«Сабр қилсанг ҳаммаси яхши бўлади», «Уйдаги гапни кўчага чиқарма», «Психологлар — лўттибоз» каби иборалар юзлаб стереотиплар авлоддан-авлодга ўтиб ва кўплаб тақдирларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Қуйида стереотипларнинг таъсирини ҳис қилган, ўз ҳаёти ва ақл-заковати билан яшашни ўрганиш учун психологлар, адвокатлар ҳамда фаоллар тавсияларига мурожаат қилган инсонлар ҳикоялари ўрин олган.
Жамиятда «ўрнатилган» стереотиплар ёшларнинг тақдирини бузиши ва бунга қарши туриш ҳақида.
УРСА ДЕМАК СЕВАДИ
Зўравонлик — қасддан жисмоний куч ёки мансабни қўллаш, ҳаракат ёки таҳдид шаклида, ўзига ёки бошқа шахсга қарши, шахслар гуруҳига ҳамда жамоага қарши қаратилган бўлиб, унинг натижаси (ёки эҳтимоли юқори) тан жароҳати, ўлим, психологик шикастланишга, ривожланишдаги оғишлар ёки турли хил зарарлар ҳисобланади (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таърифи).
Нигина Худайбергенова
Гендер зўравонлигига қарши Немолчи.уз лойиҳаси координатори
– Оиладаги зўравонлик муаммоси ҳозир қанчалик долзарб ва илгари қандай бўлган?
– 2017 йилгача Ўзбекистонда «оиладаги зўравонлик» атамаси ҳеч ҳам тилга олинмаган, унинг ўрнига «оилавий низолар» атамаси қўлланилган. Бундай атама муаммони дарҳол тўсиб қўйган, шунингдек, барча оила аъзолари ўртасида жавобгарликни тақсимлаган, сабаб можарода икки тараф ҳам иштирок этади. Ўз ўрнида уйдаги можаролар статистикаси ҳам жамланмагани, тегишли қонунлар ва ҳимоя механизмлари мажбур эмаслигини тахмин қилиш қийин эмас. Ҳозирда вазият бироз ўзгарган, ва биз муаммони тан олдик. Зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича ҳаракатлар бошланди, хусусан, хавфсизлик ордери, реабилитатсия марказлари фаолият кўрсатмоқда. Афсуски, оиладаги зўравонлик ҳолатларининг тўғридан-тўғри статистикаси ҳали ҳам йиғилмаган, аммо биз хавфсизлик ордерлари сонига қараб хулоса чиқаришимиз мумкин.
– Унда, илгари оиладаги зўравонлик ҳолатлари нисбатан яхшироқ бўлган деб айта оламизми?
– Албатта, йўқ. Шунчаки бу ҳақида камроқ гапирилган ва ёзилган. Агрессорга таъсир қилиш учун ҳеч қандай восита йўқ эди, жамият бу муаммони тан олмасди. Статистика ёпиқ эди. Ҳозирда биз оиладаги зўравонлик жиноий жавобгарлик даражасида кўриб чиқилишига умид қиламиз, кўплаб фуқаролик фаоллари ҳам бу мавзу устида ишламоқдалар.
– Сизнингча, давлат аёллар ва болаларнинг турмуш тарзини яхшилаш учун чоралар кўраётган бўлса-да, нима сабабдан оилавий ва жинсий зўравонлик муаммоси тарқалишда давом этмоқда?
– Турли омиллар бунга сабаб бўлади. Иқтисодиёт, меҳнат миграцияси ва ижтимоий масалалар мавжуд. Эскирган стереотиплар ҳамда ва оилани ташкил этилиши ҳам катта рол ўйнайди. Замонавий дунёда аёлни ҳуқуқсиз, сабрли мавжудот сифатида тарбиялаш энди актуал эмас. Аёллар ривожланмоқда, ишламоқда шу билан бир қаторда мамлакат фуқаролари сифатида, улар жим турмасликлари ва оналари тоқат қилган нарсаларга тоқат қилмасликлари керак. Эндиликда, янги дунё ва эски стереотипик асосларнинг тўқнашуви зиддиятларни келтириб чиқаради. Ҳар қандай зўравонликнинг асоси, бу ҳокимиятни қўлга киритиш, бўйсунмаганларни бостириш ва камситиш учун қилинган уринишлардир. Шуни ҳам унутмайлик-ки, биз ўз оилаларимизнинг паттернларини мерос қилиб оламиз, кўпинча зўравонликда ўсган, зўравонликни норма сифатида қабул қиладиган болалар буни ўз оилаларида такрорлайдилар. Бу эса, зўравонликнинг янада бир узоқ давом этишини таъминлайдиган унсурдир.
