Бировни ҳимоя қилиш, ҳақиқатни исботлаш, қўпол инсонни тарбиялаш, уришиш, гап талашиш, бир-бирини айблаш… Хуллас интернетда тортишиш учун мавзуларнинг охири йўқ. Баъзида уришиб мазза қилармиз ёки кимгадир дакки бериб, тўғри иш тутдик, деб ўйлармиз. Лекин буларнинг ички оламимизга бўлган таъсири ҳақида кўп ҳам бош қотирмаймиз.
Ижтимоий тармоқларда оддий суҳбатлашиш бора-бора ҳатто “онлайн урушга” ҳам айланиб кетиши мумкин. Бу худди кўз олдингизда қандайдир бахтсиз ҳодиса рўй бериб, қўлингиздан ҳеч нима келмай, фақат асабийлашиб туриш билан баробар. Интернетдаги баҳсларни тугатсангиз ҳам миянгиздаги тортишув давом этаверади. Қарабсизки, ярим-бир соат вақтингиз бекор кетгани етмаганидай, тафаккурингизнинг бир четида сизни нимадир қийнаб тураверади. Психологлар интернетдаги маънисиз мулоқотларни нафақат қоралайди, балки уларнинг саломатликка жиддий таъсири ҳақида огоҳлантиради.
Салбий оқибатлар
1. Хавотир уйғонади
Хабарингиз ёки изоҳингиз қандай қабул қилинар экан, деб доим хавотир олиб юрасиз. Шунинг учун ҳар гал ижтимоий тармоқларга кираётганда, юрагингиз тезроқ уришни бошлайди ва қон босими кўтарилади. Ўзи шундоғам ҳаётда хавотир олишга сабаблар кўп, сиз эса уларга интернет хавотирларини қўшасиз.
2. Стресс даражаси ортиб бораверади
Тобора асабий ва сабрсиз бўлиб бораётганингизни сезасиз. Арзимас ҳодисалар ҳам жаҳлингизни чиқараверади, атрофдагиларга ғазаб қиласиз. Натижада аввало ўзингиз ва яқин инсонларингиз жабр кўради.
3. Уйқусизлик безовта қилади
Онлайн баҳс тугади. Сиз ухлашга ётдингиз. Аммо рақибингиз билан бўлган мулоқот миянгиздан кетмайди. Нимага ундай демадим, нимага индамадим, дея ич-этингизни ейсиз. Кошки бу ўйларнинг фойдаси бўлса. Фақат уйқусизлик, ҳолсизлик қийнагани қолади.
4. Касалликлар пайдо бўлади
Доимий стресс соғлиққа жиддий путур етказади: ошқозон яраси, диабет, псориаз, гипертония, семизлик каби бир қатор касалликларни келтириб чиқаради. Хўш, соғлиғингизни гаровга қўйиб, мутлақо бегона инсонга ниманидир исботлаш шартми?
Ечим борми?
Аввалига жуда қизиқувчанлигингизни четга суринг. Баҳсга мутлақо киришманг. Бировларнинг постларига муносабат билдириш шарт эмас. Ижтимоий тармоқлар мулоқот воситаси бўлмасин, вақтинчалик бўлса ҳам кузатувчанлик вазифасини бажариб туринг. Лайк босмасангиз, осмон узилиб ерга тушмайди. Ижтимоий тармоқлардан бироз дам олинг. Натижаси узоқ куттирмайди. Уйқунгиз яхшиланади, хавотир камаяди, ошқозонингиздаги безовталик кетади. Тинчланасиз. Интернетга қарамлик йўқолади. Сиз унга қул бўлмайсиз, балки бемалол уни бошқаришингиз мумкин.
www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди