Мизогиния: аёлларга нафрат жамиятда қандай намоён бўлади

Мизогиния аёлларга нисбатан душманлик, нотўғри муносабат ва ҳатто нафратни англатади. «Бизнинг жамиятимизда аёлларни севиб, ардоқлашади», деб эътироз билдиришингиз мумкин.

Афсуски, ҳар доим ҳам ундай эмас. Мизогиния аёлларга нисбатан нафрат билан ифодаланиши шарт эмас. Аммо у ҳар доим аёлларга нисбатан зўравонлик ва зулмни бевосита ёки билвосита қўллаб-қувватлайди. Масалан, гендер стереотипларини қўллаб-қувватлаш орқали.

Мизогинияни қандай аниқлаш мумкин

Кўпинча стереотиплар сексизм билан бир қаторда муҳокама қилинади. Аёлларга нисбатан нафрат ва сексизм бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, баъзан бир-бирини тўлдирса-да, булар бир-бирига ўхшаш тушунчалар эмас.

  • Сексизм гендерга асосланган ҳукмронлик муносабатларини яратиш, шунингдек жинсга қараб ажратишни (нотўғри баҳо, нотўғри қараш, баъзи тахминлар) ўз ичига олади. Бу кенгроқ тушунча, чунки сексизм аёлларга ҳам, эркакларга ҳам нисбатан қилиниши мумкин.
  • Мизогиния – бу аёлни тўғридан-тўғри жамоатчилик олдида шарманда қилиш. Бу аёллар оламига тегишли бўлган барча нарсаларга нисбатан салбий муносабат, шунингдек маълум психологик ва жисмоний белгилар (ҳиссиёт, ташқи кўриниш, сабр-тоқат, назокатли хатти-ҳаракатлар, ақл-идрок ва ҳоказо) рад этилиши ёки эскириши билан ифодаланиши мумкин.

Мизогиния хотин-қизларга нисбатан зўравонликни қўллаб-қувватлайди ва оқлайди

«Ғунажин кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди», ― аёлларга нисбатан нафрат уйғотувчи ифода. У аёлларга нисбатан зўравонликни оқлайди. Бошқа стереотиплар ҳам бундай муносабатдан келиб чиқади:

  • Эркакнинг уйига боришдан олдин ўйлаш керак эди.
  • Калта шорти кийволиб, нима кутганди? Мана, оқибати.
  • У билан ўпишиб, кейин жинсий алоқадан бош тортди. Бошлаб, кейин ташлаб кетаман, деб ўйладими?
  • Унга йигитлар қўнғироқ қиляптими, демак у шунга йўл қўйиб берган, бундай қизнинг боридан йўғи яхши.

Бундай қоидалар негадир фақат аёлларга нисбатан қўлланилади. Зўравонлик учун жавобгарлик аёлга ҳам юклатилган. Эркак масъулиятли ҳимоячидан тўсатдан ўз аъзосининг иродасиз қулига айланади: у яланғоч оёқларини кўрди ва ўзини тута олмади.

Турли аёллар билан муносабатда бўлган эркакни айблаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Эркак майка ва шорти кийса, аёллар уларга гап отмайди, бу табиий ҳолат деб қабул қилинади. Аммо аёллар ҳудди шундай кийим кийса, эркаклар наздида жинсий алоқага чорловга ўхшайди. Шунга кўра, баъзи эркаклар аёл калта кийим кийса, маст бўлса, унга зўрлаш ҳуқуқини беради, деб ўйлайди. Агар у хоҳламаса, бошқача кийинган, алкогол ичимлик ичмаган бўларди.

БУ ЯНГЛИШ ҚАРАШ! Аёл (эркак каби) ўзи истаган кийимларни кийиши мумкин. Ўзига ярашадиган тарзда ўзини тутиши мумкин. Жабрланганларнинг ҳеч бир ҳаракати зўравонликни оқлай олмайди. Аммо агар сиз бундай шарҳларни қолдирсангиз ёки аёл ўз хатти-ҳаракати билан ўзига жалб қилган деб ўйласангиз – ер юзидаги ҳар қандай аёлга нисбатан зўравонликни қўллаб-қувватлайсиз. Бундан ташқари, зўравонлик доим ҳам зўрлашни англатмайди. Бу хотин-қизлар кетидан ҳуштак чалиш, тананинг истаган қисмини ушлаб олиш, деворга сиқиш, транспорт воситаларида ишқаланиш, кўчада, ишдаги тазъйиқлар ва ҳ.

Аёлларнинг кийими ва хулқ-атвори ҳақидаги тубдан нотўғри тасаввурлар фожиали оқибатларга олиб келади. Масалан, 2018 йилда Ирландиядаги суд ҳайъати 17 ёшли қизни зўрлаган 27 ёшли йигитни оқлади. Унинг адвокати суд мажлисига жинсий зўрлаш пайтида жабрланувчида бўлган ички кийимни олиб келди: «Бу нарса унинг (жабрланувчи) судланувчи билан учрашувлар ва муносабатларга очиқ бўлиши эҳтимолини истисно қиладими? Унинг қандай кийинганини кўришингиз керак. У тўрли ич кийим кийган эди». Жиноятчи оқланганидан сўнг Ирландия бўйлаб суд қароридан норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Мизогиния аёлларнинг бирлашишига тўсқинлик қилади

«Аёл дўстлиги йўқ!» – бундай иборани эшитганмисиз? Бу ҳам мизогиния. Ушбу ибора аёлларнинг хулқ-атворига оид стереотипларни сингдиради, уларнинг бирлашиши ва бир-бирларини қўллаб-қувватлашига халақит беради. Келинг, иборалар рўйхатини давом эттирамиз:

  • Аёллар жамоаси ― илонлар уясидай гап.
  • Икки аёл ўртасидаги дўстлик – доим учинчисига қарши фитнадир.
  • Ҳалитдан бўлажак келинимни ёмон кўраман (айрим ўғил болалар оналарининг гапи).
  • Аёл дўстлиги уларнинг манфаатлари кесишгунча мавжуд.
  • Қайнона зулмкор.

