Бошимдан ўтганлари кимгадир сабоқ бўлар

Саҳифангизда охирги аноним воқеасини ўқиб, мен ҳам ҳаётимни сўзлаб беришга қарор қилдим. Уч бор турмуш қуриб, учинчи турмушда бахтини топган аёлман. Биринчи турмушдаги қайнонам ўта тарбиясиз эди, ётоқхонага бостириб кириб келар, деразага парда туттирмасди. Ўғлини ярим тунгача олдида олиб ўтирар, у ухлаб қоларди, мени эса ё ухлагани ёки хонамга кириб кетгани қўймасди. Кейин икки ой ичида ўғлини ишлаш учун бирга олиб кетди. Эрим 3 кунга келар, шундаям иложи борича менга яқин йўлатмасди. 10 ойгача шундай яшадик. Ҳомиладор бўлмадим. Кейин жанжал бошлашди. Келин туғмас экан деб, қиз ахтаришга тушишди, ҳатто олдимда хам қизлар муҳокамаси очиқ бўларди. Тушундимки, у оиламни бола бўлмай туриб бузмоқчи бўлган.

Уйда егулик ҳам жойида эмасди. Кейин билсам ҳамма кўчага чиққанда ўзига алоҳида сумкасида олиб келиб ейишар экан. Ота уйимга ойда бир борардим, шунда ҳам 2 соатга. 10 ойда 52 кг дан 42 кг бўлиб қолдим. Уйга бориб, кетмайман, десам, ота-онам кийим-кечак, озиқ-овқат, пул бериб, сабр қил, деб яна эримникига ташлаб кетишарди. Бир куни онамга дардимни тўкиб-солдим, онам мени врачга олиб борди. Врач мени кўрикдан ўткизиб, соғломлигимни айтди, витаминлар ва гормонлар ёзиб берди. Онам мени келинлик уйимга олиб бориб, қайнонамга ўғлингиз яна кетиб ишлайдиган бўлса, ҳозир қизимни кўчи билан олиб кетаман, деб шарт қўйгач, қайнонам ноилож рози бўлди. Қизингизга ҳеч қанақа дори олиб берманг, отпускаси чиқса, ўзи дориларини олади, деди. Отпускам чиқди, лекин дориларни олишга қайнонамдан рухсат тегмади. Шундаям ҳомиладор бўлдим, токсикоз оғир ўтди. Лекин қайнонамга барибир эди, чунки, унинг бошқа, ўқимаган келин олиш орзуси бор эди.

Саҳар соат 3 дан деразамизни бор кучи билан урар, чиққунимча бақирарди. Эрим онасига ҳеч нарса деёлмасди. Ҳомиладорлигим 3 ойга ўтиб тушиш хавфи билан қаттиқ оғриқ тўхтамади. Лекин у мени ётишга қўймас, шифокорга кўрингани ҳам қўймасди. Амаллаб рухсат олиб, онам билан докторга боришни режалаштирдим. Зўрға рухсат тегди. Йўлкирага пулим йўқлигидан қорда пиёда нариги қишлоқдаги қизлик уйимга қараб йўл олдим, йўлда бир неча бор тўхтаб, дам олдим. У пайтда машина кам эди.

