“Отам 5 ёшимдан менга тегажоқлик қила бошлаган, бу ҳолат кўп йиллар давом этди. Мен бу ҳақда онамга айтдим, лекин у мени оиласини бузишда айблади»
Бизга ўз ҳикоясини ишониб сўзлаб берган қизнинг исми Ситора. У 17 ёшда. Ўқийди ва ишлайди, спорт билан шуғулланади, унинг дўстлари ҳам бор, лекин буларнинг барчаси ортида энг яқин инсони – отасининг даҳшатли жинояти ҳақидаги ҳикоя яширинган.
“Ҳаммаси атиги беш ёшимда бошланган. Қиш фасли эди, қор ўйнагани кўчага чиқдик, ўйнаб бўлгач уйга қайтдик. Мен ухлашга ётсам ёнимга отам келди. У оёқларимни иситиб қўйиш учун мен билан ётишини айтди. Оёқларимни силади, кейин трусигимни ечиб, жинсий аъзоларимни силашни бошлади. Кичкина бўлсам ҳам, унинг хатти-ҳаракатлари нотўғри эканлигини тушунардим, ундан бундай қилмаслигини сўрадим. Бу биринчиси эди.
Ўша кундан кейин дадам тез-тез мен билан бирга ётадиган бўлди. Улар онам билан ҳеч қачон бир ётоқда ухлашмасди. Ва ҳар сафар менга тегинарди. Мен бундай қилмаслигини айтардим, лекин у: «Мен сени яхши кўраман, барибир тегинавераман» деб жавоб берарди.
Бу ҳолат йиллар давом этди, мен ҳар кеча бу иш содир бўлишини билардим. Унинг қадам товушларини эшитганда юрагим уришдан тўхтаб қолай дерди. Бу ҳақда онамга ёки опамга айтмоқчи бўлардим, лекин улар мени урушишларидан қўрқардим, чунки онам менга бошқа нотўғри ишларим учун тез-тез танбеҳ берар эди.
10 ёшимда онам мени олдига чақириб сўради: «Даданг сенга тегиняптими? Қаеринга?» Мен жуда қўрқиб кетдим, лекин у бундан хабар топганидан хурсанд бўлдим, энди барчасини айтиб берсам бўлади деб ўйладим. Мен дадам оёқларим, сонларимга тегинишини айтдим. Шунда онам менга бақира бошлади. У мени бу ишлар менга ҳам ёқаётгани, унинг оиласини бузаётганим ва эрини ўзимга оғдиришда айбларди. Отамни бузаётганим, фоҳиша эканлигим ҳақида бақириб мени калтаклади. Ўшанда мен атиги 10 ёшда эдим. У пайтда ҳатто нима бўлаётганини тўлиқ англамасдим, бу шунчаки жирканч ҳолат эканлигини, нотўғри иш содир бўлаётганини билардим холос. Шундан сўнг бу воқеалар ҳақида ҳеч қачон ҳеч кимга гапирмадим.
12 ёшимда ҳайз кўришни бошладим, буни опам билан онамга айтишга уялдим, шунинг учун интернетга кирдим. Турли сайтларни кўргач, жинсий алоқа нима эканлигини ва отам аслида мен билан нима қилаётганини тушуниб етдим. Бундан жуда ҳам жиркандим ва қўрқиб кетдим. Нима қилишни билмасдим. Унинг тунги тегажоқликлари пайтида мен қаршилик кўрсатишни бошладим, йиғладим, лекин бу ҳолат унга янаям кўпроқ ёқарди. У ҳатто кундузи ҳам менга тегина бошлади, ичкаридан қулфлаб олмаслигим учун ҳатто хонанинг эшигини ҳам синдирди.
14 ёшимда бу ҳақда опамга айтиб беришга қарор қилдим, у 19 ёшда эди. Ўшанда отамнинг бу қилмишларидан оиладаги ҳеч кимнинг хабари йўқ деб ўйлардим… Опам гапимни эшитди, лекин ҳеч нарса қилмади. У кечалари ётоқхонадан чиқиб кетиб, мени отам билан ёлғиз қолдиришда давом этди. Шунда опам ҳам бу ҳақда билиши ва мени ҳимоя қилолмаслигини тушундим.
2020 йилда карантин пайтида дадам уйда ўтирди. Мен унинг қилмишларидан ҳеч қаерга яширина олмасдим. Ўша вақтда онам, опам, акам ва синглим ҳам уйда эди, лекин бу дадамга тўсқинлик қилмасди. Мен кучсиз эдим, ақлдан озаман, ўзимни нимадир қилиб қўяман деб ўйлардим.
Ўшанда синглим 8 ёшда эди. Мен ундан дадам тегажоқлик қилмаяптими деб сўрашга қарор қилдим. Синглим отам уни «массаж» қилиб қўйиши, трусигини ечишини айтди, лекин шундай пайтларда синглим баланд овозда бақириб, уни тепишни бошларкан, шунда дадам кетаркан.
Тушкунликка тушиб қолдим, курашишга кучим йўқ эди, лекин синглим билан ҳам худди шундай ҳолат бўлаётганини эшитиб, қаттиқ жаҳлим чиқди. Мен бунга йўл қўймасликка қарор қилдим. Онамнинг олдига бориб, жанжал қилдим, унга ёмон она эканлиги ва бизни ҳимоя қилолмаётганини айтдим. Онам эса мени айбларди. Мен унинг эрини бузиб, уни шу ҳолга солган эмишман. Ҳаммасини акамга айтиб бердим, у ҳайрон бўлиб қолди.
