Тақдир тақозоси билан қўлимда кичик ёшли бола билан бева бўлиб қолдим. Ота-онамнинг кўмаги билан оёққа турдим, яхши ишим, уйим, машинам бор.
Яқин пайтлардан бери атрофимда эрга тегишим шартлигини уқтираётган “маслаҳатгўйлар” кўпайиб қолди. “Хоҳламайман” десам, “ўзинг учун туғиб ол, хали 40 ёшга ҳам кирмадинг, иккинчи хотин олмоқчи бўлганлар бор”.
Энг қизиғи, “ўзинг учун туғвол” ва “иккинчи хотин бўл” деган гапларни эрли аёллардан эшитяпман.
Аввалига болам бор ва ўзим учун кимнингдир ўйнаши эмас, саёҳат қилишни хоҳлаётганимни айтардим. Кейин эса “Ок, бу учун эрингни “қарзга” бериб тур”, десам, бирданига ҳафа бўлволиб, бузуқлигимни айтишади. Қизиқ экан, бировнинг эридан туғсам, майли, лекин уларнинг турмуш ўртоқларига кўз олайтирсам, дарров ж.б.га чиқаришаркан-да?!
Тушунишимча, бизнинг юртда ёлғиз она бўлиб, ишларинг яхши бўлса, бу ғайритабиий ҳолат. Ҳаммаси яхши бўлиши учун ёнингда эркак бўлиши керак, у бировнинг эри бўлса ҳам. Шунчаки бахтли бўлиш мумкин эмасми…