Мазкур иборалар аёллар ўртасидаги муносабатларга маълум урғу беради ва бошқа аёлларга нисбатан хатти-ҳаракатни сингдиради. Масалан, қайнона келиндан кейин ишини текшириши, овқатини танқид қилиши ва ҳоказо. Ахир, келин аҳмоқ, уни тарбиялаш ва ҳамма нарсани ўргатиш керак. Ёки қайнонанинг ҳар қандай мулоҳазаси душманлик билан қабул қилинади, чунки қайнона доим зулмкор.

Бундай қараш аёллар жамоасига ҳам тегишли: стереотиплар туфайли барча иштирокчилар бир-бирларини ғийбат қилиши ва фитналарни тузишни одатий ҳолат деб билишади. Гарчи эркаклар жамоаларида ҳам фитналар бўлса-да, ҳеч ким буни иштирокчиларнинг жинси билан боғламайди.

Бундай стереотиплар аёлларни жалб қилиш имкониятларини йўқ қилади: ҳар бир аёл онгли равишда ҳамкасбини душман сифатида қабул қилганида, биргаликда бирор нарса қилиш қийин. Бундан ташқари, улар ички мизогиния учун асос яратади – аёлларга нисбатан бошқа аёлларнинг душманлиги.

Мизогиния хотин-қизларни қадрсизлантиради

  • Дарахтни қоқсанг, қизлар дув ёғилади.
  • Бунча бақирасан, ҳамма туққан, сен ҳам туғасан.
  • Сочин узун, ақли калта.
  • Аёллар мантиғи.
  • Бозорчи аёлдан баттар (бақираётган эркакларга нисбатан айтилади).
  • Аёллар табиатан эркаклар билан тенг бўла олмайди.

Бундай иборалар аёлларни эркакларга нисбатан қадрсиз шахсдай кўрсатади. Аёлларнинг имкониятлари, уларнинг жамиятдаги ҳиссалари ва ҳатто тажрибалари қадрсизлантирилади. Гўё аёл қилган ёки ҳис қиладиган нарса аҳамиятсиз.

Оқибатда нимага эришамиз? Йиғилишда аёлнинг фикрлари шунчаки рад қилинади. Болалигиданоқ таъқиб қилиб келган стереотиплар туфайли, унинг фикри тўғри ва қимматли бўлиши, деб ҳисобланмайди. Эркак томонидан билдирилган айни фикр ёки ғоя эса ғайрат билан қабул қилинади. Баъзи аёллар, агар улар учун ўз ғояларини амалга ошириш жуда муҳим бўлса, буни эркаклар орқали тарғиб қилишганини айтишган. Шунда ғоя танқидларсиз қабул қилинган. Минг афсуски, бу воқеалар 21-асрда содир бўлмоқда.

Патриархал ҳаёт тарзини кечираётган оилаларда ўғил болаларнинг таълимига эътибор қаратиш керак, деб ҳисобланади, чунки у келажакда кўпроқ пул топади ва мансабда кўтарилади. Қизлар эса эрга тегали ва уларни турмуш ўртоғи таъминлайди. Бундай ёндашув қизларнинг ўсиши учун имкониятларини камайтиради, шунингдек, уларни эрига қарам ҳолатига қўйиб қўяди. Келажакда кўплаб аёллар, турмушга чиққач, оиладаги зўравонликка дош беришга мажбур бўлмоқдалар, чунки улар меҳнат бозорида рақобатдош бўлмасликларини тушунадилар.

Мизогиния патриархал жамият учун қулайдир. Бунда фақат эркакларнинг қарорлари қабул қилинади, куч ва пул уларнинг қўлида бўлади. Шу билан бирга, нормал муносабатда бўлиш учун аёллар ўзларининг «хўжайинларига» (эр, отаси, акаси, иш берувчиси) хизмат қилишлари керак. Кўпинча «нормал муносабат» бойнинг дастурхонидан қолдиқ бўлиб чиқади. Агар сиз аёллар ва эркаклар тенг имконият ва тенг жавобгарликка эга бўладиган дунёни хоҳласангиз – мизогинияни тўхтатинг! Ўзингиз ва фикрларингиздан бошланг. Ижтимоий тармоқларда одамлар билан муҳокама қилишингиз мумкин. Бу мавзу ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишингиз ва дўстларингиз билан бўлишишингиз мумкин. Қанча кўп одамлар бундай фикрлашнинг зарарли томонини тушунсалар, оналар, хотинлар, қизлар, жиянларингиз кўпроқ имкониятларга эга бўлади. Ҳар бир аёл қимматлидир!