Менга ўхшаб оиласидан безган одам бўлмаса керак.

Одам ўз оиласидан ҳам зерикиши, уларни ёмон кўриши мумкинми ҳеч бир замонда?!
 
Ёшлигимдан оиламизда уруш-жанжалларни кўриб катта бўлганман. Онам билан Дадам 35 йилдан бери бирга яшашади, лекин бир-бирларига умуман муносиб эмаслар, деб ҳисоблайман, фикрлари, хоҳишлари бир жойдан чиқмайди. 5 ёшлигимда Онам янги телефон сотиб олгандилар, эртаси куни мен қизиқиб телефонларини улардан сўрамасдан кўриб ўтирганман. Шу куни оддий телефонни деб уйимизда биринчи маротаба энг катта жанжал бўлди. Онам мени роса уришганлар, урганлар, тинмай сўкканлар телефонларини сўрамасдан кўрганим учун.
 
Оилада бир қизман, 3 та акам бор, ёлғиз қиз бўлганим учунми, дадам доим тарафимни олиб онам билан жанжаллашардилар, ҳаттоки мени деб онамни бир неча маротаба урганлар ҳам. Икки ўртада акаларим онам билан дадамни ажратишарди. Ҳар гал онам юзимга солардилар, сени деб даданг менга қўл кўтарди деб. Ҳозир ёшим 24 да, ҳали турмушга чиқмадим. Эсимни таниганимдан бери ота-онам чизган чизиқларидан чиқмаймиз. Салга хато иш қилиб қўйсак дарров югуриб келиб бизни урардилар.
 
6-7 ёшлигимда маҳаллада қизлар билан ўйнаб уйга бироз кеч қолиб келганим учун мени ётқизиб қўйиб орқамдан икковлари биргалашиб ремен билан роса савалашган. Доим қаеримдир – тиззаларим ё белим ёки тирсакларим кўкарган, шилинган, ҳаттоки бир марта картошкани тозалаб сувга солиб қўймаганим учун онам қўлларидаги пичоқ билан менга ташланганлар, қочиб қолганман. Пичоқнинг учи, яъни ўткир қисми орқа елкамга кириб кетганди. Хонамга югуриб кирдим, аввалига сезмадим, кейин секин оғриқ бошланди. Елкамга қўлимни оборсам, қон тўхтамаётган экан, бир амаллаб ўзим қонни тўхтатдим.
 
Ўғил болалар орасида катта бўлганим учунми, сал шўх, қизиқувчан қиз эдим. Хуллас калтак тагида катта бўлганман десам адашмаган бўламан. Ҳар бир қиладиган ишимизни улардан сўраб қилишимиз керак, яъни қанақа овқат ейишимиз, қанақа китоб ўқишимиз, қайси тарелкада овқат ейишимизгача тепамизда туриб тергаб турадилар. Қиз бола бўлганим учун коллежни битирганимдан кейин мени Институтга кириш-кирмаслигимни узоқ ўйлашган. Ўқитсакмикан ёки йўқ? Онам “ўқисин, врач бўлсин, мени Институтда ўқитишмаган” дедилар, қизим ўқисин деганлар. Шунда ҳурсанд бўлгандим.
 
Кейин касб тўғрисида гаплашдик, мени қизиқишларим уларни умуман қизиқтирмасди, мен ўзим бошқа касбга қизиқаман, шу тўғрисида айтсам, эшитишмасди, бир тийинга ҳам олишмасди. Ота-онам фикрича, қиз бола учун энг яхши тўғгри келадиган касб бу фақат ва фақат Шифокорлик касби экан. Нима учун деб ўйлагандирсиз? Мен ҳам шу саволни уларга берганман. Айтишдики, сен бошқа бўлмағур касбни танласанг, келажакда турмуш ўртоғинг сени ишлатмайди, кейин уйда ўтирасан, шундай касб танлагинки, эринг сени ишлатсин, врач бўлсанг уни олдида ҳурматинг ҳам бўлади, бемалол ишлай оласан, сени ишлатмаган тақдирда ҳам болаларингни ўзинг даволайсан, дейишган.
 
Ота-она ҳеч қачон фарзандига ёмонлик тиламайди ибораси остида фақат ўз хоҳишларини қилдириб келишган. Бошқа касбларни фақат ёмон қилиб кўрсатишган. Институтда ўқиш ниятинг бўлса, фақат Тиббиёт соҳасида ўқийсан, бошқа касбга руҳсат йўқ. Бўлмаса сени эшикдан биринчи келганга бериб юбораман дейишарди. Эсимни таниганимдан бери қиз бола келажакда қайнонаси, эрига ёқиши керак, бунинг учун сен ҳамма уй ишларини гап қайтармасдан қилишинг керак деган гапларни эшитганман.
 
Авваллари телевизорда бир кино тез-тез бўларди. Унга кўра турмушга чиққан синглиси оиласида бўлган муаммо сабаб сиқилиб ўз уйига келади, уйга келса акаси синглисининг гапини эшитмай қуданинг уйига олиб боради. Уйингда бўлган гапларни бизга олиб келма, нима муаммонг бўлса, ўзинг ҳал қил деб айтарди. Шу кинони ҳар сафар онам мен билан акамга кўрсатардилар. Акамга ҳам тайинлаб айтардилар. Кўрдингми, акаси қандай йўл тутган. Сен ҳам эртага мени кўзим юмилганда синглинг уйидан йиғлаб келадиган бўлса, умуман эшитмагин, дарров орқасига қайтариб юбор, деб қайта-қайта уқтирардилар.
 
