“Мен оилавий муҳити бузилган оилада катта бўлдим. Кўп йиллар ўзимни ёмон қиз фарзандман, деб ҳисоблардим токи сизларнинг лойиҳаларингиздан хабар топгунимга қадар”, – дея ўз ҳикоясини бошлади.
Гули (исми ўзгартирилган) 32 ёшда. Оилали, турмуш ўртоғининнг оиласи билан яхши муносабатда, лекин ўз оиласи билан алоқани бутунлай узган ва бунга етарлича сабаблар бор эди.
“Мана, кўринг” – дейди у дазмолдан куйган елкаларини кўрсатиб. “Неча ёшда эдим аниқ эслолмайман, дазмол қилаётган онамнинг атрофида сакраб, болаларча саволларимни бераверишим онамни жонига тегди шекилли, иссиқ дазмолни елкамга босиб индамай кўзларимга қараб турди. Унинг кўзларидаги менга нисбатан совуқ нафрат хали-хануз кўз ўнгимдан кетмайди. У мендан, мени борлигимдан нафратланарди!”.
Гулининг онаси унинг отасини ушлаб қолиш учунгина Гулига ҳомиладор бўлган, аммо ота барибир уни ташлаб кетади. Шу сабаб Гули она учун ўз вазифасини адо этолмаган бир буюм сингари эди, яна камига у ейман, ичаман дейди, эътибор талаб қилиши эса бош оғриқ эди, ҳолос.
– Бир куни, – дейди Гули, – кўчада сайр қилиб юриб, музқаймоқ еётган болаларни кўриб менинг хам музқаймоқ егим келди ва онамга “Музқаймоқ олиб беринг” дедим. Шу пайт онам ердан бир тош олиб “Ма, ол, е” – деди. Мен – буни емайман, бу тошку дедим. Шунда онам ўша тошни оғзимга тиқиштириб, тишларимга тош билан урди.Халигача тушунмайман, нима учун? Қайси айбим учун? Музқаймоқ егим келгани учун шунчалик ҳўрланаманми? Менимча онам мени жазолаш учун атайлаб сабаб қидирарди.
Гули отасининг кетиб қолишида ўзини айбдор санарди, чунки бир неча марта онасини “Сен мени хаётимни расво қилдинг” деб ўшқирганларидан шу хулосага келишдан бошқа иложи йуқ эди. Баъзида ўзини асранди, “Болалар уйидан” олингандек хис қиларди. Бу кунлар хали ҳолва экан, укаси туғилгач Гулини бошига бундан-да азобли кунлар тушди.
Ўгай отам – деб эслайди Гули: “Ўгай отам биз билан яшашни бошлаган пайтлари, менга жудаям меҳрибон эди, доим менга ширинликлар, кийимлар олиб келиб эркалатар, кўнглимга қарар эди, бундан онам уйда жанжал кўтариб, “Бундай совғаларга арзимаслигимни” айтарди. Шундай кунларнинг бирида, ўгай отам менга чиройли “Барби” қўғирчоғини олиб келди, уни кўрган онам роса жанжал кўтарди “Шу қўғирчоқ ўрнига, уйга гўшт олиб келсангиз бўлардику”, -деб қўлимдаги қўғирчоққа чанг солди, қўғирчоқнинг боши ва қўл-оёқларини юлиб олиб, бузиб ташлади.
Вақт ўтиши билан ўгай отанинг хам Гулига муносабати ўзгарди, кайфияти ёмон бўлса ҳам аламини Гулидан оладиган бўлди. Ҳар бир арзимаган хатоси учун “Гилам савалагич” билан саваларди. Бечора Гули қўл ва оёқларидаги калтак изларини беркитиш учун қандай об-ҳаво бўлишидан қатъий назар енглари узун кофта ва қалин колготки кийиб юришга мажбур эди, ҳаттоки жисмоний тарбия дарсларида хам кийимларини алмаштирмасликка ҳаракат қилар эди. Ваҳоланки синфдошлари кунда, кун ора Гулини калтак азобидан бақирган овозларини эшитар, унга раҳмлари келиш ўрнига мактабда мазах қилишарди. Мактабда ҳам дардини ҳеч кимга айтолмасди, айтса ота–онаси бунданда ёмон ахволга солишлари аниқ эди. Шунинг учун у барча хўрликларга чидашга мажбур эди.
