Муносабатларга путур етказувчи омиллар

Ўз ҳақингизда қайғуринг ва эътиборли бўлинг

МУНОСАБАТЛАР БОШИДА БУ САФАР ҲАММАСИ КЎНГИЛДАГИДАЙ БЎЛИШИГА ИШОНИШНИ ИСТАЙСАН. Ахир олдимизда орзумиздаги инсон турган бўлади. Аммо муҳаббат кўзимизни кўр қилади ва кўп нарсаларни сезмай қоламиз ёки барчасини «талаб этилгандай» бажариб, уйғун муносабатлар учун зарур ҳаракатларни ўтказиб юборамиз. Бугун биз старт олганингизда сизга халал берувчи бешта муҳим сабаб ҳақида сўзлаймиз, уларни бартараф этиш йўлларини ҳам ўргатамиз.

  1. Айбларингизни яшириб, ўзингизни «яхшироқман» деб кўрсатасиз

«Яхшироқ» деган тушунча аслида миямизда бўлади. Кўпинча биз хулқимиздаги салбий одатларни силлиқлашга уринамиз ҳамда шеригимизга ёқиш учун ўзимизда йўқ хислатларни намоён этамиз. Бунга маълум бир маданий, оилавий қадриятлар киради, яъни аёл ошхона сирларидан хабардор, эркак эса кучли бўлиши керак, ўзидан «ақлли» одамларни ясаб олганлар ёқмайди, «бир гапириб кўп куладиганлар» ҳаммага манзур, «жамоани қиздирадиганлар» «индамаслар»га қараганда афзалроқ. Бировга ёқиш учун ҳам ушбу меъёрларга мос бўлишга ҳаракат қиламиз.

Аслида уй йиғиштиришни ёмон кўриб, ўзингизни супербека сифатида кўрсатаётган бўлсангиз, спортни ёқтирмасдан, спортсмен бўлишни истасангиз, пирог еб ётиб, кино кўрсангиз, лекин ўзингизни фаол қилиб кўрсатсангиз, табиатан ўта қайсар бўлиб, кўп нарсаларга розилик бергандай юрсангиз, билинг-ки, бу барибир мағлубиятга олиб боради. Биринчидан, бу узоққа бормайди, шеригингиз эса носамимийликни барибир сезиб қолади. Қолаверса, ҳаракатларингиз ўзингизга қарши ишлайди: сизни барча камчиликларингиз билан қўшиб ёқтирган инсон билангина бахтли бўла оласиз.

Шундай инсонлар бор, улар учун уй йиғиштирилган бўлиши аҳамиятли эмас, балки ижодий муҳит муҳим. Баҳсларни ва ўткир мавзуларни севувчи инсон ҳақиқатни излашдан кўра, тинчликни афзал кўрувчи шерик олдида ўзини яхши ҳис эта олмайди. Фақат «ёмон» ва «яхши» хулқ мавжуд эмас, шунчаки бошқаларга мос ёки мос келмайдиган жиҳатлар бор холос. Қанчалик самимий бўлсангиз, умр йўлдошни топиш шунчалик осон кечади.

  1. Жуфтингиз билан кўпроқ вақт ўтказиш учун, кўп муҳим нарсалардан воз кечяпсиз

Буни сиздан талаб қилувчи инсон аслида хафа қилишни яхши кўрадиган одам. Сиз бутун вақтингизни севган кишингиз учун сарфласангизу, аммо у сизни дўстларингизга нисбатан рашк қилса, спортзалга борганингиз ёки сериал кўрганингиз унга ёқмаса, демак, хавотирланишга асос бор. Аммо баъзида севимли машғулотларимиздан ўз хоҳишимиз билан воз кечамиз, биров буни биздан сўрамайди, чунки қаттиқ севамиз ва бор вақтимизни шеригимиз билан ўтказишни истаймиз ва буни «тўғри» деб ўйлаймиз.

Ўзини яккалаш муносабатларга салбий таъсир қилади. Бундай вазиятда севимли инсон ҳамма нарсанинг ўрнини босиши керак бўлади: қизиқишлар, дўстлар давраси, яқинлар жамоаси.

