Hikoyani yuboring
burger x
#Jabrlanganlar uchun ko'rsatmalar

Унинг исми Зилола эди

Унинг исми Зилола эди
03 Yan 2024

У 2001 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, яхши турмуш ўртоқ, меҳрибон она бўлишни орзу қилган. Отасининг узоқ қариндоши Жаҳонгир ундан 8...

У 2001 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, яхши турмуш ўртоқ, меҳрибон она бўлишни орзу қилган. Отасининг узоқ қариндоши Жаҳонгир ундан 8 ёш катта эди. У уни илк бор 2022 йил июль ойида, онаси ва синглиси билан сеп учун нарсалар олиш учун бозорга борганида кўрди. Бир ҳафтадан сўнг улар ФҲДЁ бўлимига ариза беришди, рўйхатга олиш бир ойдан кейин режалаштирилган эди. Аммо отасининг бетоблиги туфайли тўйни тезлаштиришга қарор қилишди ва 12 июль куни Истиқлол маҳалласи мулласи Арслон домла уларнинг никоҳини ўқиди.

Жаҳонгирнинг ўз ҳикояси бор эди. 2015 йилда у Россияга ишлаш учун кетиб, ўша ерда Гўзал (исм ўзгартирилган) билан танишган, улар бирга яшай бошлайди. 2020 йил февраль ойида у ватанига қайтади. Август ойида Гўзалнинг холаси у қиз туққани ҳақида хабар беради. Орадан бир йил ўтиб гўдак Тошкент вилоятидаги Гўзалнинг онасиникига олиб келинади, бироқ Жаҳонгир пули йўқлиги сабабли қизчасини йўқлай олмади. Оиласи Гўзал ҳақида билишса-да, Жаҳонгир уларга қизи ҳақида индамади. 2022 йил баҳорида холаси унга келин топишганини, ота-онаси бу никоҳга рози бўлганини айтди, Жаҳонгир ҳам рози бўлди.

Зилола Гўзал ва унинг қизи ҳақида билмаган. У оқила хотин бўлишга ҳаракат қилиб, фарзандли бўлишни орзу қиларди. Аммо эри унга бор-йўғи бир марта яқинлик қилган, шунда ҳам презерватив ёрдамида сақланган. Кейин эса Жаҳонгир умуман аёли билан яқинлик қилишдан бош тортди, унинг сепкиллар борлигини пеш қилар ва ундан фарзанд кўришни истамаслигини айтади. Эркак доимо аёлидан норози бўлар ва уни камситарди.

Бир куни у эрининг телефонида кичик қизчанинг суратини кўриб, кимлигини сўради. Жаҳонгир бу қизи эканлигини айтади. Зилола йиғлаб отасига қўнғироқ қилади ва бу ҳақда гапириб беради. Эртаси куни унинг оиласи келиб, қиздан қуйидаги гапларни эшитади:
«У бир ойдан бери менга яқинлик қилмаяпти, унинг хотини ва қизи бор. Мен унинг иккинчисиман, шунинг учун мени унга турмушга бердингиз. Мен у билан яшашни хоҳламайман, уйга бораман».

Жаҳонгир бу ҳазил эканлигини айтади, Зилоланинг қариндошлари уларни яраштиришга киришади, бобоси Сайфулла:
«Бизнинг эридан қайтадиган қизимиз йўқ. У шу ерда яшайди, токи бу ердан фақат ўлиги чиқади».
Шу пайт Зилола уни ўз уйида қабул қилишмаслигини англади.

Оилада жанжаллар кўпайди, 2022 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган навбатдаги жанжалда Жаҳонгир Зилолани унинг шимини ёмон ювганидан айб топиб, унга “талоқ” дейди. Эртаси куни уни Зилоланинг отаси, бобоси, акаси, маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳузурида маҳаллага таклиф қилишди. Жаҳонгир ҳаммасида аёлнинг оиласини айблади ва охир-оқибат улар аралашмасликка ваъда беришди. Энди ҳам Зилолани қўллаб-қувватлайдиган бирор кимса йўқлигини англаган Жаҳонгир уйига қайтиб, ҳеч ким билан алоқа қилмаслиги учун аёлнинг телефонини олиб қўйди.

2023 йил январь ойида у қизи яшайдиган шаҳарга ишлагани кетади, бир неча ҳафтадан сўнг у ерга Гўзал ҳам келади ва улар яна учраша бошлашди. Февраль ойида Арслон домла қўнғироқ қила бошламагунча у Зилола ҳақида эсламади ҳам. Домла никоҳ гувоҳномасини сўраб, Зилоланинг отаси унга қарши ариза ёзиш билан таҳдид қилганини қўшимча қилади. Тез орада домла уйларига келади, шунда Жаҳонгир қайнотасига қўнғироқ қилиб, домла билан уларнинг можаросига аралашмаслигини сўради. Сўзма-сўз, улар жанжаллашди. 2 март куни эрталаб Жаҳонгир уйига қайтиб, Зилоланинг олдида онасига қизнинг қариндошларига қўнғироқ қилишини айтади, «қизларини олиб кетишсин, у билан яшашни истамайман» дейди. Кейин эркак ухлашга кириб кетади, лекин бироз вақт ўтгач онасининг бақир-чақирларидан уйғонади.

Шовқин ортидан югуриб ҳовлига чиқса, Зилола молхонада қимирламай ётгани, ёнида 2 метрга яқин мато ва курси борлигини кўради. Жаҳонгирнинг онаси унинг юзига сув сепди, аммо фойдаси бўлмади. У шифокорларни чақириш учун қишлоқ врачлик пунктига чопади, шифокорлар келиб аёлнинг ўлганини тасдиқлашади. Тез орада милиция ходимлари ва Зилоланинг қариндошлари етиб келишди. Бобоси айтганидек, қизнинг ўлиги отасининг уйига қайтади.

2023 йилнинг июнь ойида туман суди Жаҳонгирни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 103-моддаси 2-қисми “а” банди) 7 йилга озодликдан маҳрум қилди. Ушбу модда бўйича максимал жазо 10 йил қамоқ жазосидан иборат. Жаҳонгир турмуш ўртоғининг ўлимида ўзининг айби йўқлигини, ёлғиз ўзи боқувчи эканлигини, отаси ногиронлигини асослаб, апелляцияга берган. Қашқадарё вилоят суди эса биринчи инстанция ҳукмини ўзгаришсиз қолдиради.

СукутСақлама #Қонунлар

Oldingi maqola

Молиявий саводхонлик
03 Iyul 2023
Молиявий саводхонлик

Keyingi maqola

Аёллар қачондан шим кия бошлаган
05 Apr 2024
Аёллар қачондан шим кия бошлаган
Shuningdek, siz o‘z tarixingizni o‘rtoqlashishingiz va zo‘ravonlik tajribasini aytib berishingiz mumkin

Sizning hikoyangiz boshqalar uchun muhim tayanch bo‘lishi va zo‘ravonlikka qarshi kurashda yordam berishi mumkin.

Biz ma’lumotlarning to‘liq maxfiyligi va himoyasini ta’minlagan holda shaxsiy ma’lumotlarni hech kimga oshkor qilmaymiz

O‘z tarixingizni bizga yuboring

U eshitiladi va javob topadi

Hikoyani yuboring
shadow
Muharrirdan
top