Гули 10 ёшга тўлганда унинг укаси туғилди. Ота-онаси болани атрофида парвона, унга ўйинчоқлар олиб келиб меҳрибончилик қилишарди. Гули укасини таглигини алмаштирарди, унга бўтқа тайёрларди, тагликларни дазмолларди, уй ишлари, овқат тайёрлаш, буларнинг барчаси Гулининг зиммасига тушди. Тахминан 12-13 ёшларида Гули уйидан қочиб кетди. “Бундай яшагандан кўра бирор машина остида қолиб ўлганим яхши эмасми ёки ташландиқ худудларга борсам бирортаси ўлдириб қўя қолгани яхши эмасми?” деган ўй-ҳаёллар билан ҳиёбоннинг энг хилват жойига бориб ўриндиқда ухлаб қолибди. Кимдир ИИБ ходимларига хабар берган шекилли, уни идорага олиб бориб, ота–онасини чақириб қўлларига тутқазиб юбришди, ҳатто улар ҳам Гулининг нима сабабдан бу аҳволда ётганига қизиқишмади. Уйга боргач, ота-онаси оилани шарманда қилдинг, деб тикув машинкасининг қайиши билан уришди, урганда хам оғзини овози чиқмаслиги учун рўмол билан боғлаб қўйиб уришди. Бечора Гули оғриқни ҳис қилмаслик учун рўмолни маҳкамроқ тишларди. Баданидаги қолган излардан Гули мактабга боролмаслиги аниқ эди, онаси шифохонага бориб, касаллиги тўғрисидаги маълумотнома олиб келиб мактабга топширди. Гули бир хафталик уй қамоғига маҳкум этилди, камига бир дунё уй ишлари ёзилган рўйхат билан.
Гули доим синфдошларига қараб хавас қиларди, улар оналари олиб берган кийим, соч тўғноғичларини кўрсатиб мақтанарди, у бўлса оддийгина она мехрига зорлигидан ўксинар эди шўрлик. Гули 18 ёшга тўлганда унинг номусига тегишди….бозордан уйга қайтаётганда, тўрт, беш йигит уни гаражнинг ортига олиб ўтиб…
Уйга кийимлари йиртилган, бир аҳволда кириб келган Гулини кўрган ота-она яна унга ўшқиришни бошлади. Барча ҳужжатларини қўлига тутқазиб уларга бундай “фоҳиша” қиз керак эмаслигини айтиб уйдан ҳайдаб солишди. Бир аҳволда, йиғлаб каерга боришни билмай тентираб кетаётган Гулини қўшниси кўриб уйга киргизди, ювинтириб, бошқа кийимлар берди ва унга пойтахтга кетишни маслахат бериб қўлига озгина пул тутқазди. Гули йўл-йўлакай такси тўхтатиб Тошкентга етиб олди, Оллохнинг асрагани шу бўлса керакки, ҳар қалай ҳеч ким унга тегинмади. Ёз фасли бўлганлиги учун у бир неча кун истироҳат боғида тунаб юрди. Қорни очиққанидан бозорга бориб сотувчилардан мева сўраб, еб қорнини тўқлаб юрди. Унинг бундай аҳволда юрганига эътибор берган бир аёл охири сўради: “Ҳей, қизим, қаерда яшайсан? Неча кундан бери кузатаман, қани бу ёққа кел-чи” – деди. Гули унинг ёнига борди, бошидан ўтказган кунларини, хўрликларини йиғлаб-йиғлаб гапириб берди. Барчасини сабр билан эшитган меҳрибон аёл Гулини овутди, қорнини тўйғазди ва укасига қўнғироқ қилиб, ўзи бошқараётган кафега ишга олишини илтимос қилди. Аёлнинг укаси Гулини кафе ошхонасига идиш-товоқ ювувчи қилиб ишга олди, кейинчалик ўша кафедаги ошпаз йигитга турмушга чиқди.
“Бахтлиманми?”..хайронман! “Мени севувчи турмуш ўртоғим бор, онамдан-да яқин қайнонам бор. Мени бирорта яқинларим қидириб келмади, шунга хам ҳурсандман. Кўнглим барибир бўм-бўш… Баъзан ўйланаман “Мени айбим нима?”, “Наҳотки она меҳрига, болалик бахтини хис қилишга нолойиқ бўлсам? Аввалги хаётимда нима гуноҳ қилгандим-ки, Оллох мени шунчалик жазоласа? “Баъзида эмас, ҳар куни шуни ўйлайман…”, “Нима учун айнан мен?”. Афсуски, бу саволнинг жавоби йўқ!
____________________
#Сукутсақлама #SukutSaqlama #ЗўравонликданҲолиЎзбекистон #ЗўравонликҚурбонлари