NeMolchi.uz

Аёл бўлиш БАХТ

Аёл бўлиш БАХТ

Аммо бу бахтга эришиш учун машаққатларни енгиб ўтиш керак. Мен уларни шартли равишда 10 тага ажратдим. Бу ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Бу менинг фикри ожизимча, кузатишларим маҳсулидир.

👉Улар учун танлаб беришади!

👉Уларнинг аксариятида танлов имконияти йўқ деса ҳам бўлади. Қизлар кўпинча на қайси касб эгаси бўлишни, на қайси тўгаракка боришни, на қайси ҳунар ўрганишни, на кимга турмушни чиқишни ўзлари мустақил танлай олмайдилар.
👉Улар ўқимоқчи бўлса, эрга тегиш кераклигини танлаб беришади.
👉Улар эрга тегмоқчи бўлса, кимга тегиш кераклигини танлаб беришади.
👉Улар ишламоқчи бўлса, эрлари унга ишни танлаб беради.
👉Улар туғмоқчи бўлса ҳам ўғил бўлишини талаб қилишади. Ҳар тугул фарзанд ўғил-қиз бўлишини одамлар ҳал қилолмайди.
👉Уларнинг танлови доим сўроқ остида. Хилма-хиллик йўқ, ё медга ўқийди, ё педга. Балки у зўр расм чизар, балки ундан яхши программист чиқар, балки яхши банкир бўлар? Буни кўп ота-оналар ўйлаб ҳам кўрмайдилар, ҳатто қизларнинг ўзлари ҳам қатъий туриб буни атрофидагиларга етказишга куч топа билмайдилар.

🧖‍♀️Кўпинча қизларимиз 4 та ялтироқ кўйлакка алданиб, 3 марта учрашиб, юзини кўрар-кўрмас, гапини эшитар-эшитмас келган совчилар орасидан ажратиб кўрсатилган бир инсонга турмушга чиқади. Шундай қилиб, қизлар учун аввалига ота-оналари ҳал қилади. Сўнг ё турмуш ўртоғи. Яна ўз ҳамжинслари бўлган қайноналари. Кейин эса фарзандлари.

👉Улар танласалар ҳам доим иккисидан биттасини танлашлари керак

❗️Ҳа, шундай. 2 тасидан биттаси. Масалан, аёл ё оила, ё карьерани танлашига тўғри келади. Нимага биласизми? Чунки иш берувчилар аёлда потенциал ўсувчи, социал лифтга чиқа оладиган ходимни кўрмайди. Кўп ҳолларда карьера қилиш учун кечгача ишлаш керак, оилали аёл кўпинча бундай қилолмайди, эри рухсат бермайди, болаларини кўзи қиймайди ва у ўртамиёна ишчи бўлиб қолишга кўникади.

Ё оила ёки ўқиш.
Яна бўлмаса, ё оила, ёки иш. Ниҳоятда истеъдодли аёлларимиз бугун ўзлари истаган жойда ишлашга қурблари етса ҳам олдларига танлов қўйишганда иккисидан биттасини танлашларига тўғри келган. Агар бугун ишхоналаримизда Меҳнат кодекси сўзсиз ишлаганида эди, менимча ҳурматли эркакларимизнинг кўпчилиги аёлининг ишлашга рухсат берарди. Оилани танлаганларни мен доим қўллаб-қувватлайман албатта.

👉Улар келажакка сармоя тикадилар. Лекин буни улар рози бўлиб танлашлари керак.

Руҳан ўзидан қониқмаган аёл кўпинча асабий бўлиши, аламини болалар ва эрдан олиши, ишламагани учун иқтисодий мустақил бўлмаслиги, оилага ўзини қурбон қилинганини пеш қилиши кўп кузатилади. Ва бу ҳам ўзига яраша оилавий келишмовчиликларни келтириб чиқаради.

Яна бошқача танловлар ҳам бўлади. Дейлик, аёлнинг оилага нисбатан ишончи поймол бўлди. Унга чидасанг шу, чидамасанг катта кўча дейишади. Унинг ҳар жиҳатдан қарамлигини билишади, болаларни битта ўзи эплолмаслигини рўкач қилишади. Аксарият ҳолларда аёл чидашни ва қолишни танлайди. Ва У бу танлов йўлида ҳар куни ўлиб яшайди.

Азиза Қурбонова

Оставьте комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

ru_RURU
uz_UZUZ ru_RURU
ru_RU