касбингиз ва ҳунарингиз орқали қадрингизни кўтаринг. Кучли бўлсангиз, зўравоннинг домига тушиб қолмайсиз.
www.skillbox.ru материаллари асосида тайёрланди.