Энди эса уйда деярли ҳар куниота-онам ва акам билан тортишамиз. Мен акамга ошхонани биргаликда тозалаб, идишларни ювишни таклиф қиламан. Мусиқа тинглаб бирга иш қилиш янада завқли. У эса: «мен эркакман, ошхонада бўлиш эркакнинг иши эмас», дейди. Авваллари улар билан қандай яшаганман, билмайман, қисқаси, мен бу ерда хизматкор бўлган эканман-да.
Бугун онам билан тортишиб қолдим. Наздимда, улар анъанавий стереотиплар қурбони. Отам акамга чой олиб келишини айтиб, синглимга иш буюрганида синглим хоҳламайгина ошхонага ўтганда отамга «қиз бола истамаган ишини қилишга мажбур эмас» деганимда дадам мендан ҳафа бўлдилар.
Мени ёмон томонга ўзгарганликда айблашмоқда. Эмишки, ўз ҳуқуқларимни билганим, фикримни очиқчасига айтаётганим, ота-онага ҳурматсизлик қилаётганим, анъанавий қарашларни ўзгартирмоқчи бўлганим, Европага тақлид қилаётганим учун ёмон эканман. Мен ўз ота-онамни яхши кўраман, лекин ҳар куни камситиш билан яшаш қийин. Ҳа, булар майда-чуйдадай кўринар, лекин айнан оила ва тарбиядан адолатсизлик ва тенгсизлик бошланади. Мен ота-оналар барча фарзандларини тенг кўришлари ва яхши кўришларини ва болалар бир-бирларини қўллаб-қувватлаши ва тенг масъулиятли бўлишларини ўргатишлари керак деб ҳисоблайман.