Болага яхшироқ қараш керак эди: Жиззах вилоятидаги қишлоқ аҳолиси 1-синф ўқувчиси билан номаъқул хатти-ҳаракатлар содир этишда айбланаётган 63 ёшли эркакнинг тарафини олмоқда

Кичкина Лазизанинг онаси 2022 йилнинг 17 февралини унутолмаса керак. Эрталаб у етти ёшли қизини мактабга юборди, кечки пайт эса ҳаётини аввал ва кейинга ажратиб юборган воқеадан хабар топди. Бу даҳшатли жиноят фожианинг барча иштирокчилари истиқомат қилаётган Жиззах вилоятидаги аҳолини ҳам иккига бўлиб юборди.
Қизчанинг сўзларига кўра, шу куни у дугонаси билан соат 11.30 да мактабдан чиқиб, уйга йўл олишган. Йўлда қизлар дўкондан сақич сотиб олмоқчи бўлишган ва айнан ўша ерда уларни боғчанинг 63 ёшли қоровули кутиб олган.
«Мен илгари ҳам унинг болаларга тегажоқлик қилиши ҳақида боғчадаги оналарнинг пичирлашганини эшитган эдим, лекин катталарга туҳмат қилиш яхши эмаслигини айтгандим» – дейди Лазизанинг онаси.
Икки қизчани учратган эркак уларга қоровулхонагача бирга боришни таклиф қилади, ўйинчоқлар ва ширинликлар беришни ваъда қилиб қизчаларни болалар боғчасига олиб киради. Ўша куни совуқ эди, боғча ишламасди. Қоровул Лазизанинг қўлидан ушлаб қоровулхонага олиб кирди, дугонаси уни ёпиқ дарвоза олдида кутиб турарди.
Қизча уйга келиб амаки каравотга ўтириб, уни тиззасига ўтқизганини, лабларидан ўпиб тилини сўрганини ва оёқларини, жинсий аъзосини силаганини ва ўзининг жинсий аъзосини кўрсатганини айтади. Қиз буларнинг барчасини сўроқ пайтида терговчиларга ҳам айтиб берган.
Қоровулхонадан чиқиб эркак Лазизани гуруҳга олиб кирган, у ерда ва ҳожатхонада ҳам етти ёшли қизча билан шу ҳаракатларни такрорлаган. Боғчадан чиқишда қизчага учта ўйинчоқ бериб, бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликни тайинлаган.
Лекин Лазиза бўлган ишларни дарҳол ўн бир ёшли опасига айтади. Опаси нима бўлганини тушунгач, ишдан қайтган онасига сўзлаб беради.
“Мен дарҳол туман ИИБ ходими ва маҳалла вакилига қўнғироқ қилдим. Уларга жиноятчини топиш қийин бўлмади, биздан ариза қабул қилишди. Улар бизга хайрихоҳдек туюлишганди. Кечқурун эрим ишдан келди, унга ҳаммасини айтиб бердим, у маҳалла инспекторини яна чақирди”.
Маҳалла инспектори Лазизанинг отасини боғча камералари ёзувларини кўриш учун чақирди, боғча мудири, маҳалла вакили ҳам камера ёзувларини кўриш учун келишганди. Видео ёзувлар боланинг сўзларини қисман тасдиқлади: қоровул икки қизчани боғча дарвозаси олдига олиб келди, бирини ичкарига олиб кирди, кейин уни гуруҳга ва ҳожатхонага олиб борди. Гуруҳда, қоровулхона ва ҳожатхонада камералар йўқ эди.
“Аввалига бу иш билан шуғулланишга ваъда беришганди, лекин охир-оқибат ҳеч нарса қилинмади. 23 февраль куни биз Бош прокуратурага қўнғироқ қилдик ва тергов яна бошланди”.
Қизнинг ота-онаси Жиззах вилоятидаги “ИСТИҚБОЛЛИ АВЛОД” ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказига мурожаат қилишди. У ерда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилди. Марказ ҳуқуқшунослари ота-оналар билан суҳбатлашишди ва психологлар қиз билан нафақат марказнинг ўзида, балки консултатив-маслаҳатларнинг мунтазамлигини таъминлаш учун телефон орқали ҳам ишлашди.
Тергов текширувлари давом этди. 28 февраль куни қизча ва гумонланувчининг буюмлари экспертизадан ўтказилди. Улар ўша куни қизчанинг узун курткада бўлганига қарамай, гумонланувчининг шимидан қизалоқ иштонининг толаларини топишди. Шунингдек, жабрланувчини психологик текширувдан ўтказишди, унинг кўрсатмалари қабул қилинди.
12 март куни Лазиза ушбу ишда жабрланувчи сифатида расман тан олинди. 12 апрель куни 63 ёшли қоровулга нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми “Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш” бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Гумонланувчи ҳибсга олингандан сўнг дарҳол гаров эвазига қўйиб юборилди, у ҳозир уйида. 25 май куни иш судга оширилди, йиғилиш санаси ҳали белгиланмаган.
Гумонланувчининг оиласи, неваралари бор. Улар бирга яшашади.
