Совчилар мавзусини ёмон кўраман

Жуда қийин вазиятдаман. Балки, ким учундир оддий ҳол бўлиб кўринар. Лекин нима қилишни билмай қолдим.

Ёшим 17 да. 15 ёшимдан уйимизга мени сўраб совчилар кела бошлади. Бу менга сира ёқмасди, эрта турмуш қурган қизларни, ёш қизчаларга совчи бўлиб келадиган аёлларни жиним суймасди.

Биринчи марта мени кўришлари учун олиб чиқишганда ҳам 15 ёшда эдим, сўрашиб, хонамга кириб кетганман. Бундан жаҳлим чиқарди. 16 ёшга кирганимда, учрашиб кўришиш ҳақидаги гаплар кўпайиб кетди, мен ҳам қайсарлигим тутиб, кўришгани чиқмай, совчи келса, кўришгани чиқмаслигимни баланд овозда айтиб, кетиб қолардим.

17 ёшга кирганимда, қариндошларимиз (аёллар) яхши жойдан сўрашса, узатинг, деб ойимга ақл ўргатишлари менга ёмон таъсир қиларди. Чунки, бизнинг оиламизда унақа бўлмаган – бувижоним ўқиган, ишлаган аёл бўлганлар. Аммо ойим ўқимаганликлари учунми, қариндошларимизнинг маслаҳатини тўғри деб қабул қилдилар.

Вақт ўтиб, бувижонимнинг танишлари бўлган бир оиладан кўп марта сўраб келишди, қариндошларимиз уларнинг “нони”ни олиб қолишни маслаҳат беришарди. Кейин билсам, бу тўйга розилик белгиси экан. Мен бундан қаттиқ хафа бўлдим, яшагим келмай қолди, ҳаётим маъносини йўқотгандай эди гўё.

Шундай пайтда бир инсон эътиборимни тортди. Анчадан буён унинг ҳаракатларига эътибор бермасдим – у менга бефарқ эмаслигини, қийин аҳволга тушсам, мен учун қайғуришини сезиб қолдим. Ўртамизда секин-аста мулоқот кўпайиб, яқин дўстларга айландик. 5 ойдан буён гаплашамиз. Уларникидан ҳам совчилар келганди, шундан сўнг бироз хотиржам бўлган эдим. Лекин қувончим узоққа чўзилмади – уларнинг совчиси изидан яна бир йигит мени ёқтириб қолиб, совчиларини жўнатаверди. У – дадамнинг дўстининг ўғли эди. Уйдагилар мени унга беришга рози эди, фақат мен ҳар куни йиғлаб, унга тегмайман, деб тўполон қилардим. Ичимдан эзилиб, у бола билан кўришмайман, десам, унда ўқишга ҳам бормайсан, дейишди. Яқинларим мени тушунмаслигидан роса хафа бўлдим, чунки ёшлигимдан хорижда ўқишни орзу қилардим. Четга чиқишни, янгича ҳаёт қуришни орзу қилардим. Лекин менга ўзим ўқиётган таълим масканига боришга ҳам рухсат бермай, уйга қамаб қўйишди, телефонимни олиб қўйишди. Дардимни кимга айтишни билмасдим.

Намозларимда ҳаммаси яхши бўлиб кетишини Худодан сўрардим. Бир куни намоз ўқиётганимда, ойим кириб келди, намозни тугатишимни кутиб турди. Мен ойим билан ярашдим, бир-биримизни тушуниб, яхши гаплашдик. Мен уларга ҳаётимга кириб келган инсон ҳақида айтиб бердим. Ундан бошқа инсонга турмушга чиқишни истамайман, дедим. Ойим мени тушунди, агар турмушга чиқишни истамасанг, мажбур қилмаймиз, янги келган совчиларнинг номзоди билан бир марта кўришсанг бўлди, деди.

Эртасига йигит билан кўришдим. Яхши, ўқимишли йигит экан. Барибир, кўнглим унда эмасди, шунинг учун унинг қандай инсон экани менга аҳамиятсиз, менинг қарорим қатъий эди. Аммо, бир-иккита ўзбилармон аёллар орага тушиб, шуларга беринг, яхши оила экан, деб ойимга гапини ўтказишга уриниши мени руҳан синдирарди.