“Оиладаги зўравонлик, шунингдек, оиладаги-маиший зўравонлик, бир кишининг бошқасига нисбатан зўравонлик ёки ёмон муносабатда бўлиши, уйда, масалан, никоҳда ёки бирга яшашда содир этилади. Шунингдек, болалар, ота-оналар ёки қарияларга нисбатан зўравонлик бўлиши мумкин.”
1 ҚАҲРАМОН
Илгари ҳеч ким оиладаги зўравонлик, эски стереотиплар, «одамлар нима дейди?, аёлларни камситиш, болалар руҳиятига шикаст етказиш каби муаммоларни кўтармаган. Жамиятимизда ҳар доим ҳамма нарсани яшириш одат тусига кирган. Бироқ бу муаммолар мавжуд бўлмаган дегани эмас.
Мен ўзим вилоятданман, кичик бир шаҳарда ҳамма бир-бирини танийди ва турли миш-мишлар, ғийбатлар тез тарқалади. Мен 15 йил давомида отам томонидан оиладаги зўравонликдан азият чекган онамнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.
Онам 20 ёшида турмушга чиққан, улар отамни танимаганлар, чунки уларни мажбурлаб турмушга беришган. Отам давлат хизматида ишлаганлар, онам эса маълумотсиз, ҳеч қандай ишсиз уй бекаси бўлганлар ва албатта, оила аъзоларига хизмат қилганлар. Биринчи кунларданоқ отам кўпинча иш туфайли уйга келмасди.
Бу вақтда эса отамнинг онаси янги келинни қўрқитишни бошлайди, отам келганида эса, онам ҳеч иш қилмаётгани ҳақида ёлғон гапирарди ва уларни бир бирига қарши қилади. Ана ўшанда ҳақиқий жаҳаннам бошланди.
Онам менга ҳомиладор бўлган даврларида ҳам уларни калтаклашни бошлайди, уйдан ҳайдаб чиқаради. Шундай кунларда онам ота уйига келиб, бор гапни уларга айтади.
Уларнинг реакцияси қизиқ бўлган. Албатта, ҳайрон қолишган, лекин: «Сабр қилсанг – яхши бўлади!» дейишган. Шу йўсинда яна бир неча йил ўтди.
Буларнинг барчаси мени кўз ўнгимда содир бўлган, онамнинг калтакланиши, ҳақорат қилинишлари. Ростини айтсам, ҳозир ҳам барчасини кўз ёшларим билан ёзяпман, азиз одамингиз азоб чекаётганини кўриб туриб унга ёрдам бера олмаслик жуда оғриқли.
Бир неча йил ўтгач, биз отамнинг ота-онасидан алоҳида яшашни бошладик. Ва отам ҳатто нон учун пул қолдирмасдан кетиб қолишни бошлади. Улар онамга ишлашни тақиқладилар. Шунчаки телефонини ўчириб, бир неча кун ғойиб бўлишлари мумкин эди, биз эса чироқсиз, овқатсиз ҳатто иссиқ чойсиз қолар эдик. Онам бу ҳолда иккита болани таъминлай олмаслигидан қўрқарди.
Вақт ўтди, биз улғайдик, акам ва мен онамни ҳимоя қила бошладик, отамга унга тегмаслигини айтардик, лекин улар бизга ҳам қўл кўтаришни бошлади, бизга пичоқ улоқтирарди, маст ҳолатда келар эди.
Онам ҳамма нарсага чидади ва «Одамлар нима дейди?, “Қандай қилиб қизимни отасиз турмушга бераман?” деб ўйлардилар. Шундай кунларнинг бирида биз бувимнинг уйига (онам томонидан) кўчиб ўтишга қарор қилдик ва у ерда олти ой яшадик.
Онам келажагимиз яхши бўлиши учун кунлар давомида ишларди. Айни пайтда, ота яна оила қурди ва у аёл дадамни ташлаб кетди. Отам йиллар давомида қўнғироқ қилмас, аҳволимиз билан қизиқмасди ва буларнинг барчаси биз учун болалик травмасı бўлиб қолган.
Онамнинг ҳаракатлари билан оёққа турдик, ҳозир акам билан чет элда яхши жойларда ўқиймиз, ишлаймиз ва онамга ёрдам берамиз.
