Уч йил олдин отам онам иккаламизни уйдан қувиб чиқарди. Ўшанда мен 15 ёшда эдим. Ойим билан мен бувимнинг уйларига бордик. Дадамнинг ўйнаши бор эди ва унга квартира керак эди, шунинг учун бизни ҳайдаворганлар. Ярим йил ўтмади ҳамки, отам бизнинг квартирамизга келиб, онамнинг жиғига тегаверди. Биз энди ўз ҳаётимизни изга солиб, бўлган воқеалардан тузалаётган эдик. Айниқса онамнинг жанжаллар ва калтаклардан ўзларини тиклашларига узоқ вақт кетди. У бизникига келишни канда қилмасди, бувим ва мен унга нима кераклигини тушунмасдик. У доим онамни таъқиб қилиб, жанжал чиқаришга ҳаракат қиларди. Биз неча бор ички ишларга ҳам мурожаат қилдик, аммо ҳеч ким бизга ёрдам бермади.
Бир куни келиб эшигимизни роса тақиллатди. Заифлигимиздан фойдаланиб, ҳеч нарса қила олмаслигимизни биларди. Бир қўшнимиз чиқиб, уни тинчлантиришга ҳаракат қилди, аммо ҳеч нарса ёрдам бермади. Ойим эшикни очиб, отамдан кетишларини сўради. У эса онамни ўлакса қилиб калтаклаб, уйига кетди. Кейинроқ милиция, тез ёрдам келди. Участка нозирининг бир гапи эсимдан чиқмайди: “Эрингизга нима қилдингизки, у сиздан шунчалик нафратланса?”. Ваҳоланки онам унга ҳеч нарса қилмади.
Эртаси куни эса онам юрак ҳуружидан вафот этдилар.
Мен яқинда 19 га тўламан. Бувим мени катта қилдилар, отам эса шу пайтгача бирон марта ёрдам бермади бизга. Сўнгги бор уни онамнинг дафн маросимида кўрдим. У ўшанда жанозага келиб, тиржайиб юрди. Менга алимент ҳам тўламади. Бувимнинг нафақаларига зўрға кун кечирганмиз. Мен 16 ёшга тўлгач, ишга чиқдим.
Ҳозир ишлаяпман, ўқишни эса хаёлимга ҳам келтирмайман. Кўпинча ўйлайман: агар онам тирик бўлганида, ҳаётимиз қандай бўларди? Онамни гўрга йўлиқтирган ҳам отам бўлади, мумкин бўлса уни қаматворардим.