Кўплаб олимларнинг ишларида эркаклар ва аёлларнинг ҳуқуқлари, шунингдек амалиётда уларни тенг ҳуқуқлилигини таъминлашда қийинчиликлар муаммолари кўриб чиқилмоқда. Оилада турли жинс вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари масаласи айниқса долзарб, чунки айнан оила жамиятда мавжуд гендер тартибнинг миниатура модели ҳисобланади.
“Менинг уйим – менинг қўрғоним” мақоли халқ орасида жуда машҳур, бу инсонлар ҳаётининг шахсий тарафи ёпиқлигича қолиши лозимлиги ва бу ерда бегоналарнинг аралашувига йўл қўйиб бўлмаслигини англатади. Аммо иерархияли гендер тизим доирасида ташқи кузатувлардан бундай ҳимоя “кўзга кўринмас” ва энг ёмон ҳолатда, етакчи гендер – оила боши ҳисобланган эркакнинг чексиз ҳукмронлигини гаровига айланади.
Бизнинг жамиятимизда аёл бўлиш қандай? Бола дунёга келиши биланоқ гендер нотенглик яққол намоён бўлади. Ўғил бола туғилганида – катта байрам нишонланади, қиз бола туғилганида бундай тадбир йўқ. Бундан ташқари, кўплаб оилаларда аёл жинсли боланинг дунёга келиши иснод ҳисобланади ва онадан шу ондаёқ, иккинчисини қачон туғиши сўралади, агар иккинчиси ҳам қиз бўладиган бўлса, унда оила ажрашишигача бориши мумкин, аёл ҳақорат қилинади, таҳқирланади, ўғил фарзанд туға олмаганлиги учун “брак” деб аталади. Аёл оппонентларига ҳеч нарса дея олмайди, уларнинг юрагида ғазаб йиғилиб, айбсиз бўлган чақалоқларга йўналтирилади. Болаларнинг устига қайноқ сув қуйиш, дазмол билан куйдириш, уларни уриш шундан келиб чиқади. Бунинг устига қиз болаларни гўдаклигиданоқ бўйсуниш, итоаткорлик, тобеликка ўргатишади. Қиз бола, ўсмир қиз ва охир оқибат аёл оилада ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмайди, унда фақат мажбуриятлар бўлади. Аёл доим ҳаммага нимадир қарздор, у уй йиғиштириши, овқат тайёрлаши, агар ҳатто бунга ҳоли бўлмаса ёки хаста бўлса ҳам кўплаб қариндошларга хизмат қилиши шарт. Биринчи навбатда ўз ишингни бажар, кейин касал бўл. У доим барчага қарздорлигидан ташқари, у барчасида айбдор: ҳомиладор бўлмагани, ўғил фарзанд дунёга келтирмагани учун, ҳатто эрининг ишидаги муаммоларида аёл айбдор қилиниши мумкин. Унинг истаклари эътиборга олинмайди, хоҳишига қарши, психикаси ривожланмаган, ёш вақти эрга узатишади. Шу ондаёқ барчаси ман этилади, унга ўқиш, ишлаш мумкин эмас, ахир, агар у ўз устида ишлаб муваффақиятларга эришса, у мустақил бўлади, демак оила қулай хизматкорни йўқотади. Аёл нафақат ҳиссий тазйиққа, балки жисмоний (эрининг мунтазам уриши) ва жинсий зўравонликка йўлиқади, жумладан дўқ-пўписа, ҳам жамият, ҳам шахсий ҳаётида эркинликларидан маҳрум қилиш.
Статистика маълумотларига кўра, меҳнатга лаёқатли аҳолининг ярими чет элга ишлашга кетади. Аёл эрсиз қолади. Бунда у эрининг пулларидан фойдалана олмайди – барчаси эрининг қариндошларида бўлади. Бу оилада иқтисодий зўрликнинг яққол мисоли. Аёл доим руҳий сиқилган ҳолатда бўлади, у ҳеч қаерга бора олмайди, чунки уни ота-онаси қабул қилмайди, ажрашиш – бу шармандалик, ҳеч қаердан ёрдам сўраб бўлмайди. Унда бундай ҳуқуқнинг ўзи йўқ, ахир оилада содир бўлаётган барчаси жойида қолиши керак – бунга ёшликдан ўргатилган, нолима ва чида. Агар у дадиллик билан иш тутса, барибир жамият уни барчасида айбдор санайди. Ҳеч кимга кераксиз, нокерак ва фойдасиз шахс мана шундай шаклланади. Охир-оқибат аёлнинг ўзи барчасида, уни ҳар куни уришлари, зўравонлик қилишларида ўзи айбдорлигига, эҳтимол барча оилалар шундайлигига ишона бошлайди. Бу тақдир ва унга итоат этиш керак. Баъзилар буларнинг барчасига чидай олмайди ва фақат бир йўл кўришади – аёл бўлмаса, муаммо ҳам бўлмайди ва энг қўрқинчлиси – ўзини ҳаётдан маҳрум қилишга қарор қилади.
Республикамизда 2021-йилнинг сўнги уч ойида зўравонлик ва таҳдидлар юзасидан 11070 та шикоят қабул қилинди. Улардан 2772 та шикоят 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизлар ва аёллардан, уларнинг 93 нафари вояга етмаган. Шикоятларнинг энг катта улуши – бу оиладаги зўравонликлар 9973. Улардан 5209 та ҳолат психологик зўравонлик, 3813 та ҳолат жисмоний, 166 та ҳолат иқтисодий, 44 а ҳолат жинсий зўравонлик. Бундан ташқари, 1838 та ҳолатда – зўравонлик ва ҳаётига таҳдид қилиш қайд этилган.