Менга қараб сен турмушга чиққанингдан кейин бизни унут, биз сен учун йўқмиз. Ота-онам, акаларим бор, деб бизга ишонма, ўша уйингда ўлсанг ҳам майли, дерди онам. Турмушга чиқдингми, сен уларникисан, нима қилишса ҳам ҳаққи бор дейишарди. Мен эса ўша пайтлари жуда қўрқиб яшардим. Ҳақиқатда ҳам мен ҳеч кимга керакмасманми деган ҳаёлга борардим. Ҳалиги бир мақол борку, қиз бола бировнинг ҳасми. Доим шу гапни айтардилар. Наҳотки мени орқамда ҳимоя қиладиган ҳеч ким бўлмаса деб ўйлаб қолардим. Онам китоб ўқиб ўтирганимни кўрсалар дарров келиб текширадилар қандай китоб ўқиётганимни. Фақат тиббиётга оид китоб ўқисамгина индамайдилар, агар бадиий китоб бўлса, китоб йиғиштир, уйларни тозала деб норози оҳангда гапирадилар. Ваҳоланки кечагина уйларни тозалаган бўлсам, яна, керак бўлса ҳар куни тозалашимни уқтирардилар.
 
Онамнинг айтишларича, ёшликларида соат 5 да уйғониб кечаси соат 1-2 гача фақат уй ишлари билан банд бўлган эканлар, ҳамма жойни ёғ тушса ялагудек тоза сақлаган эканлар ва мени ҳам шундай тарбиялашни хоҳлайдилар. Турмушга чиқсам ҳам ҳудди ўзларига ўхшаб кечаю кундуз фақат уй тозалаш овқат қайнона-қайнота хизматини тиним билмай қилишимни хоҳлайдилар.
 
Ойим ҳамма жойни тозалаб қўйсам ҳам нимадир иш топиб берардилар, ювилган жойни қайтадан ювдирадилар, ҳеч бўлмаганда ширинлик пиширтирардилар, доим мени фақат ўзлари яхши кўрган машғулот билан банд қилиб қўйишни хоҳлайдилар.
 
“Сени туққунча ит туқсам бўлмасмиди, сени қийналиб дунёга келтирдим, нимаики қилсам фақат сени ўйлаб қиламан, келажакда яхши келин бўлишинг керак, уй ишларига тайёр бўлишинг керак, бўлмаса сени бу аҳволингда ким ҳам олади, олган тақдирдаям қизингиз иш билмас экан деб қайтариб олиб келишса ҳам сени уйимга киргизмайман, мени сендек қизим йўқ” деб аразлаб юрадилар. Уларнинг айтганларини қилсам, хўп, қилмасам мени ёмон кўрадилар. Уларнинг меҳрларини қозониш учун ҳамма айтганларини қилиб дуоларини олиб юрсам ишларим юришаркан.
 
Ҳуллас тиббиёт коллежини битириб Олийгоҳга кирдим, тиббиётдан билимим унчалик яхши эмас, буни энди секин-секин билиб боряптилар ва жаҳл билан айтадилар. Тиббиёт борасида ҳеч қандай билиминг йўқ, ундан кўра кўча супуришинг керак, кўчаларда аҳлатларни тозалаб юрадиган касб сенга ярашади, сендан Шифокор чиқмайди умуман қизиқмайсан деб яна койиб берадилар. Касбни ўзим танламаганимни айтсам, бу кунингдан ўлганинг яхши, тезроқ ўлиб йўқолсанг, қолган умримни тинчлик осойишталикда ўтказардим, дейдилар. Тезроқ сени ўлдириб кетсалар ҳам розиман деган гапларни эшитавериб тўғриси оиламдан безиб кетдим. Бу гапларни жаҳллари чиққанда айтишади, буни тушунаман. Лекин инсон қандай қилиб хохиши бўлмаган касбни севиши унга меҳр қўйиши мумкин. Ўзимни шунга мажбурлаб ҳам кўрдим қўлимдан келмайди. Қўлимдан келмагани ва қизиқишим йўқлиги учун ҳам тинмай ҳақоратли гаплар эшитаман.
 
Умуман олганда, оиламизда ҳеч ким бир-бирини тушунмайди, дадам билан ойим бир-бирларини ҳурмат қилишмайди. Улар билан бирон масалани муҳокама қилгим ҳам келмайди, ҳали ёшсан ақлинг етмайди, эплолмайсан каби мотивацияни йўққа чиқарадиган гапларни айтишади.
 
Уйимизда ҳар куни жанжал. Ҳар куни мени қарғайверадилар, рўзадорман, ҳеч бўлмаса бу ойда қарғамай турсалар бўларди. Ойларнинг энг улуғи Рамазон ойида ҳам „Илоҳим биринг икки бўлмасин“, „Аллоҳдан ўлиб кетишингни сўрайман, Бахтинг қаро бўлиб гадой бўлиб юргин” деб айтадилар.
 
Нима учун ота-оналар фарзандларига эркинлик беришмайди?!
 
Нима учун арзимаган хатоликлари учун уларни қарғашади?!
 
Нима учун фарзандга ўзлари хоҳлаган қолиб ясаб бериб шу қолипдан чиқмай яшашларини хоҳлашади?
 
Оиламдан узоқда яшашни хоҳлайман. Нима қилай, маслаҳат беринг.