Ёшим 40 дан ошган, 2 фарзанд онасиман, зиёли, обрў-эътиборли оилада ўсиб улғайдим. Ота-онам барча фарзандларни олий маълумотли, уйли-жойли қилишган, аммо ҳаёт ҳар доим ҳам кўнглиндагидек силлиқ бўлмас экан.
Зиёли оилага келин бўлиб тушдим. Мени эримга унинг бувиси тавсия қилган, учрашувдан кейин эса ёқтириб қолиб, уйимизга совчи жўнатди. Эрим ёлғиз фарзанд, эрка, боз устига катта хонадон ташвишлари ва талаблари мени батамом эсанкиратиб қўйганди, турли дашномларни эшитавериб, биринчи фарзандим нобуд бўлди.
Шу воқеадан кейин ҳаётим сал изига тушгандек эди, қиз ва ўғил фарзанд кўрдик, лекин орқамдан ғийбат аримади. Ҳа деганда ёмон отлиқ бўлаверганимдан эрим бу орада кўнгли совуб, бошқа миллатли бир аёлга илакишиб қолганди. Бир неча йиллаб давом этган ғийбат, ҳиёнат менга тинчлик бермади. Бора-бора болаларим етим бўлиб қолиши мумкинлигини тушуниб етсамда, қанчайин оғир бўлмасин, уларни бундай ҳаётда катта бўлишини хоҳламай, устига устак таҳқирлардан нари бўлиш учун ажрашишга карор килдим. Ана шу йиллар мобайнида сабр ва матонат билан ота-онамнинг юзини ерга қаратмай, фарзандларимни ҳалол боқиб тарбия килдим, уларни вояга етказдим. Интилишларим оркасидан уй олдим, фанзандларим билан унга кўчиб ўтдик. Чет эл билан қўшма корхонада ишлаб, молиявий аҳволимни ҳам тиклаб олгандим. Болаларимнинг яхши илм олиши доим эътибор марказимда бўлди. Ишларим ҳавас қиларли, корхонада тажрибали мутахассислардан бири мен эдим, илгари ниманидир олишга ботинолмай, ўзимни тийган бўлсам, ҳозир эса орзуларимнинг барчасига эришдим. Шукурки, ҳозир фарзандларим нуфузли олийгоҳ талабалари бўлиб таҳсил олишади, ўғлим бир пайтнинг ўзида бир неча чет эл олийгоҳларига имтиҳон топшириб, уларга йўлланма олган. Фарзандларим ва уларнинг бугунги кундаги эришаётган ютуқларидан жуда фахрланаман. Иш юзасидан ўзим ҳам бир неча бор чет элларга саёҳатда бўлдим, замонавий, ўз фикрига эга ўкимишли аёлман. Тақдир тақозоси, дўстлар қистови билан тасодифан совчилар гуруҳи орқали бир инсон билан танишиб қолдим. У билан дилдан суҳбат қурардик, ҳаётда қийналганини билгач, бир-биримизни тушунамиз деган ҳаёллар билан ота-онамга ҳам муносабатларимизнинг хабарини етказдим. Уйдагиларимиз рози бўлишди, фақат дадам чуқур изтиробда, ҳаётда кўрган бахтсиз онларимни эсларкан, ундан мени ва оилани асраши кераклигини шарт қилиб қўйди.
Мана ҳозир турмуш қурганимизга бир йилдан ошди, афсуски берилган ваъдалар унутилди, маъсулият эса гоҳида бажарилса, гоҳида унутилди.
Бу орада эрим ҳақида баъзи нарсалар етиб кела бошлади, яхши бўлиб қолар деб, ўзимни юпатиб юрдим. Лекин ҳозир икки уй орасида сарсонман. Ўз уйимга фарзандларимдан хабар олиб туриш учун борсам, эримнинг кирдикорларига чидай олмай, алоҳида чиқиб яшаётган уйимиздан ҳам қадамим узилмайди. Кундуз кунлари эса тикка оёқда ишда банд бўламан. Шундай кунларнинг бирида бир воқеа батамом эсанкиратиб қўйди. Сафарга кетган пайтимда бегона аёл билан учрашганини сезиб қолдим, бунга исбот ҳам топилди, сабабини сўраганимда эса ўзимга оғдарди қўйди. Болаларимнинг олдида бўлишим, кунда кунора уй кела олмаслигим, саёҳатда бўлган даврларим, рўмол ўрамаслигим ва узун кўйлакларда юрмаслигим, унга етарлича эътибор бермаётганлимни пеша қилди. Лекин фарзандларим билан яшашга ҳарчанд эримни кўндирмайин, ҳар гал болаларнинг нари яшаши учун сабаблар келтирар, уларни биз билан яшашини сира истамасди. Шу алфозда кунлар ўтиб борарди, шундай кунлар бирида қалбимни парчалаб, сўнг уни домсиз гулҳан қўрига ташлаган бир воқеа бўлди. Кечаси 11 яримларда нотаниш бир аёл қўнғироқ қилди, эрим эса телефонига мени яқинлаштирмади, ҳатто вазиятни изоҳлаб ҳам ўтирмади, аксинча, нима қилибди бошқаси билан учрашсам, дея, ҳар галги ваъжларини рўкач қилди. Ер ёрилмадики, унинг қаърига ғарқ бўлмадим. Бегона аёл, кўринишимни, аёллигимни ҳақорат қилиб айтилган гаплар, асоссиз айбловлар тамоман ақл-хушимдан оздирди. Тушунаман, манипуляция қилиб, руҳимни, ҳаётимни синдириб, устимга хоҳлагандай яшамоқни ният қилаяпти, лекин мен бундан ортиқ у билан бирга яшаш сабабини кўрмаяпман, бошқа томондан эса фарзандларимнинг бўйи етган, эрта-индин қуда бўламан деган аёл номига яна ажрашибди, деган гаплардан ҳам истиҳола килдим, лекин қадр-қимматимни назарга илмаган одамнинг айбловлар билан қўйилаётган шартларига ҳам тушина олмаяпман.
Шукрки, фарзанд онани сотмас экан, икки жигар-бандим – икки қанотим, бири қўйиб, иккинчиси юпатади, соғлиғим борган сари ёмонлашиб бораётганини кўриб, ўзим яшай олишимни қайта-қайта айтиб, энг аввало ўзимни ўйлашим кераклигини маслаҳат беришади. Уларни кўриб қанчалар қувонсам, мени кўриб эзилаётганларидан шунчалик дилим оғрийди.
Ота-онам ва яқинларим олдида жуда ҳижолатдаман. Илтимос, азизлар, маслаҳат беринг, биринчи турмушимдан айрилгач, бу инсонни Аллоҳдан қўрқадиган, намозхон инсон деб қабул қилгандим, минг афсуски, ҳозир азоблар исканжасида қолдим, борган сари янада кучли руҳий зўравонликни ҳис қиляпман, нима қилсам тўғри йўл тутган бўламан?