Турмуш ўртоғининг зўравонлигига учраган аёллар – 8158 ҳолатда ва қайнонасининг зўравонлигига учраган аёллар – 322 ҳолатда шикоят қилишган.
Яна бир мисол, алкогол билан боғлиқ. Аёл эри алкоголдан маст ҳолат бўлиб, унга нисбатан зўравонлик қилса эрининг ёнини олади. Масалан, у турмуш ўртоғини бир вақтнинг ўзида қаттиққўл маст эр ва ичмаган меҳрибон ота ролида қабул қилади, бу икки кўринишдаги эр образини шакллантиради. Эрини мастликдан ҳимоялаш аёлнинг мажбурияти саналади; у эри ва оиласига етарли ғамхўрлик қилмаганлиги учун эри ичишда давом этяпти деб ҳисоблайди.
Фикрларим юзасидан дастлабки хулосага келиш ва муаммони назарий англаш мақсадида Хоразм вилоятида содир бўлган ҳолатни мисол қилиб келтираман. 36 ёшли эркак аёлини жазолашга қарор қилиб, уни далага олиб чиқади, бўғизлаб, жасадини ёқади. Бундан бир муддат аввал аёл эри билан жанжаллашишгани туфайли ота-онасининг уйига чиқиб кетади, эртасига ота-оналари ўртада учта фарзандлари борлигини айтиб, уларни яраштиришга уринишади. Лекин бу ёрдам бермайди, қизлари қайтишдан бош тортади, тунда эса мана шундай фожиа содир бўлади.
Муҳим жиҳатлардан бири болалар бутун болалиги даврида зўравонликка гувоҳ бўлиб келишган – бироқ улар қурбон эмас, шунчаки гувоҳ бўлишига қарамасдан, болалар доим оиладаги зўравонликдан азият чекади. Бундай болаларнинг ҳатти-ҳаракатларида бузилишлар, саломатликларида жисмоний ёки руҳий муаммолар кузатилади: улар профессионал мутахассисларнинг махсус педагогик ёки психологик кўмагига муҳтож бўлади. Ўсиб келаётган авлодга оиладаги зўравонликнинг таъсири қонун чиқарувчи органлар ва ижтимоий соҳа ташкилотларининг эътиборида бўлиши лозим. Турмуш ўртоғига қаттиққўл бўлган эркак зўравонликни тўхтатиб, фарзандларига ҳалокатли таъсир қилувчи ҳаракатларини қайта кўриб чиқмагунича, яхши ота бўла олмайди.
Гендер нотенглик муаммосини ҳал этиш йўлларини мен қуйидагиларда деб биламан:
1. Ўрта-мактаб ёшидан бошлаб, аёл жинсли болаларнинг ота-оналари орасида олий таълим олиш ёки қандайдир касбни эгаллашнинг ўта зарурлиги тўғрисида ташвиқот ишларини олиб бориш.
2. Ёш оила – психологик кузатув объекти сифатида. Никоҳга кириш учун ижтимоий-психологик тайёргарлик. Ёшларнинг бўлажак биргаликдаги ҳаётларини режалаштириш асосида ётувчи қадриятларнинг ўзига хосликларига эътибор бериш, оилани қуриш жараёнида инқирозлар юзага келиши ҳамда улардан осон чиқиш йўлларига диққатни қаратиш.
3. Оилада зўравонлик хавфи жуда юқори бўлган, туман марказларидан узоқ жойлашган жойларда маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари (маҳалла) билан ишлаш. Аёлларга уйдан бажариладиган ишларни топишда ёрдам бериш, мураккаб моддий ҳолатда бўлган оилаларга кўмаклашиш.
4. Қандайдир касб эгаллаш ёки карера қуришда гендер нотенгликни истисно қилиш. Масалан, аёллар соғлиқни сақлаш тизимида жами кадр ресурсларининг 70% ни ташкил қилади, лекин бор йўғи 25% и раҳбарлик лавозимини эгаллаган. Раҳбар лавозимларда бундай гендер нотурғунлик стереотиплар, аёлларнинг камситилиши ва имкониятлар нотенглиги билан боғлиқ.
5. Аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича фундаментал лойиҳалар яратиш: аёллар ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин бўлган муайян ташкилотлар таъсис этилади; бу уйдаги зўравонлик мавзусини олиб ташлаш; махсус аёллар бошпанасини яратиш имконини беради, бу ерда аёллар ва болаларга инқирозий ҳолатларда қўллаб-қувватлаш, молиявий, ижтимоий ва шахсий масалаларнинг ечимини топиш хизматлари кўрсатилади, уй зўравонлигининг гувоҳига айланган болалар билан психологик ишланади.
6. Давлат ташкилотлари ҳамда парламентда аёллар учун жойлар сонини ошириш.
Хулоса қилиб айтиш лозимки, бир аёлни қутқариб, уни тўғри йўналтириб, қўллаб-қувватлаб ва унинг эртанги кунига ишонч уйғотиб, биз ҳеч қандай муболағасиз, бутун келажак авлодни қутқарамиз.
Феруза Жабборова