Аммо битта одам буларнинг ўрнини боса олмайди, орадан бир-икки ой ўтгандан кейин эса муҳаббат бироз сўнади ва аввалги қизиқишларга бўлган мойиллик секин-аста қайтиб келади. Балки жуфтингиз баъзи бир қизиқишларингизни бўлишар, лекин қолганлари хоббилигича қолиб кетади. Дўстлар билан ҳам худди шундай: ким биландир жуфт бўлиб дўстликни давом эттирасиз, бошқалар билан алоҳида учрашаверасиз.

  1. Огоҳлантирувчи «белгилар» ва «қизил чироқ»ларга эътибор бермайсиз

Агар шеригингиз сизга умуман ёқмайдиган гапни айтса ёки ҳаракат қилса, бу хавотирли белги. Буни асло эътиборсиз қолдирманг, уни тезлик билан бартараф этиш лозим. Муҳокамадан кейин жуфтингиз сизни нечоғли эшита олиши ёки ҳурмат қилиши аён бўлади. Агар муносабат салбий бўлса, «қизил чироқ» ёнади: йўлда давом этаверсангиз, хавфли ҳудуд бошланади. Аммо буни тан олиш барибир қийин бўлади, айниқса, шу пайтгача муносабатларда муаммо кузатилмаган бўлса.

Белгиларни эътиборсиз қолдирманг, «қизил чироқ»ни кўрсангиз, ҳеч иккиланмай алоқани узинг. Тропик меваларга аллергиям бор, деб огоҳлантирдингиз, аммо бир ҳафта ўтиб севимли инсонингиз сизга бир сават банан ёки апельсин совға қилди? Бу хавотирли белги: негадир у сизнинг огоҳлантириш сўзингизни қулоғига илмаган. Саватни олиб, носамимий табассум қилиш керак эмас. Унинг ўрнига миннатдорлик билдиринг-да: «Афсуски, буни ололмайман, биласиз-ку, бу меваларга аллергиям бор» деб қўшиб қўйинг. Агар жуфтингиз узр сўраса, уялиб, асабийлашса, келгуси сафар албатта, сизга ёққан нарса олиб келишга ваъда берса, демак, у билан муносабатларни давом эттириш мумкин.

Агар жуфтингиз хайрон бўлиб, сизни айблашга тушса (айблов қандай бўлишидан қатъий назар: аллергия ҳақида гапирмагансан, бу сенинг «инжиқлигинг», бекорга шунча пулим кетди), у ҳолда «қизил чироқ» ёнди. У сизнинг саломатлигингиз ҳақида қайғурмаяпти, совға омадсиз чиққани учун ўзингизни айблаяпти.

Агар сизга унинг «қуёнчам» деган эркалашлари ёқмаса ва буни айтган бўлсангиз, аммо шеригингиз давом этаверса, бу ҳам огоҳлантириш белгиси. Агар ундан бунинг сабабини сўрасангизу: «Менга шундай қулай, ўрганиб қолганман» ёки «Нима сенга ёқмаяптими?» деб жавоб берса, бу «қизил чироқ». Агар у сизга хафа қилувчи танбеҳ берса, бу огоҳлантирувчи белги. Агар сиз хафа бўлганингизни айтган бўлсангиз, аммо у бундан жаҳли чиқса ёки ҳазилга буриб, ярим соатдан кейин яна ўз ҳунарини бошласа, бу «қизил чироқ».

  1. Аниқ айтилган гапни эшитмаяпсиз

«Мен гўшт емайман» ёки, аксинча, «Ҳеч қачон вегетариан бўлмайман», «Чекишни ташламоқчи эмасман», «Фарзанд кўришни истамайман», «Мен диндор эмасман» деган гапларни эътиборсиз қолдирманг ва бу фикрларни ўзгартира оламан, деб ўйламанг. Бировни муҳаббат билан ўзгартириш ғояси қарамлик асоси ҳисобланади ва бундан яхшилик чиқмайди.