Мен бу ҳикоям билан ҳозир шунақа вазиятда бўлган ва нима қилишни билмаётган аёлларга туртки бермоқчиман. Ҳаракат қилинг, келажагингиздан бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламанг. Одамлар бир-икки гапиради ва тинчиб кетишади. Ҳозир ҳеч кимга бировнинг муаммоси керак эмас.
Шунинг учун илтимос ҳаётингизни ўз қўлингизга олинг.
МУТАХАССИС ИЗОҲИ
Лиана Натрошвили – психолог, сексолог.
Аслида қанчалик қийин бўлмасин токсик муносабатлардан фақатгина аёлнинг ўзи чиқиб кета олади, негаки бу фақат унгагина керак. Абьюзернинг ўзи жабрланувчини ўз назорати доирасидан чиқиб кетишидан манфаатдор эмас, қариндошлар эса одатда ниманидир ўзгартиришдан қўрқадилар, ғийбат бўлишини хоҳламайдилар. Шунинг учун ҳам, ички ишлар, психолог, шифокор ва бошқа мутахассисларнинг кўмагидан фойдаланиб мустақил қадам босиш керак.
Биринчи қадам – айнан англаб етиш, яъни сиз учун сизнинг ишингизни ҳеч ким қилмайди, ҳеч кимдан ёрдам кутиш керак эмас, сиз ўзингизни ўзингиз қутқара оласиз холос.
УЙДАГИ ГАПНИ КЎЧАГА ЧИҚАРМА
Жинсий зўравонлик – ҳар қандай жинсий ҳаракат ёки бошқа инсоннинг сексуаллигидан фойдаланиш. Жинсий зўравонлик бутун дунёда содир этилади. Бироқ, кўплаб давлатларда бу борада етарлича изланишлар олиб борилмайди.
2 ҚАҲРАМОН
Мен яхши кўрган инсонимга турмушга чиқганман. Замонавий оила фарзанди бўлишимга қарамасдан, доимо урф-одатларимиз ва қадриятларимизни ҳурмат қилганман. Улар менинг ҳаётимга ўз таъсирини ўтказмагунига қадар.
Тўйга қадар ҳамма қизлар қатори тиббий текширувлардан ўтдим, нима учундир фақат қизлар учун мажбурий бўлган қизлик иффати текширувидан ҳам. Фақатгина ҳозир қанчалик камситилганимни тушуниб етаяпман, ўша даврда эса ёш ва севиб қолган бир қизча эдим. Куёв бола эшик ортида турган. Фақатгина гинеколог мутахассис сифатида берган ташхисидан сўнг тўйга тайёргарликнинг кейинги босқичларига ўтганмиз.
Тўй ўтди ва ўша “муҳим” кеча бошланди. Ҳамма ҳам кетмади. Бизни ётоқхонага киргизиб юбориб, эшик ортида келин янгани қолдиришди. (Одатда бу 2 та турмуш қурган аёллар, ёки келиннинг холалари бўлиб, улар биринчи кеча яхши ўтиши ва қиз боланинг иффатини исботловчи оқ латтадаги қонни кўрувчилар бўлади… жирканчликдан бошқа нарса эмас.)
Уй тўла одам, меҳмонлар, қариндошлар, қўшнилар… Ётоқхонада бизга 1-2 соатгина вақт бор эди, ундан кўпроқ вақт қолиб кетиш – уят. Бу менинг биринчи кўрган инсоним, биринчи муҳаббатим эди – бироқ бу муҳит, менга жуда қийин бўлган, қўрқув – ҳам жисмонан ҳам руҳан.
Биз икки соатлар атрофида бу “иш”ни қилишга ҳаракат қилдик, аммо ҳеч ўхшамади, охири келин янгаларинми олдига чиқиб озроқ вақт беришлари, жуда қўрқаётганимни айтиб йиғладим.
Мени ҳатто эшитишни ҳам исташмади: “Бу уят-ку, одамлар нима дейди?”, “Бизни шарманда қилма, бу “иш” бугун бўлиши керак” деб мени яна ётоқхонага қайтаришди.
Эрим ҳам ғазабда эди, мен ўзимни нотўғри тутаётганим, озроқ сабр қилишим, ҳамма бу нарсадан ўтиши ва мен шунчаки инжиқлик қилаётганимни гапирди. Қачон ва қандай бўлгани эсимда йўқ, фақатгина жуда кучли оғриқ бўлгани эсимда, бироқ шунақа бўлиши керак деб ўйладим, ҳаёлимда эса тезроқ шу “иш” бўлса-ю, бадбахт латтани олиб кетишса… Бироқ латтани эмас, мени олиб кетишди.
