Олий маълумот олиб, ишга жойлашган, ҳаёт ҳақида у-бу тушунчага эга бўлган ёшда турмушга чиққанман. Яхши жойда ишлар эдим. Қайнонам совчи бўлиб келганда, ишламайди, уйда ўтиради, деганди. Аммо, тўйдан икки ой ўтиб, ишга чиқмайсизми, деб ишга чиқариб юборди. Эрим ҳам бунга рози бўлди, ишга қайтдим. Ҳар ой маошимни қайнонамга берардим. Бир гал маошим сал кеч қолганда, қайнонам раҳбаримга қўнғироқ қилиб роса урушган. Хуллас, бунақа жанжаллар кўп бўлар, ўзим ишлаб топган пулимга улардан сўрамай ҳеч нарса олишим мумкин эмасди.
Бир йилгача бўйимда бўлмади. Унгача ота уйимга бир ойда бир марта боришга рухсат беришарди. Унда ҳам соат кундузи 12да кетиб соат 4да қайтиб келишим керак эди. Бунга ҳам чидадим. Оилада икки акам, битта укам ва мен эдик. Яъни, 4 фарзандмиз, мен ёлғиз қизман. Иккинчи акам Россияга ишлагани кетиб, узоқ йиллар келмай юрди, тўйимдан ярим йилча ўтгачгина қайтиб келган эди. Акам менга қўнғироқ қилиб, «Мен қайтиб келдим. Куёв бола билан келинглар, ўтириб кетасизлар,» – деб чақирди. Акам келганидан роса хурсанд бўлдим. Лекин қайнонам рухсат бермаслигини билардим. Акамга бугун бора олмаслигимни, эртасига рухсат олиб, уйга боришимни айтдим.
Хуллас, ўша куни акам укам билан бизникига ўзлари меҳмонга келишди. Биз домда турардик. Уйда эрим бор эди, эшик тақиллади. Қарасам, акам ва укам экан, эримдан сўраб эшик очдим. (Чунки мен уларнинг рухсатисиз ҳеч кимга эшик очишим мумкин эмасди. Дам олиш кунлари уйда қолсам, қайнонам кўчага чиқадиган бўлса, устимдан қулфлаб чиқиб кетар эди!) Қайнонам ўша куни уйда эмасди. Эрим қўнғироқ қилиб, менинг ака-укам келганини айтди. (Қайнонам менинг қариндошларим меҳмонга келишини ёқтирмасди.)
Эримнинг телефонидан қайнонамнинг «Мен уйга қайтгунимча, уларни йўқот!» – деган овозини эшитдим. Кейин чорасизликдан акамга «Сизлар борақолинглар, мен эртага бораман,» – деб ялина бошладим. Акам «Синглим, буларнинг олдида бирор айбингиз ё тил қисиқлик жойингиз борми, нега бизни ҳайдайсиз?» – деб, кетишга кўнмай, қайнонамни кутиб ўтирди.
Қайнонам келгач, уйга кириб акамлар билан сўрашмай-нетмай, менга «Нега мендан сўрамай эшик очдинг?» – дея бақира кетди. Орада жанжал чиқди. Айбим ўз акамга эшик очганим бўлди. Акам «Ажрашиб кетинг, булар барибир қадрингизга етишмайди. Сизни олиб кетаман,» – деб туриб олди. Мен «Пешонамга ёзгани шу экан, сабр қилай-чи, бирор ажри бордир,» – деб, кетишга кўнмадим. Улар кетгандан кейин, қайнонам, шунча йилда келган аканг битта чангюткич кўтариб келишга ярамабди-да, дея таъна қилди.
Хуллас, бунақа жанжалларимиз кўп бўлди. Мен кўпига сабр қилдим. Чунки, биз томонларда кўпчилик қизларини ўқитмай, эрта эрга берворишади. Аям ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмай, мени ўқитганди. Ана, ўқитган қизи қайтиб кепти, деган гап онамга келмасин, деб жуда кўп нарсага сабр қилдим. Улар эса андишанинг отини қўрқоқ қўйишди.