Уйдан чиқиб кетиб аммамникига бордим. Мен ўша аммам, дадамнинг бошқа опа-сингиллари ва уларнинг турмуш ўртоқларига ҳаммасини гапириб бердим. Аммаларим ҳайрон қолишди, йиғлашди, бунга ишонишмади ва менга раҳмлари келди. Аммо кейин бу ҳолат ўтиб кетди ва улар менга қарши ҳаракат қила бошлашди. Агар диндор бўлганингда, намоз ўқиганингда бундай бўлмасди, деб ўзимни айблашди. Дадам касал эканлиги, шифокор топиб уни даволатишларини айтишди.
Мен қароримда қатъий туриб олдим, менга адвокат кераклигини айтдим, ариза ёзмоқчи эдим. Шунда улар дарҳол меҳрибон бўлиб қолиб, ота-онам билан гаплашишларини, ўз отасини судга бериш яхши эмаслиги, унга ачинишим кераклигини айтишди. Аммам ва поччам ота-онам билан гаплашишди, онам синглим ва мени ҳимоя қилишга ваъда берди. Қариндошларимиз ҳар тарафдан мени тинчлантиришга тушишди, ҳатто акам ҳам менинг тарафимни олмади.
Бизни алоҳида қилиб қўйишди. Мен опам ва синглим билан бошқа хонадонда, ота-онам ва акам эса бошқа хонадонда яшай бошладик. Қариндошларимиз дадам менинг жим юришим эвазига бошқа бизга яқинлашмаслигига кафолат беришди. Мен ўша пайт эндигина 15 ёшда эдим, мактабда ўқирдим, доимий даромадим йўқ эди. Буни яхши ечим деб ўйлаб рози бўлдим.
Аммо ундан ҳам баттар бўлди. Онам бизникида ювиниш, овқат тайёрлаш унга ёқиши айтиб ва бошқа турли баҳоналар билан тез-тез хонадонимизга келишни бошлади. Мен унинг келишини хоҳламасдим, биз кўп жанжаллашардик. Кейин ўзи билан дадамни ҳам олиб кела бошлади. Менинг қаршиликларимга жавобан бу унинг уйи эканлиги, мен уни ҳайдаб чиқариш учун ҳеч ким эмаслигимни айтди.
2021 йилда биз яна бирга яшай бошладик. Дадам менга ва синглимга тегинишдан қўрқарди, албатта. Аммо барибир ошхонада тасодифан менга тегиб кетарди, коридорда туртилиб кетарди. Бундай ҳолат мени мувозанатдан чиқарарди. Синглимни эса очиқдан-очиқ масхара қила бошлашди, ота-онам уни сўкиб, калтаклашарди. Дадам менга ҳеч нарса қила олмасди, лекин ўн ёшли синглимни «сигир» деб камситарди. Мен синглимдан ташвишланаман, у ҳали кичкина, ота-онамнинг ёнида у хавф остида.
Дадам олдинлари мени ҳам масхара қиларди. Мен тушликкача мактабда ўқиб, мактабдан кейин эса ишлардим ёки спорт билан шуғулланардим. Жанг санъати билан шуғулланишни бошладим.
Бу даҳшат яна бир йил давом этди. Мен кўпроқ ишлаб уйга камроқ келардим. Энди менда оила ҳисси йўқ эди. Онам билан тўқнаш келганда эса доимо жанжаллашардик, ота-онам мени қаттиқроқ назорат қила бошлашди.
7 июнь, сешанба куни, мен билан онам ўртасида катта жанжал юз берди. Кўчага чиқишдан олдин кўйлак кийдим, онам келиб, иштон кийишимни талаб қилди. Мен рад этдим. Шунда жанжал бошланди, у мени фоҳиша деб ҳақорат қилиб, бекорга дадам менга тегажоқлик қилмаганини айтди. Мен унинг ёмон она эканлигини айтдим ва ҳаётимни барбод қилишда айбладим, шундан кейин онам пичоқ олиб хонага учиб кирди. «Ундай бўлса мени ўлдир!», деди. Пичоқни ташлаб уйдан югурганча чиқиб кетдим.
Кечқурун ота-онам ортимдан спорт залга келишди, қўрқиб кетдим. Спортзалдаги дўстларим уларни четга суриб, залдан чиқиб кетишимга ёрдам беришди. Ўша куни дугонамникида ётиб қолдим. Ҳозир ҳам ўша дугонамникида яшаяпман.
Эрталаб ўзимизнинг Юнусобод туманидаги маҳалла инспектори ёнига бориб ариза ёздим. Уйдагиларимга уйга қайтмаслигимни ва ниҳоят дадамни жазолашимни айтишим билан барча оила аъзолари менга қўнғироқ қилишни ва хабар юборишни бошлашди. Улар энди ҳаммаси яхши бўлади, дейишди, кейин эса ёлғиз яшай олмайсан, чет давлатда ўқишинга ёрдам берамиз, даданг ҳамма ҳаражатларни тўлайди деб мени аврамоқчи бўлишди. Бу ёрдам бермагач, ўзини ўлдириш билан таҳдид қилишди, уларнинг ўлими менинг бўйнимда бўлар эмиш. Ота-онам ҳам қўнғироқ қилишди, хабарлар ёзиб, улар менинг оилам эканлиги, мени яхши кўришларини, ҳозир менга ёрдам бераётганлар эса кейинчалик мени ташлаб кетишларини айтишди. Мен улардан бошқа ҳеч кимга керак эмасмишман.
Танишларим менга адвокат топиб беришди, бироз йиққан пулим бор. Синглим хавфсизликда бўлиши учун отам жазоланишини хоҳлайман. Ҳозир отам уйдан чиқиб кетган, онам ва акамга учиб кетаётганини айтибди. Унинг қаердалигини ҳеч ким аниқ билмайди, шунинг учун у мени топиб олишидан, менга бирор нарса қилишидан қўрқаман.