Зўравонликка қарши медиа-кампаниялар: учта энг кўп учрайдиган хатолар
1️⃣ Зўравонлик саҳналари намойиши. Кўпинча бундай материалларда зўравонлик вазиятида яшаб, сўнг ундан чиқа олган ва энди бахтли яшаётган аёл тасвирланади. Зўравонлик саҳналарини намойиш қилиш зўравонлик қурбонларига ғамхўрлик қилиш тамойилига зиддир. Бундан ташқари, кўплаб видео контент яратувчилари ҳамма ҳам видеони охиригача кўрмаслигини билишади – шунинг учун зўравонлик саҳналари бошида бўлиб, кейин бахтли ҳаёт намойиш этилса, унда фақат зўравонлик саҳналарини кўрганлар фоизи уни охиригача кўрганлардан юқори бўлади. Ва баъзи одамлар учун фақат зўравонлик саҳналарини томоша қилиш буни норма сифатида кучайтириши мумкин.
2️⃣ Зўравонликдан чиқишни гўёки фақат аёл масъуллигида экандай кўрсатиш (қарор қилди-эшикни қарс ёпди-кетди). Тўғри, зўравонлик ҳолатидан чиқиш — бу жабрланувчининг ташаббуси ва вазифаси. Лекин бунда зўравонликдан давлат ҳимояси тизими муҳим рол ўйнайди. Бу жабрланувчига ёрдам кўрсатиш, жазонинг муқаррарлиги, реабилитация дастурлари. Статистикага кўра, аёллар зўравонлик ҳолатидан чиқишлари учун 7 мартагача уринишади. Аммо медиада аёл бир дейишда зўравонлик ҳолатидан чиқиши мумкинлиги намойиш этилса, жабрланувчи шундай ҳолатдан чиқа олмаётганидан гўёки у ожиз ва бундай шароитда яшашга маҳкумдай бўлиб қолади.
3️⃣ Зўравонликни калтаклаш ва жисмоний тазйиқлар сифатида намойиш этиш. Оилада зўравонлик рухий ва иқтисодий зўравонликдан бошланади. Лекин биз зўравонлик деганда фақат жисмоний ҳаракатларни намойиш этаверсак, аёл зўравонликнинг бошқа шаклларини фарқлай олмаслиги мумкин. Зўравонлик – назорат ва ҳукмронлик масаласи. Одатда зўравонликнинг илк кўринишлари ўша назоратдан бошланади, лекин медиада фақат жисмоний зўравонликка урғу берилаверганидан зўравонликнинг бошқа шакллари инкор этилади. Аёл зўравонликка учраганини жисмоний зўравонликка учраганидан кейингина тушуниб етади. Лекин у молиявий қарам ва ички «мен»и ўлдирилгани учун зўравонлик ҳолатидан чиқа олмайди. Ва энди у кетиши учун эшикни қарс этиб ёпишнинг ўзи етарли эмас.
Қуйидаги қоидаларга риоя қилиш мумкин:
📍Жабрланувчилар ҳақида ўйланг. Сизнинг контентингиз зўравонлик ҳолатларида аёллар томонидан кўрилиши мумкинлигини ёдда тутиш муҳимдир. Улар орасида болалар ҳам бўлиши мумкин. Шуни эсда тутиш керакки, зўравонлик саҳналари бундай вазиятда яшаган ёки яшаётган одамларда қайта травматизацияга олиб келиши мумкин ва зўравонликнинг бевосита намойишига йўл қўймаслик керак.
📍Зўравонликдан жабрланганларни қўллаб-қувватлаш механизмларини намойиш этинг: муваффақиятли ҳикоялар, жамият томонидан зўравонлик қораланиши, долзарб алоқа ва ишонч телефонлари.
📍Оиладаги зўравонлик фақат жисмоний зўравонлик билан чекланмаслигини ёдда тутинг. Зўравонликнинг бошқа шакллари инсоннинг ўзига ишончини сўндиради, ваҳоланки уларни аниқлаш қийин. Қанча кўп аёллар бошидан уларга босим ўтказилаётганини англаб етса, улар зўравонликдан чиқишлари шунча осон бўлади.
Ирина Матвиенко