Бошидан ҳаммаси ёлғон билан бошланганди ўзи.
Қайнонам иккита бир хоналик уйим бор, биттасида бу қиз, биттасида мен яшайман, деб мени келин қилиб тушириб олган эди. Эрим оилада ёлғиз ўғил. Қайнонам эри билан эрим чақалоқлигида ажрашиб кетган экан. Совчиликка келганда, эрим бор, ҳозир Россияда ишда, деганди. Кейинчалик билсам, иккала уй ҳам ўзлариники эмас, ижара уй экан. Мен турмушга чиққанимдан кейин битта уйни топшириб, бир хонали уйда қайнонам, мен, эрим ва болам яшадик. Қайнонам битта ўзи залда мен эса эрим билан ошхонада ётардик. Болам ёнимга сиғмагани учун, залда қайнонам билан эди. Ўша ерга кириб эмизиб чиқардим. Шу ҳам ёқмади.
Бир куни бизни балконга чиқиб ётинглар мен ошхонадан иссиқ сув ололмаяпман, деб урушди. Залдан балкондаги ҳамма нарса кўриниб турарди. Унга индамадим, лекин ҳозир иссиқ кунларда эпласак ҳам, қишда ошиқча совуқ бўлади-ку, десам, мени гап қайтаришда айблади. Кейин унда мебеллларингизни ота уйга жўнатворинг, деди. Кийимларимизни бир хонали уйнинг қаерига қўямиз, деб эътироз билдиргандим, у ҳам ёқмади… Орадан бироз вақт ўтиб, яна бир масалада жанжал чиқди.
Қайнонам боланг менинг ўғлимдан эмас, деб туҳмат қилишгача борди! Эрим ўша ерда жавобимни берворди. Мен ота уйимга кетдим, қайтмайдиган бўлиб кетдим…
Шунга ҳам беш йилча вавт ўтибди… Болам кўп сиқилганимдан нимжон туғилганди, бир ойда 4 марталаб шифохонада ётган кунларимиз бўлди. На эрим, на қайнонам – ҳеч бири хабар олишмади. Қайнонамнинг онаси, яъни, катта қайнонам биз ётган шифохона билан бир девор «қўшни» бўлиб яшайди. Биз шифохонада даволанаётганимизни эшитиб, биздан хабар олишга келиш ўрнига, кап-катта аёл, холамникига мени ёмонлагани борибди!
Худога шукр, болам ҳозир яхши, роса кўп даволатдим, чет элга ҳам олиб чиқиб келдим. Болам уч ёшга яқинлашганда юрди, 5 ёшда тили чиқди… Бола кўзга кўриниб қолганда, даволатиб, соғайтириб олганимдан кейингина отаси ота экани эсига тушиб қопти, ярашайлик деяпти!
Мен кетганимдан кейин қанча ишладим, боламни таъминлай, даволатай, деб тиним билмадим. Эрим машина бўяйди. Топганда, яхши топади. Қўлига пул тушганда, компьютерхонадан бери келмайди. Ўзича бренд кийимлар кияди. Қорнидан ҳам аямайди, лекин ўз боласи нима еб, нима кийяпти, дори-дармонига пул қаердан келяпти – иши йўқ.. Бугунги куни билан яшайди. Эртанги куни ҳақида ўйламайди.
Мен эса, қайнонамга ўхшаб ижарада ўтирмай, ўзим уй олай, деб ҳаракат қиляпман. Кўпчилик харидор бўлди, ҳеч кимга эътибор бермадим. Ўғлимга уй олмагунча турмушга чиқмайман, деб ўзимга сўз берганман. Энди кўпчилик, болангнинг ўз отаси яхши, бошқага тегмай, ўша билан яраш, ўгай барибир ота бўлолмайди, дейди. Менинг эса бошим қотган. Ўз боласига эгалик қилолмаган, онадан берухсат қадам босолмайдиган одам ўзгариши мумкинми? Нима қилишни билмаяпман… Қандай маслаҳат берасизлар?