Тез ёрдамнинг реанимация бўлимида кучли қон кетиши билан олиб боришди. Менда ички аъзолар йиртилиши бўлган эди. Мен ҳеч қачон ўша кечани унутмасам керак, совуқ даволаш хонасида яримхуш ҳолатда ётибман, шифокор аёл, нимагадир жуда жаҳлдор эди, менимча тунги навбатчилик вақтидаги уйқусини бузганим учун бўлса керак, тикиш учун ип олиб келиш кераклигини буюрди. Буни эшитиб йиғладим, менга тегинмасликларини ва онамни чақиришларини сўрай бошладим. Йиғлаб, бақираман-у, бирданига йўқ бўлиб қолишни, ерга кириб кетишни хоҳлардим, жуда-жуда уялдим. Ҳамманинг олдида ўзимни уятли ҳис қилдим, шифокорлар, эрим, қариндошлар, бутун дунё олдида, фақат мен айбрдордек.
Ахир қандай қилиб? Ҳамма қила олган ишни уддалай олмадим. Одамларнинг кўзига қандай қарайман энди? “Асал ойи”нинг қолган қисмини 2 та кичик операция ва саломатлигимни тиклаш билан шифохонада ўтказдим. Қариндошларим томонидан эплай олмаганим ва чидамаганим сабаб гапга қолдим.
Бўлган ишдан сўнг, одатий ҳаётни бошлашимда қўрқув бўлдими? Албатта! Бир неча ой олдимга ҳеч кимни яқинлаштирмадим, ҳозиргача даҳшат билан эслайман. Ҳозир қизим катта бўлаяпти, у билан бундай ҳолат рўй беришини ҳеч ҳам хоҳламайман, мен муҳими бировларга кўз-кўз қилиш учун, бировларнинг фикри учун хавотирда бўладиган менталитетимиздан нафратланаман.
Умид қиламанки, бу ҳикоя қизларни – “уят ва мумкин эмас” деган чегаралар билан тўсиб қўйган катта авлод учун дарс бўлади. Мен жинсий алоқа ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас эдим, мен ҳатто ўз аёллик органларимнинг тузилишини ҳам билмаганман, сабаб бу мумкин бўлмаган мавзу эди.
Балки, агар ўша кеча оддий кўникмалардан фойдаланганимда, турмуш ўртоғим ва унинг қариндошлари аҳволимни тушунишганида бу ҳолат рўй бермаган бўлар эди.
МУТАХАССИС ИЗОҲИ
Лиана Натрошвили – психолог, сексолог.
Биринчи кеча билан боғлиқ бўлган урф-одатлар нормал сексуал ҳаёт билан ҳеч ҳам боғлиқ эмас. Қанча қизлар биринчи кеча тажрибасида ўтмиш меъёрларини эмас ўзи ва танасига қулоқ солмагани учун қанчалик зарар кўрганини тасаввур қилиш қийин.
Жинсий алоқага шошилмаслик жуда муҳим. Таҳликага тушиш, оғриқдан қўрқиш мутлақо нормал ҳолат ва эр-хотин ўпиш босқичларини, қандайдир тана алоқасини бошдан кечириши учун вақт керак бўлади, ҳаяжон пайдо бўлиши жуда муҳим, ана ўшандан кейингина сиз аста-секин жинсий алоқага ўтишингиз мумкин. Бу бир кун ёки бир ҳафта ёки бир ой давом этиши мумкин.
Аёллар эркак каби яқинликка тайёр бўлишнинг аниқ мезонларига эга, аммо агар эркакда эректсия бўлмаса, жинсий алоқа бўлмайди аммо афсус, бу аёлларга тааллуқли эмас.
Кўпинча аёлнинг эҳтиёжлари ва истаклари бутунлай эътиборсиз қолдирилади.
Энг маъқули психолог-сексолог ёрдамига мурожаат қилиш. Шерик эса етказилган зарарни тушуниши, уни тан олиши ва бу қўрқувларни енгишга ёрдам беришга тайёр бўлиши жуда муҳимдир.
Биринчи қадам – бу аёл тайёр бўлмагунига қадар жинсий алоқага тўсиқ қўйиш. Кейинчалик, аста-секин аёлга қулай тезликда ҳаракатланиш ва шошилмаслик. Травматик тажриба натижасида пайдо бўлган алоқаларни аста-секин ҳаёлдан чиқариш керак.