Шифокорлар қатъий ётоқ режимини белгилашди. Эримникига кетсам, боладан айрилишимни аниқ эди. Акам бориб вазиятни айтса, ўзи келиб сўрамабди-да, дейишибди. Шу билан туққунча ётдим. Бир-икки ҳафтада бир эрим қайнонамдан яшириб 4 та иссиқ нон ташлаб кетади. Уни ҳам билиб қолган экан, тўхтади. Фарзандимни ўз фамилиямга олдим, чунки эрим томондан ҳеч ким келмади. Уйга чиқдик, эрим бир марта келиб, олиб кетмоқчилигини айтди. Онам, фарзанди 6 ойлик бўлса, кейин юбораман, қизим оёққа турсин, сиз ҳимоя қилолмайсиз, деб кетишимга қўймади. Орада 3-4 марта боламга нарса кўтариб келди. 4 ойлик бўлганда уйига фарзандини кўрсатгани олиб борди, мен бормадим. Онаси, невара деса, кўнглим айнийди, дебди. Хафа бўлиб келди. 6-ойда бир сидрагина уст-бош билан эрим мени уйга олиб кетди. Қайнонам хушламай кутволди, декрет пулларимга қизига сеп қилганини айтди. Бир ойгина чидадим, ўзгармаганини тушуниб, кетдим. Эрим ярашиш учун келди, лекин мени ҳимоя қилолмаслигини айтиб, бир ҳафтадан кейин нарсаларимни қайтариб олиб келиб ташлади. Шу билан биринчи турмушим якунига етди.

4 йилдан сўнг бошқа оила қурдим, эрим бундан баттар эди, фақат онамдан, ака-укаларимдан пул олиб келишимни, ҳатто, бозорлик қилиб келишларини талаб қила бошлади. 1 йил сабр қилдим, яна фарзандли бўлгандим. Болам ярим ёшга етгунча яна ота уйимда яшадим. Эрим ишлагани кетганди, қайтгач қўл кўтара бошлади. Қайнонам ҳам мендан пул талаб қиларди. Кетдим. Орадан 6 ой ўтиб нарсаларимни машинага ортиб, олиб келиб ташлашди.

Бир куни биринчи қайнонам иш жойимга (коллежда директор ўринбосариман) келди. 2 та боласи ва қорнида 3 чиси билан келинини хайдагани, боласини уйлайман, деса кўнмаётганини айтиб, ўғли билан яшашимни сўради. Мен оила қурганимни айтиб, кузатиб қўйдим. 3 кун келди, роса дуо қилди.

Ўша вақтларда коллежга янги ишга келган бир эркак ўқитувчи ўзига умр йўлдош излаётган экан, мендан ҳам бирор танишим бор-йўқлигини сўради. Ажрашган экан, мен кўрсатган номзодлар унга маъқул бўлмади. Роса 1 йил келин ахтардик.

Бир куни хонамга келди, ёлғизлигимни эшитибди. Мен болаларим борлиги ва ёлғиз ҳаётимдан мамнунлигимни айтиб, рад этдим. ўғлим, қизим, уйим борлигини, шароитим яхшилиги, эрга тегмаслигимни айтдим. 1 йил қаршилигимга қарамай, менга ғамхўрлик қилиб, эътибор кўрсатиб, охири оила қуришга кўндирди. Қонуний никоҳдан ўтиб оила қурдик, болаларимни фамилиясига олди. Ўғлим ўзимни фамилиямда эканлиги учун муаммо бўлмади.

10 йилдирки, бахтли яшаяпмиз. Яна бир ўғил, бир қиз туғдим. Биринчи турмушидаги қизини яхши жойга узатдик. Катта ўғлим институтда ўқияпти. Болаларим ҳам тўғри қабул қилди. Биринчи қайнонам ҳалиям ўғлимга алимент олиб келади, ўғлининг бахтсиз бўлишида, оила бузилишида ўзини айбдор санайди. Иккинчи эрим алиментдан воз кечиш эвазига оталик ҳаққидан кечди, 10 йил бўлди…

Буларни нега ёзяпман? Бошимдан ўтганлари кимгадир дарс бўлар, деган умид билан! Агар, менга қилинган зуғумларга кўниб яшаганимда, ҳозир ўз қадримни билмай, муроса учун хаётим беҳуда ўтиб кетарди. Ҳозир бир ташкилот раҳбариман. Ўз ҳаётимни ҳатто онам, ака-укаларим эътирозига қарамай тикладим. Фарзандларим тўлиқ оила нима эканлигини билиб яшашини истадим. Ҳозир ҳамма хурсанд. Ҳатто, қарши бўлганлар ҳам. Бахтлиман…