Сусамбил вилоятидан О.Х. адолатга эришди. Яқинда Сусамбил вилоятидан О.Х. ҳақида ёзган эдик, унга қизлар тегажоғлик қилган эди.
Унинг сўзларига кўра, у ишдан уйга қайтаётган бўлган, ўз маҳалласида кетаётган бўлган. О.Х. қийқириқлар, ҳуштаклар ва турли уятсиз сўзларни эшитиб қолди. Унинг олдига учта қиз яқинлашади, атрофини ўраб, йўл беришмасди. Турли ҳақоратли сўзлар айтишган. Биттаси ҳатто унинг орқасига уради.
Биз йигитнинг оиласи билан боғландик ва ота-онаси билан суҳбатда бўлдик. Йигит онасининг айтишича, бўлган воқеадан кейин улар уч кунгача кўчага чиқа олишмаган экан.
«Бошимизни кўтара олмай қолдик. Бизда йигитларнинг юриш-туришига қандай қарашларини биласиз-ку. Йигитнинг шаъни – хонадон шаъни. Бутун маҳалла бўлган воқеа ҳақида билиб бўлибди. Ҳамма бизга бармоғини бигиз қилди. Энди ўғлимизни эрликка ким олади, энди умрининг охиригача қари йигит бўлиб қолади. Лекин қариндошларимиз ёрдам берди».
Онанинг сўзларига кўра, қариндошлари айбдорлардан бири билан турмуш қуришга келишиб олишибди.
«Ўғлимни орқасига урган қизнинг онасига бўлган воқеадан кейин уйимизга совчилар келмай қўйгани ҳақида айтдик. Биз барча ўғилларимизни қаттиқўллик билан тарбия қилганмиз, улар кўчада юрмайди, ҳатто интернетга ҳам кирмайди. Улар бизни тушунди. Қизларини бизнинг ўғлимизни эр қилиб олишга мажбурлашларини айтишди. Шунга келишдик. Ўша қизнинг оиласи йўқ экан ўзи, нариги иккитасини эри бор экан».
О.Х. нинг отаси ҳам ўз фикрлари билан бўлишди.
«Иккита кичик ўғлимиз ҳам бор. Агар бу ўғлимнинг тақдири яхшилик билан ҳал қилинмаганида бу ўғилларимни ҳам кейин ҳеч ким эр қилиб олмасди. Ўғлим яхши оилага куёв бўлиб боряпти. Уйи ҳам яқин. Ўйлайманки, уйга тез-тез келиб туради».
О.Х. ҳам хурсанд. Тўйга тайёргарлик қиляпти.
«Мен медбратликка ўқиб чиққанман, поликлиникада ишлардим. Ўша куни ишда сал кеч қолдим, негаки беморлар кўпайиб кетганди. Энди бошқа ишлашимга тўғри келмайди, бундан жуда хурсандман. Мен қандолатчилик, тикувчилик курсларида ўқиганман, уйда ҳамма ишларни қилишни биламан. Иш қилиб биринчи фарзандимиз қиз бўлсин-да. Ўғил туғилса, ҳамма мени айбдор қилади».
Бўлажак келин ҳам хурсанд, шекилли.
«Бу жазоланишдан яхшироқ. Тўйимиз бўлсин-чи, бир гап бўлар. Агар эрим эсли-ҳушли бўлиб чиқса, яхши. Нари борса, иккинчи эр оларман», ― деди Л.А.
Тергов қўзғатишдан бош тортган ва О.Х.ни енгилтакликда айблаган терговчи аёл ҳам жазога тортилди – унинг лавозимини оширишди.
P.S. Барча исмлар, воқеалар ва шаҳар номлари уйдирма.