“Қиммат” болалар. Нега Ўзбекистонда ота-оналар ўз фарзандларини сотмоқда

Сўнгги пайтларда ОАВ ларида ота-оналарнинг ўз болаларини сотиш устида “ушлаб” олингани ҳақида хабарлар кўпайиб бормоқда. Кўпинча “товар” сифатида чақалоқларни кўрамиз, лекин каттароқ ёшдаги болалар ва ҳатто ўсмирлар сотилаётганини ҳам кўришимиз мумкин.

2018 йилда болалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сонининг 38 фоизини ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга ўсди.

2020 йил биринчи яримйиллигидан сарҳисоб:

19 май куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида боласини 15 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди.

Шу ойда Хоразм вилоятида ёш аёл икки яшар боласини 7700 АҚШ долларига “пуллаётган” вақтида ушланди.

3 январь куни Охангаронда ёш она уч ойлик чақалоғини 400 $ эвазига сотмоқчи бўлди. Январь охирида эса Андижонда аёл 8 ойлик фарзандини 5 000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган.

Бу янгиликлардан болани сотишда бевосита онанинг иштирокини кўришимиз мумкин, негаки одатда оилаларда бола масъулияти кўпинча онанинг бўйнида.

Шу билан бирга, партнёр (эр, бирга яшовчи) ва/ёки оила бундай қарорни қабул қилишда қандай рол ўйнашини аниқлаш учун маълумотлар мавжуд эмас. Бутун диққат-эътибор аёлга қаратилади, бу эса ҳақиқий вазиятни акс эттирмайди.

Болаларни сотиш сабабларини ўрганишда ҳам шуни ёдда тутиш даркор.

Ёшларга жинсий тарбия керак

Феменист фаол ва Немолчи.уз лойиҳа асосчиси Ирина Матвиенконинг сўзларига кўра, бунинг сабабларидан бири жинсий таълимнинг етишмаслигида.

Одамлар фарзанд кўришни режалаштирмайдилар, ўзларини қандай ҳимоя қилишни билмайдилар. Жинсий маълумотларнинг етишмаслиги эрта ҳомиладорликка олиб келади, бу эса ўз навбатида болаларни сотишга сабаб бўлиши мумкин: ҳамма ёш оналарда ҳам болани тарбиялаш учун психологик ва молиявий имкониятлар мавжуд эмас.

“13-14 яшар қизлар ўртасида эрта туғишлар тез-тез учрамоқда. Ёшларнинг оилавий муносабатларга тайёр эмаслиги, оиладаги ижтимоий ва маънавий муҳит янги туғилган болаларни сотиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилишига олиб келади». Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг июль ойидаги йиғилишида шу фикр илгари сурилди.

Ажрашган аёлларга кўмак берилмайди

Яшаш учун маблағи бўлмаган ота-оналар баъзида ўзлари учун боласини сотишдан ўзга чорани кўришмайди. Яъни билиб туриб шу ишга қўл уришади. Кўпинча бундай ҳолатга ёлғиз оналар тушиб қолади.

Кўпинча қизлар «турмуш қуриш учун» тарбияланадилар: уларни оилавий ҳаётга тайёрлашади ва муносиб таълим беришмайди, итоаткор бўлишни ўргатишади. Ажрашган тақдирда, улар ўзларини ва боласини боқишга қодир эмаслар.

Баъзан расмий ажрим бўлмасдан туриб, аёлни уйидан чиқариб юборишади, яқинлари эса уни қабул қилишни истамай, у кўчада қолади. Бу ҳолатда аёллар қўлидаги болалари билан кўчада қолиб кетишади. Қўлидаги бор пули ҳеч вақога етмайди, ва ўзини ва кўпинча бошқа фарзандларини амаллаб боқиш учун баъзи аёллар ўз боласини сотишга қарор қилишади.

Бундан ташқари, анъанавий қарашларнинг таъсири туфайли, ажрашган аёллар жамиятдан четлашиб қолиши хавфи мавжуд. Ўзбекистондаги аёлларнинг аксарияти учун ажрашиш ўлимдан ҳам ёмон. Ажрашганларга муносабат ўзгаради, унга на қариндош, на танишлар моддий ва психологик ёрдам бермайди.

Фарзандсиз бўлиш айб, бола боқиб олиш эса – мураккаб

Битимнинг ҳар доим икки томони бўлади: болани сотадиган ота-оналар ва харидор. Кўпинча харидорлар учун асосий омил маҳаллий менталитетимиздир: унинг фарзанд кўролмаслигини бошқалар билиши керак эмас. Шунинг учун, кўплаб жуфтликлар янги туғилган чақалоқни сотиб олишга мажбур.

