Эҳтиёт бўлинг! ОЛХ да шилқимлар!

Лойиҳамизга воқеаси бир-бирига ўхшаш икки қиз мурожаат қилди. Иккаласи ҳам иш излаш ҳақида эълон жойлаштирган. Ўз тажрибаси ва иш режасини ёзган. Ва уларга шилқимлар ёзди.

1-ҳикоя

Мен иш қидиряпман. ОЛХ веб-сайти платформасига вакансиямни жойлаштирдим. Мен гўзаллик салонида администратор ёки шунга ўхшаш иш қидираётган эдим. Виктор исмли шахс менинг эълонимга жавоб берди … Жуда ғалати гаплар. Айтишича, риелтор ёрдамчиси қидирилмоқда. Ва у жуда ғалати саволларни бера бошлади. Унинг бир нечта фотосуратларини юбориш таклифига рад жавоби ёздим. Суҳбат учун офисларига қайси манзилга боришимни ҳам айтмади.

Аммо унинг кейинги саволлари мени гангитиб қўйди. Қандай ич кийим кийишим ҳақида сўради. Яхшиям суҳбатга бормаганим. Бу ифлос нимага қодирлигини тасаввур қилиш қўрқинчли.
Мен ОЛХ га шикоят қилдим, уни блоклашди.

2-ҳикоя.

ОЛХ да бир шилқим бор. Шахсий хабарлар ёки тг ва What’s App профилингизга ёзади, аёллар исми билан ўзини таништиради. Хостес вакансиясини таклиф қилади ва саволларга жавоб беришни сўрайди. Кейин бошланади. Бўйингиз, тўлиқ фото ва аста-секинлик билан интим саволларга ўтади. Бунақа маразларга асло расм жўната кўрманг. Унинг ТГ даги ники Garo_bosss. ОЛХ га унинг устидан шикоят қилганман, блоклашмади.

Бундай ҳолатга тушганларга лойиҳамиз юристидан маслаҳат:

  1. Унинг хабарларидан профилига ўтган ҳолда скринкаст қилинг (видеога экрандаги ёзувларни ёзиб олиш, телефонда шундай имконият бор).
  2. ОЛХ техник хизмат кўрсатиш хизматига шикоят қолдириш. Барча фойдаланувчилар телефон рақамини қолдирган ҳолда мазкур платформадан рўйхатдан ўтишини инобатга олсак, уларни топиш қийин бўлмайди.
  3. Юқоридаги ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган ҳолда бундай қонунбузарларни ЎзР МжТК 41-1 моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин.
  4. Сизга ёзилган хабарда ҳақоратловчи ёки туҳмат қилувчи сўзлар бўлса, ички ишлар органларига ариза ёзишни маслаҳат берамиз.

Бундай ҳолатларда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларга қанча кўп мурожаат қилсак, тизим бундай кибержиноятларга муносабат билдириши шунча тезкор бўлади ва унга қарши механизмлар ишлаб чиқилади.

Нигина Худайбергенова тайёрлади