Учрашиб юрадиган инсонингизга яхшилаб разм солинг. У билан биргаликдаги ҳаётингизни тасаввур қилинг ва унинг ҳозирги иллатларини ҳам назардан қочирманг: чекишда давом этади, фарзанд кўришни истамайди, сиз билан стейк-хаусга бормайди ёки дин қоидаларига қатъий амал қилади. Бу сизга тўғри келадими? Ўзингизга: «Ҳечқиси йўқ, мослашиб кетаман» ёки «У менга бўлган севгиси туфайли, барибир ўзгаради» деманг. Тўғри, баъзи инсонлар чекишни ташлайди, вегетарианларга айланади ва ҳатто диний қоидаларини ҳам ўзгартиради. Аммо бунга ишониб бўлмайди.

Албатта, ҳар жабҳада муҳим масалалар борасида ҳар кимнинг фикри ҳар хил, аммо умумий ҳолатлар ҳам бор: масалан, содиқлик ва ҳиёнатга бўлган ёндашув, турмуш тарзи ва салбий одатлар, овқатланиш маданияти, сексга бўлган муносабат, фарзанд кўриш, сиёсий қарашлар, ота-онага бўлган муносабат, пул ва иш ҳақи, расмий никоҳ, келажак учун режалар каби (масалан, жуфтликдан бири бошқа давлатда яшашни, олам узра саёҳатни истаса, таълим олиш, соҳани ўзгартиришни хоҳлаб қолса).

Қадриятлар ва турмуш тарзидаги фарқ, энг мураккаб иш. Ушбу муҳим масалалар бўйича мос келмаган жуфтлик зиддиятли ва қийноқли ҳаётга учрайди, охири ажралиб кетиши ҳам мумкин. Шунинг учун жуфтингизнинг миграция масаласи борасидаги режалари ёки ҳар йили ёзда икки ойга тоққа бориши ҳақидаги мақсадларини албатта, эътиборга олинг. Бу унинг учун қанчалик муҳимлигини сўранг, ўзингиз эса буни нечоғли қабул қила олишингизни ўйлаб кўринг.

  1. Шеригингиз ҳаракатларини инобатга олмайсиз

Афсуски, жуфтингиз бир нарсани гапириб, бошқа ишни бажариши мумкин. Шунинг учун унинг барча ҳаракатларини кузатинг, сўзларига эмас, қилиқларига ишонинг. Тасаввур қилинг, сиз жуфтингиз ҳақингизда овозсиз кино томоша қиляпсиз. Экранда жуфтингиз бошқа инсон билан кўнгилхушлик қилади, собиқ дугонаси билан яширинча смс хабарлар ёзишади, дам олиш кунлари қаергадир йўқолиб қолади. Афсуски, унинг садоқат ҳақидаги гапларига ишониш қийин.

Агар одам фарзандларни яхши кўраман деб туриб, ҳаётда беш дақиқа ҳам болаларга чидай олмаса, демак, у ота-она бўлишга унчалик тайёр эмас. У доимо «истиқболли лойиҳалар» ва стартапларда иштирок этса-ю, лекин ямоқ оёқ кийимларда юрса ва сиздан таксига пул олаверса? Бундай одам билан молиявий барқарорлик ҳақида ўйлаш қийин. Балки бу хислатлар ҳам сизни ташвишлантирмас, аммо хаёлга берилмасдан, курашиб яшашга тўғри келади.

Айтганча, биринчи ҳиссиёт ҳар доим ҳам ижобий бўлавермайди. Аммо хушомад ва эркалашларга қизғанчиқ одам, мудом олдингизда бўлиши ва сизни қўллашга тайёр туриши мумкин, илтимосларингизга қулоқ тутади ва сизни шахс сифатида ҳурмат қилади. «Чиройли муносабат қилишни билмайдиган» одам сизни гулдастага буркамаса ҳам, касал бўлганингизда дорихонага чопади ва нонуштангизни тайёрлаб беради.

Манба: https://www.wonderzine.com/wonderzine/life/life/232548-don-t-do-it