“Унинг келини болалар учун уй-боғчаси очган. Болалар унинг уйида бўлишган. Балки улар билан ҳам нимадир қилгандир. Ўйлаш ҳам қўрқинчли”.
Воқеадан сўнг уйдаги болалар боғчаси унинг эгалари томонидан ёпилган.

Айни пайтда қизалоққа нисбатан содир этилган жиноят бўйича жабрланувчининг оиласи истиқомат қилаётган маҳаллада гап-сўзлар тарқалган ва улар қизчанинг онасини айбдорга чиқаришган. Улар жиноятнинг барча тафсилотларини қаердан эшитишганлигини тахмин қилиш мумкин. Жабрланувчининг онаси бу гап-сўзлар тергов ҳаракатларида иштирок этган маҳалла фуқаролар йиғини аъзолари томонидан тарқаганлигини айтмоқда.
“Аввалига улар олдимга келиб, баъзилари ҳатто фарзандлари ўша кишининг устидан шикоят қилганликларини айтишганди. Ҳатто бир аёлнинг менинг қизимдан ҳам кичкина бўлган ўғлига бундан ҳам баттар тегажоқлик қилишган. Кейин эса улар мени айблай бошлашди. Айтишларича, қизимга яхши қарамабман, уни ёлғиз қолдирибман?! Аҳир бу ҳолат кундузи содир бўлган, мактаб ҳам уйимизга яқин…”
Маҳалла аҳолиси қизнинг оиласини ўз қишлоғининг обрўсига путур етказганликда айблашмоқда. Қолаверса, дастлаб қизни қўллаб-қувватлаган инсонлар кекса одамнинг «улар сабабли» қамоққа тушиши мумкинлигидан норози бўлишяпти.
“У қизимга тегажоқлик қилган куниёқ мен қизимни дугонасининг онасини олдига бориб, унинг қизи билан ҳам шундай воқеа содир бўлиши мумкинлигини айтдим. У қизини калтаклай бошлади, қизи нотаниш одам билан кетганлиги учун унга танбеҳ берди”.
Маҳалла аҳли йиғилиб Лазизанинг оиласини ҳақорат қилишса-да, аммо якка ҳолда унинг олдига келиб, уларнинг фарзандлари билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат содир бўлганлиги, агар пойтахтдан бир гуруҳ терговчилар келса, ҳаммасини айтиб беришга тайёр эканликларини билдиришган. Маҳаллага прокуратура вакиллари келган, лекин улар фақат маҳалла кенгаши аъзолари ва унинг раиси билан гаплашишган холос. Гумонланувчи болалар муассасасида ишлагани сабабли, нега аҳоли ва бошқа болалар сўроқ қилинмагани номаълум.
Лазизанинг онасининг айтишича, уларни Марказга юборишгани яхши бўлди, чунки у ерда ходимлар (психолог, ҳуқуқшунос) уларни қўллаб-қувватлаб, онага унинг айбдор эмаслигини тушунишга ёрдам беришган. Ҳуқуқуқшунос уларга тергов жараёнида ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.
“Марказ ҳуқуқшуносининг айтишича, айбланувчи жуда қисқа муддатга озодликдан чекланар, балки ахлоқ тузатиш ишлари билан кифояланиши ҳам мумкин экан. Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? У болаларга нисбатан шундай ишларни содир этди-ку!”
Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 129-моддасига кўра, айбдор зўрлик ишлатмаган бўлса (1-қисм), у уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
“Nemolchi.uz” лойиҳасида аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128 ва 129-моддалари таҳлил қилиниб, болалар ва ўсмирларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ҳукуматга тавсиялар эълон қилинган эди.
Лазизанинг ота-онаси суд жараёнини кутмоқда. Оила учун фақат жиноятчининг жазоланиши эмас, балки ўз маҳалласида қола олиши ҳам шунга боғлиқ. Ахир суд гумонланувчини айбсиз деб топса ёки гумондорга нисбатан енгил жазо берса, улар туҳматда айбланиб, жамиятнинг фикрига эмас, балки ўз фарзандига ишонган ва ҳимоя қилган оила сифатида яшаб турган жойларини тарк этишга мажбур бўлишади.
Марказ раиси Н.Камолованинг таъкидлашича, вояга етмаган қизларнинг кўпчилиги улар билан содир бўлган воқеаларни уйга келиб ота-онасига айтишмайди: кичкина қизлар ҳамма нарсани сўз билан тушунтириб бера олишмайди, ёши каттароқ қизлар эса ота-онасидан қўрқишади ва уялишади. “Мен қилган энг муҳим хулоса: агар фарзандга ишонмасалар, у ҳеч қачон ҳеч нарса ҳақида гапирмайди, уни айблашларидан қўрқади. Марказимизга келиб тушган мурожаатларга кўра, зўравонлик қурбонларининг аксарияти содир бўлган воқеани ўз оиласидан яширишлари ёки яқинларининг ўзлари воқеани босди-босди қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмасликлари маълум бўлди. Умид қиламизки, ушбу ҳикоя одамларни ўз фарзандларига ҳам, атрофдаги воқеаларга ҳам эътиборлироқ бўлишга ундайди” – деди марказ раиси.