Инсоннинг айбини унинг феъл-атворига боғлашни яхши кўрамиз. Масалан, болаликдан қовоғини солиб юрган инсонда бир талай касалликларни кўрганимизда ажабланмаймиз. Ҳатто олимларнинг айтишича, инсон хулқининг айрим жиҳатлари чиндан ҳам унинг саломатлигига таъсир кўрсатади.
Бундан келиб чиқадики, ижобий хислатлар инсонга фойда келтириши керак. Аммо ҳар доим ҳам эмас — бунга Гарвард университети олимлари амин бўлишди.
Улар виждонлилик, ҳақиқатгўйлик, вафодорлик каби хусусиятлар инсонларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатига қандай таъсир ўтказишини ўрганиб чиқишди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, булар жамиятга фойда келтирмоқчи бўлган инсоннинг асосий хислатлари.
Тадқиқотда 65 ёш атрофида бўлган 10 минг нафарга яқин америкаликлар иштирок этган.
Виждонли бўлсанг, касалликка дуч келмайсан
Олимларнинг айтишича, виждонли бўлиш умрни узайтириши маълум бўлди. Чунки у ҳаётдан мамнунлик ва тўсиқларни енгиб ўтиш ҳиссини пайдо қилади.
Шифокорлар инсоннинг ушбу хислати ҳатто сурункали касалликларни енгишда ва ҳаёт сифатини яхшилашда ёрдам беришини таъкидлайдилар. Айниқса, тарқоқ склероз ва юрак-қон томир касалликлари хавфини олдини олади. Ногиронлиги бор инсонларнинг эса ўз касаллиги ва унинг белгиларини қабул қилиши осонлашади.
Бундан ташқари, виждонли инсонлар гипертония, семизлик, Альцгеймер касаллигига камроқ чалинишади. Ўпка хасталиклари, юрак ишемик касаллиги, инсульт ва артритдан камроқ азият чекишади. Бу каби шахсларда хотира кучли бўлади ва у билан боғлиқ хусусиятлар умрнинг охиригача сақланиб қолади.
Ҳалоллик тушкунликка йўл бермайди
Тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, ростгўйликни ўзига сингдирган инсонлар тушкунликка камроқ дуч келади. Энг қизиғи, уларнинг иммунитети баланд бўлади ва ишда ҳам, ҳаётда ҳам тўсиқларни яхшироқ енгади.
Ҳалоллик бобида юқори баллга эга бўлган иштирокчилар орасида ўпка саратонига чалиниш хавфи 18% га, тушкунлик хавфи эса 11% га камроқ эканлиги кузатилди.
Аммо…
Тадқиқотчиларнинг фикрича, атрофдагиларига ўта меҳрибон ва ғамхўр бўлган инсонлар ёш ўтган сари ўзларида толиқиш, зўриқиш ва чарчоқ аломатларини ҳам сезиши мумкин.
Бу маънода меҳрибонлик инсонга қарши иш беради. Яъни бировларга ғамхўрлик қиламан деган инсон ўз саломатлиги ҳақида унутади, вақтида дам олмайди, овқатланмайди, ухламайди. Буни олимларнинг статистикаси ҳам тасдиқлайди: сўровнома иштирокчиларининг фикрига кўра, хоспис, касалхоналарда қариндошларини парвариш қилаётган инсонларнинг 30-70 фоизи ғамхўрлик қилаётган инсонларидан олдин бу оламни тарк этишади.
Шунингдек, ростгўй инсонлар орасида диабет, саратон, юрак-қон томир касалликлари, инсульт каби хасталикларга чалинганлар ҳам талайгина.
Манба: https://www.psychologies.ru/articles/esli-chelovek-po-prirode-dobr-kak-kharakter-vliyaet-na-zdorove/