2000 йилларнинг бошларида Марғилонда «бола бозори» бўларди, у ерда ҳар қандай жинс ва ёшдаги болани сотиб олиш мумкин эди. Олиб-сотишни эса қонуний процедура билан ёпишарди – биологик ота-оналар болани тарбиялашдан бош тортиш тўғрисида ариза ёзар, «харидор» эса уни асраб олиш учун қарши ариза ёзарди.

Одамлар асраб олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни йиғишга тоқат қилгиси келмайди. Болалар уйи ва меҳрибонлик уйидаги ҳар бир боланинг таъминоти учун давлат маблағ ажратади. Табиийки, бола қанча кўп бўлса, муассаса шунча кўп пул олади. Тизим бу болаларни оилаларга жойлаштиришга созланмаган. Токи «жон бошига» маблағ ажратилар экан, бир нарса ўзгариши эҳтимолдан йироқ. Шунинг учун, баъзан ота-оналар учун болани сотиб олиш осонроқ.

Бола сотуви муаммоси қандай хал қилинади

  1. Ечимлардан бири – мактабларда жинсий тарбия дарслари. Бу эса ўз навбатида болани сотиш ёки ҳатто ўлдириш орқали қутулишга олиб келадиган эрта ҳомиладорлик муаммосининг олдини олади.
  2. Давлат аёллар ва болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш керак. Жанжаллар ва/ёки ажримлар бўлган тақдирда, улар тирикчиликсиз қоладилар. Зўравонликдан азият чеккан ва қийин ҳаётий шароитларига тушиб қолган аёллар учун реабилитация ва мослашув марказларининг кескин етишмовчилиги мавжуд. Кўплаб мамлакатларда бундай марказлар ғамхўр одамларнинг ташаббуси билан очилади, аммо Ўзбекистонда бундай ташкилотларни очиш учун шароит йўқ. ННТларни бошқариш ва рўйхатдан ўтказиш жараёни ҳали ҳам жуда мураккаб.
  3. Алимент тўлаш тизимини тартибга солиш керак. Кўпинча, оталар камроқ алимент тўлаш учун иш ҳақи миқдорини атайлаб камайтириб кўрсатишади. Бу ерда тизимли ёндашув онанинг болага бўлган ягона масъулияти ҳақидаги стереотипларга қарши курашишга қаратилган бўлади, гарчи ота ҳам, она ҳам фарзандининг фаровонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиши керак.
  4. Бола асраб олиш тизимини соддалаштириш.

Аҳоли заиф қатлами ижтимоий соҳаси, ногиронлик муаммолари ва инклюзив ривожланиш бўйича мутахассис, Сассекс университети (Буюк Британия) Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти Дилмурод Юсуповнинг фикрича, “Болалар уйлари жамиятга жуда қимматга тушади, чунки биз ёпиқ муассасаларда болалар уйлари тарбияланувчиларининг руҳиятини ва ривожланишини бузмоқдамиз. Агарда биз етимхоналардан аста-секинлик билан воз кечиб, «озод қилинган» инсоний ва молиявий ресурсларни профессионал васийлик ва ҳомийликни ривожлантиришга йўналтирсак, болаларни оилаларга тарбиялаш учун жойлаштириш орқали бюджетдан солиқ тўловчиларнинг пуллари камроқ сарфланган бўлардик”.

  1. Умидсизликка тушган аёлларга ёрдам беришнинг яна бир усули – бу чақалоқ қутиларини жорий қилиш, яъни аёл ўз фарзандини аноним ҳолда қолдириши мумкин бўлган махсус жиҳозланган жойлар. Она болани асраб олгунларигача уни қайтариб олиши мумкин. Бундай ҳолда, генетик текширувни ўтказилади ва қариндошлик тасдиқлангандан сўнг, бола онасига қайтарилади.

Болалар қутилари яна бир муаммони ҳал қилиши мумкин – баъзи аёллар ҳомиладорлик ҳақида кимдир билиб қолишидан қўрқиб, янги туғилган чақалоқларни ўлдирадилар. Агар ота ёки она чақалоғини яширинча қолдириши мумкин бўлса, бундай турдаги жиноятлар камроқ бўлар эди.

Самрин Мамедова

Фото: unsplash.com

Материал IWPR нинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси техник кўмаги билан «Янги медиа ва рақамли журналистикани ривожлантириш» лойиҳасининг менторлик дастури доирасида тайёрланди. Ушбу материалнинг мазмуни, ундаги фикрлар ва уларнинг талқини муаллифга тегишли бўлиб, IWPR нинг расмий позициясини акс эттирмаслиги мумкин.