Фируза (исми ўзгартирилди) ярим умрини яшаб ўтди. Ва унинг 20 йилини опачаси билан бирга адолат учун курашиш йўлида ўтказяпти. Бунда эса унга бирма-бир очилган ишларни ёпиб органларимиз “ёрдам бермоқда”.
Фируза кичиклигида қўшниси улар оиласи билан ўтирган уйни сотиб олмоқчи бўлган. Қўшни уларнинг тинчини бузганди, мақсад – нима қилиб бўлса ҳам уйларига эга чиқиш. Лекин мақсадига етмади, ёши келиб, оламдан кўз юмди. Унинг “ишини” ўғли давом эттирди. Ҳар сафар Фирузанинг онасини уй сотишини сўраб, безор қиларди.
Охири шу муаммодан қутулиш ниятида Фирузанинг оиласи ҳовлини сотишга кўнди-ю, фақат қўшнилари эмас бошқа одамларга сотишни ният қилди. Фирузанинг ўзи ўша пайтда банкда ишлар, лекин уйни ҳеч сота олишмади. Унинг айтишича, мижоз чиқарди-ю, бир неча кун ўтгач, фикридан қайтарди. Албатта бу ишда қўшнилари (А.Х.)нинг қўли бор эди.
Доимий босимдан чарчаган оналари инсульт бўлиб, узоқ яшамайди. Бу 1997 йилнинг 3 август куни эди. Шу пайтдан бошлаб Фируза ва опасининг хаёти жаҳаннамга айланди.
У бизга таҳдид қилиб, кейин калтаклади
Васиятномага кўра, уй онадан уч қизга ўтиши керак эди: Фируза, унинг синглиси ва бошқа мамлакатда яшовчи опалари.
“Онамнинг вафотидан кейинги куннинг ўзидаёқ, 4 август куни қўшниси ерни сотишни талаб қила бошлади. Аввалига у ўзи учун эмас, балки бошқа одам учун эканлигини айтди”, – дейди аёл.
Фируза қўшнисига онасининг “қирқи” чиқмагунча ва бир йилгача ҳам уйни сотмаслигини айтди. А.Х. уларга ёки уйни сотинг, йўқса тезроқ турмушга чиқиб, бу ерлардан кетинг, дерди.
А.Х. сўзлардан ҳаракатга ўтди: у қизлар уйдан чиқиб кетишлари учун барча имкониятларини ишга солди. Оналари вафот этганидан 40 кун ўтмасидан ҳар хил нотаниш эркаклар уйга бостириб кирадиган бўлди. Улар қизларга таҳдид қилишар ва ҳатто бир марта калтаклашди ҳам. Ўша пайтда қизлар қўшни уларни калтаклаш учун одам ёллаганини хаёлларига ҳам келтиришмаган. Улар буни кейинроқ англашди.
Фируза милицияга уларга босқинчилик қилингани ҳақида ариза ёзди.
Ички ишлар органлари ходимлари ўз навбатида “ҳеч қандай гувоҳ ва исбот бўлмаса, қўлимиздан нима ҳам келарди” дейишди.
Ҳаёти учун хавфсираган Фируза ва синглиси уйдан чиқиб кетишди. Уларга яхши танишлар – ҳокимиятда ишлаган ғамхўр аёл ва унинг эри бошпана беришди. Икки йил давомида ёш қизлар ўша одамларнинг қарамоғида бўлишди. Шу билан бирга, опа-сингиллар уй учун ҳужжатларни расмийлаштиришди. Ҳақиқатан ҳам ҳужжатлар бор. Улар ҳақиқий уй эгаларига расмийлаштирилган, аммо…
Мени эркак номини булғаганимда айблашди
Уйда анчадан бери ҳеч ким яшамаганидан фойдаланган қўшниси (опа-сингиллар ўз уйларига қайтишдан қўрқиб, танишлариникида яшаб юришган). Уй-жойни эгасиз деб тақдим этган ва катта эҳтимол билан керакли одамларга пул ҳам берган. Ҳужжатларни ҳам тўғирлаб қўйди – уйни учинчи хотини номига шундай расмийлаштирдики, гўёки мулкни Фирузанинг онаси унга ҳадя шартномаси билан ўтказган. Буни қандай уддалагани сирлигича қолди.
