«Маълумот тақдим этиш мақсадга мувофиқ эмас»

Ички ишлар вазирлиги Nemolchi.uz лойиҳасига жисмоний ва руҳий зўравонлик билан боғлиқ моддалар бўйича қўзғатилган жиноятлар сони тўғрисида маълумот беришдан бош тортди. “Сўралган маълумотни тақдим этиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблаймиз”, дейилади Ички ишлар вазирлигининг жавобида.

Бу ҳақида Nemolchi.uz лойиҳасининг бош муҳаррири хабар берди. Статистик маълумотлар Nemolchi.uz лойиҳаси доирасида таҳлилий материаллар тайёрлаш, шунингдек Ирина Матвиенко аъзоси бўлган Бош прокуратура ҳузуридаги оилавий зўравонликка қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳ доирасида тадқиқот ўтказиш учун сўралган.

Бош муҳаррир Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича 2016-2020 йилларда қўзғатилган ишлар бўйича статистик маълумотлар сўраган:

  • 103-модда (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш)
  • 103-модданинг 1-банди (Ўзини ўзи ўлдиришга ундаш)
  • 105-модда 1-қисми (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш)
  • 109-модда (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш)
  • 110-модда 1-қисм (Қийнаш)
  • 112-модда (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш)
  • 118-модда 1-қисм (Номусга тегиш)
  • 119-модда 1-қисм (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш)
  • 121-модда 1-қисм (Аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш)
  • 136-модда (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш)
  • 139-модда 1 ва 2-қисмлари (Туҳмат, шу жумладан ОАВ ва интернетда тарқатилган)
  • 140-модда 1 ва 2-қисмлари (Ҳақорат, шу жумладан ОАВ ва интернетда жойлаштирилган)
  • 141-1-модда 1 қисм (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш)

Лойиҳа бош муҳаррири, шунингдек, очилган ишларнинг қанчаси якунлангани, қанчаси томонларнинг ярашуви сабабли ёпилганлиги тўғрисида маълумот сўраган.

Ички ишлар вазирининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Шоҳрух Ғиёсов томонидан имзоланган Ички ишлар вазирлигининг жавоб хатида айтилишича: “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги” ЎзР Қонуни 6 ва 8-моддаларига кўра сўралган маълумот тақдим этилишини мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблаймиз”.

«Маълумот тақдим этиш мақсадга мувофиқ эмас»

Юқоридаги қонуннинг 6-моддасига кўра: «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш, агар мазкур ахборот қонунда белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, чеклаб қўйилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборотга тааллуқли маълумотларнинг рўйхати, шунингдек маълумотларни бундай ахборот жумласига киритиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади».

Кейинчалик Ирина Матвиенко бундай статистик маълумотлар унга нима учун кераклиги ҳақида маълум қилди. Юқорида келтирилган Жиноят кодексининг айрим моддаларига кўра жиноят иши хусусий тартибда, яъни фақат жабрланувчининг аризасига кўра қўзғатилиши мумкин. Истисно ҳолатларда, жабрланувчи ўз ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қила олмаса, прокурор мустақил равишда жиноят ишини қўзғатиши шарт. Бундан ташқари, ушбу моддаларга биноан аёлларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ яраштириш имтиёзлари берилган.

Ирина Матвиенко хотин-қизларга қарши жиноятлар бўйича ишлар жабрланувчининг аризасига кўра қўзғатилиб, кейин томонларнинг ярашувига кўра ёпилса, нималар содир бўлиши ҳақида ёзди:

  • жиноятчи жабрланувчи аризасини қайтариб олиш ёки умуман ариза ёзмаслик имконияти борлигини билади. Жиноятчи зўравонликни ҳаётий меъёр сифатида қабул қилади, бунинг учун жавобгарликдан қочиш мумкин;
  • жабрланувчи тажовузкор, қариндошларнинг босими ёки стереотиплар таъсири остида ариза ёзмаслиги ёки уни қайтариб олиши мумкин. Жабрланувчи зўравонликни хаётий меъёр деб қабул қилади
  • гувоҳлар жабрланувчи аризасини қайтариб олиши ёки гувоҳни унинг хаётига аралашганликда айблаши мумкинлигини тушунган ҳолда сукут сақлашади. Гувоҳлар зўравонликни баъзи одамларнинг танлови сифатида қабул қилишади;
  • участка нозирлари қурбон аризасини қайтариб олиши мумкинлигини билиб, иш очишни “чўзишади”. Участка нозирлари зўравонликни айрим оилаларда мавжуд бўлган меъёрдай қабул қилишади.

«Бундай ёндашув аёлларга нисбатан зўравонликка бағрикенгликни кучайтиради, бу одатий ҳолга айланиб бормоқда. Зўравонликка тоқат қилмайдиган муҳитни яратиш учун зўравонликни меъёр деб қабул қилишга йўл қўядиган механизмларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш керак», – дейди Nemolchi.uz лойиҳа муаллифи И.Матвиенко.