Немолчи.уз таҳририятига бир қиз мурожаат қилиб, у ва синглиси (қизлар вояга етган) онаси, Жиззах шаҳридаги 18-мактаб директори бўлмиш Шахноза Хасанова томонидан бир неча бор зўравонлик ва тазйиққа учрашганини маълум қилди. Қуйида опа-сингиллардан бирининг хабарини эълон қиламиз:
«3 йилдан буён Тошкент шаҳрида ҳам ўқиб, ҳам ишлайман. 2024 йил 31 октябрь куни мени умуман норози бўлган йигитга уйга қамаб қўйиб, уриб тепиб мажбуран эрга беришди. Кейин 1 ҳафта давомида мени жинсий алоқа қилишга мажбурлашди. 6 ноябрь куни бокиралигимни аниқлаш учун иккита гинекологга олиб боришди. Мен 100 фоиз қиз бола эканим тасдиқланди.
Мен ўша вақтда 102 рақамига қўнғироқ қилдим ва Мирободдаги уйга қайтдим, чунки улар мени куч ишлатиб зўрламоқчи бўлишди. Энг даҳшатлиси, мени у йигит билан на ЗАГСим, на шаръий никоҳим бор. Қонуний никоҳдан ўтмаганимиз учун ҳеч бир домла никоҳ ўқимади. Мирободдаги уйга қайтганимдан кейин онам яна уриб куёвникига қайтармоқчи бўлди.
Яхшиямки, Мирободдаги участка нозири Обид ака ва хотин-қизлар бўйича инспектор Мадина опа бўлган ҳолатни ўрганиб, бизга ҳимоя ордери бериб, реабилитацияга ётқизишди. Чиққанимиздан кейин онам барибир мени яна уриб, куёв билан яраштириш мақсадида Жиззахга олиб кетди. Мен ўша вақт Немолчи.уз лойиҳаси, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, 102 га мурожаат қилдим.
Жиззахдаги маҳалламиз участка нозири онам мени уни кўз ўнгида қон қилиб урганида ҳам индамади. Кетишидан олдин оёқларига ёпишиб, ташлаб кетмаслиги учун ялиндим. Домни камерасида бизни судраб олиб кетгани видеоси бор. Мен ва синглимни Жиззахга келтириб, далага олиб кетишди. Онам ҳеч кими йўқ далага олиб бориб иккита эркак билан бизни таёқ билан уришди ҳеч қачон милицияга телефон қилмайсан, деб. Кейин Бахмалга чайлага олиб бориб, қўл-оёғимизни боғлаб яна урмоқчи бўлишди, лекин ундай қилмай, уйга олиб боришди.
Ҳозирда синглим на ишга, на ўқишга бора олгани йўқ. Мен эса бу йилнинг ҳисобига умуман ўқишга бормадим. Мени курсдан курсга қолдириш ёки ўқишдан ҳайдаш ҳақида қарор чиққан. Онам куздан бери уйга қамаб ўқишга жўнатмаган. Ишдан ҳам бўшатиб олган. Ҳозир энди синглимни ҳам шундай қилмоқчи. Бизда калтаклагани бўйича ҳамма расмлар бор. Илтимос, бизга ёрдам беринг».
Кеча қизлардан хабар олгач, Ички ишлар вазирлиги назоратида бўлиши учун уларни ваколатли идорага юбордик. Бироқ комиссия кўрсатилган манзилга кечки пайт етиб келганида ҳеч ким эшикни очмади – прокурор санкциясисиз эшикни бузиб киришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эди. Бугун эрталаб комиссия прокурорнинг санкцияси билан қайтиб келди, лекин квартирада ҳеч ким йўқ эди. Шунга қарамай, улар қизларни топишга муваффақ бўлишди – онаси уларни юқори қаватдаги қўшнининг квартирасида яширган экан.
Опа-сингиллардан бирининг танасида кўкарган излар ва гематомалар бор, бугун улар оналарига қарши ариза ёзишди, уларга ҳимоя ордери берилди ва бирламчи тиббий ёрдам хонасига жойлаштирилди. Қизларнинг ишига туман ИИБ ва “Инсон” маркази қўшилди. Бизда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, она қизларини фоҳишаликда айблаб, туҳмат қилмоқда – аммо бу ёлғон, қизларни ёлғон билан давлат ҳимоясидан олиб, зўравонликни давом эттириш учун ҳеч нарсадан тўхтамайди.
Қолаверса, таҳририятимизга маълум бўлишича, Тошкентдан қизларга ёрдам беришда иштирок этган маҳаллий ходимларга қўнғироқлар бўлиб, уларга босим ўтказишга ҳаракатлар бошланди. Илтимос, бу ишни бас қилинг ва жойларда ишлаётган одамлар ишига аралашманг! Қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам берган ва ёрдам бераётган барчага: Обид ака, Мадина опа, Умида Хазратовна ва Жиззахлик ўз ишини бажараётган ғамхўр инсонларга (босим бўлмаслиги учун айримларининг исмини айтмаймиз) раҳмат деймиз.
Она ўз алоқаларидан фойдаланиб, ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини давом эттиришидан ҳавотирдамиз. Қизларни Тошкентга олиб келиш керак, улар ўқиши ва ишлаши керак. Мажбурий қамаб қўйиш, мажбуран никоҳлаш, ҳимоя ордери талабларини бузиш, калтаклаш – бу онани жавобгарликка тортиш учун етарли эмасми? Ва, албатта, онанинг жиноий ҳаракатларини яширган ва яширишда давом этаётган ҳар ким, унинг манфаатларини кўзлаб иш тутган ва қилолмаган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши керак.