2002 йилда Фирузанинг қўшнилари уйларининг дарвозаси очиқ эканини айтишди. Уйига келиб, не кўз билан қарасинки, у ерда усталар ишлаётган эди.
«Кимсизлар, бу ерга киришга ким рухсат берди, деб сўрадим. Уларни ҳокимият юборган деб ўйладим. Лекин усталар А.Х. бу уйни сотиб олганини айтиб, жанжал қилишди. Бизни калтаклашди. Биз судга бердик. Лекин экспертиза биз олган жароҳатларни енгил тан жароҳатлари деб баҳолади. На жарима, на жазо олишмади. Мен айбдор ҳам бўлиб чиқдим – мен аёл киши бўла туриб, эркакнинг номини булғаган эканман».
Иккита уй ёнма-ён жойлашган. Асосий кириш жойи бўлган қўшнининг уйи Орзу Махмудов кўчасига қарайди, унинг орқа қисмида жойлашган Фирузанинг уйи Усмон Юсупов кўчасига қарайди. Қўшниси Фирузанинг уйини ер участкаси билан ўз уйига қўшиб олди ва у ерда меҳмонхона қурди. Маълум бўлишича, у ўз Фирузанинг уйини ўз ҳудудига қўшимча (орқа) участка сифатида қўшиб қўйган. Шундай қилиб, Фирузанинг уйи ва участкаси энди Махмудов кўчасига тегишли. Усмон Юсупов кўчасидаги 3-уй эса энди йўқ.
Суд қарорида қўшни квартира билан таъминлаши ва моддий зарарни тўлаши кераклиги ёзилган.
«Қўшни бу ер эвазига битта хонали иккита квартира олиб бериши керак эди. Ҳужжат (ҳокимнинг қарори) мавжуд. Аммо квартиралар қоғозда қолди, – дейди аёл.
Прописка бўйича аёллар ҳалигача эски уйларида рўйхатда турибди.
Фируза порталгача ҳам ёзди – натижа йўқ. Қўшнисининг қўли узун эканми, ҳамманинг овози ўчириб келяпти.
«Прокуратурага борганимизда, бизга бу масалани давом эттиришнинг ҳожати йўқлигини айтишади – муддатлар ўтган, фойдаси йўқ эмиш. Қўшнимиз бизга уч хонали квартира берганини айтмоқда, улар унга ишонишади. Энг қизиғи шундаки, ҳеч ким бизни ҳақиқатан ҳам 3 хонали квартира билан таъминлаганлиги тўғрисида исбот талаб қилмайди».
Ҳокимият ва прокуратурада аёлни даъвоси йўқ деб ёзишини айтишади. У эса… нима дейишса шуни ёзади, шу билан уй-жойли бўлишига ишонади-да содда ўзбек аёли…
Фируза синглиси билан неча марта вақтинча турар жойини ўзгартиришди. Бояги қўшнининг дастидан квартираларда ижарада ҳам туришолмайди, у ҳамма жойдан опа-сингилни хайдатворади.
Ҳозир Фируза ва синглиси “Раҳмдиллик” шелтерида қўним топди. Аёллар оила ҳам қуришмади, бутун умрларини адолат учун курашиб ўтказишмоқда.
– Уруш кетаётган “қайноқ нуқталардан” қайтганларга ҳам ҳукуматимиз уй-жой беряпти, бизга эса ўз уйимизни ҳам кўп кўришди, – Фируза кўзидаги аламли ёшларини яшира олмайди.
Адвокатлар барча муддатлар ўтганини рўкач қилиб, ишни олишмаяпти.
Бибисора Орипова ва “Раҳмдиллик” ННТ ишини қўллаб-қувватламоқчи бўлсангиз, PayMe ёки ҳавола орқали пул маблағлари ўтказишингиз мумкин. (http://fundforvictimsofgenderbasedviolenceinuzbekistan.uz/).
Самарқандга ташрифни ташкиллаштиргани учун ACTED Uzbekistan лойиҳасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз (https://www.facebook.com/ACTEDUzbekistan/).