Булар шу билан тинчиб кетишган эди, бироз вақт ўтиб, яна ўртага тушган аёл телефон қилди. Оқлик бервораверинглар, деган гапни эшитиб, ўзимни ўлдиргим келди. Нима қилишни билмасдим, ўша пайти яқин инсоним билан гаплашсам, яъни, ёзишсам, тинчланардим. Лекин яна бошланди: ўқишдан тўсиш, телефонимни олиб қўйиш…

Нима қилишни ўйлаб, бошим қотди, уйдан қочиб кетишни хаёл қилардим, бирорта хорижий давлатга чиқишни ўйлардим, лекин вояга етмаганман, бу мен учун имконсиз эди. 3-кун кийим олгани бозорга чиқдик, мен танлаган кийим ойимга ёқмади, мени қаттиқ урушиб ташлади. Бу менга жуда оғир ботди. Менда 2 та йўл қолганди ё ўзимни ўлдириш ё уйдан қочиш. Мен 2-йўлни танладим, ўша куни тунда уйдан чиқиб кетдим. Ойимга кўнглимни очиб хато қилганимни тушундим – уйдагилар менга у инсонни унутишим кераклигини айтишганди. Мен кетишни афзал кўрдим. Балки, хато қилгандирман… Лекин кетганимдан сўнг юрагим тинчланди, шунақанги хурсанд эдимки, ҳеч ким тергов қилмайди, ҳеч ким ҳеч нимани тақиқлай олмайди, ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ, хуллас, хотиржам эдим.

Бошқа бир тарафдан, ўзимни ўлдириш фикри ҳам йўқ эмасди, борар жойим йўқ эди. Бошқа ўйловлар ҳам… Йўлимда бир сой учради, узоқ вақт унинг шовуллаб оқишига қараб туриб қолдим. Шунда бир одам келиб қолди, нима қилаётганимни сўраб, қаттиқ гапирди, урушиб берди. Ўйлаб-ўйлаб, бир дугонамга телефон қилиб, унинг уйида қолишни сўрадим.

Кейин дугонамникига бориб у билан гаплашдик, маслаҳатлар берди, негадир ўша инсонга ёзиб айтиб қўйдим қочганимни. У эса манзилимни сўради, мен ўша куни ҳеч ким билан кўришгим йўқ эди, тинчланиб олишим керак эди. У ҳеч кимга айтмасликни ваъда берди, кейин уни чиқиб кутиб турдим, узоқдан биттаси исмимни чақирди. Тўғриси, ўша онда қўрқиб кетдим. У эса мен ҳеч кимга айтмадим, орқамдан пойлашган экан, деди. Бошида ишонмадим, лекин ростдан ҳам қочганимдан кейин ҳаммалари уни пойлаб юришган экан. Кўчани бошига чиқишимизга акаларим машинадан тушиб унга ташланишди. Аямиз ҳам бор эди, “тўхтатинглар” дейишимга қарамасдан уни роса дўппослашди. Акаларим кўп эди.

Кейин мени чақириб “ана, сен билан бошқа гаплашмаслигини айтди”, дейишди. Кейин унга қараб “айт” дейишди, айтмайман деса, яна тепиб, охири у “хўп”, дейишга мажбур бўлди. Аямга уришмасин десам, аям аралашдилар, акаларим эса аралашманг, деб бақиришди. Мен шокка тушиб қолдим. Нима қилишни билмас эдим. Болага ёрдам бераман, десам мени машинага солишди. Кўчада ҳеч ким йўк эди. Ҳар эслаганимда юрагим эзилади, нимага урасизлар деб йиғласам, сен ҳозир уни деб йиғламасдан аянгни ўйласанг-чи, дейишди.

Акаларимдан каттаси ўқимишли, мени доим тушунардилар. Лекин ўша куни улар ҳам мени фоҳишага чиқардилар. Улардан кутмагандим. “Нимага уйдан қочасан, фоҳишалар шунақа бўлади, сен шунақасан” дедилар. Шу гаплари мени синдирди.

Уйга қайтариб олиб келишди. Кирсам, Бувижоним ўтирган эканлар. Тиззаларига ётиб роса йиғладим. Аям ҳам кирдилар, улардан кечирим сўрадим. Мени деб тинчлари йўқолганини айтишди. Яна қочсам ё ўзимни бир нарса қилсам ўша йигитни топиб ўлдиришларини айтишди. Тинчгина ўзимни ўлдира олмас эканман ҳам…

Депрессия ҳолатига тушиб қолдим. Шу кунлар ҳам ўтиб кетишига ишонаман. Лекин бошимдан ўтказганларни тенгдошларимга раво кўрмайман. Совчиликка юришдан олдин, бировнинг ҳаётига аралашишдан олдин ўша қиз хоҳлармикан деб ўйланг. “Ўзим ўқитиб оламан, мени мактабимда ўқийди, ўқиб олим бўлармиди” каби сўзлардан нафратланаман.